Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (23-қисм)
«Салом!
Очиғи, нима деб ёзишга бошим қотган. Жуда кўп нарсаларни айтмоқчи бўламан. Лекин қўлимга қалам олишим билан хаёлимдагилар учиб кетади… Вақтни тезроқ ўтказиш йўлини топиб олдим. Ўзимни ўзим банд қилиб ташладим. Баъзи кунлари уйқудан туриб, яна уйқуга ётаётганга ўхшайман. Чунки кун бўйи бир нарсалар билан овора бўлиб, вақтнинг қандай ўтиб кетганини билмай қоламан… Кейин хурсанд ҳам бўламан. Чунки сизларникига боришим яна бир кунга яқинлашган бўлади-да… Мақтовга ёмон ўч одамга ўхшаб қолаётганга ўхшайман. Отангиз мактабда мени қаҳрамонга айлантириб юборганидан анча талтайдим… Тезроқ янги йил келсайди. Аслида, янги йилни байрам қилиш керакми-йўқми, билмайман. Одам қарий бошлаганини… Ҳозирдан бундай дейишим, балки, ўринсиздир. Чунки йигирмага ҳам кирмадим. Эҳҳе, унгача қанча бор! Мен баъзи пайтларда сизни ҳам Тошкентда деб тасаввур қилиб кўраман. Хаёлимга бир-биридан яхши ўйлар келади. Химик бўлмоқчиман. Шу, менимча, охирги қарорим бўлса керак. Аммо ўқитувчи бўлмайман. Бошқача йўл тутишни режалаштирдим. Биттаси менга автобусни назарда тутиб: «Химия билан физика манзилга элтиб қўяди», деди. Шундан бери хаёлим алғов-далғов. Ўрганганларим, ўрганаётганларим жуда озга ўхшаб туйилади. Айтишларича, ўзбек тилига нисбатан рус тилида химияга тааллуқли бўлган адабиётлар кўп экан. Шундай экан, энди кўпроқ вақтимни рус тилини ўрганишга сарфласам керак. Аммо араб тили ҳеч қачон қолиб кетмайди… Кўрдингизми, сизни зериктирадиган гаплардан қанчасини биламан! Сиз ҳам Тошкентга келасиз-а? Ўқишга. Ўшанда бошқача бўлади. Араб алифбосини ёқтирганингиз менга ҳам маъқул келди. Мана қаранг, шу ёзувда ёзяпман. Сиз билан мендан бошқа биров тушунмайди… Янги йилдан кейин, менимча, Наврўзда қишлоққа келсам керак. Кўрдингизми оралиқнинг қанчалик узоқлигини? Мен сизни уялиб қолмасин, бировларнинг олдида боши эгилмасин деб, хат ёзмаяпман. Аммо сиз ёзинг. Ҳар куни ёзинг. Ёд олмаган номард!
Фазлиддин».
Малоҳатнинг юзида табассум пайдо бўлди. У хатни ҳидлади. Антиқа ифор келди. «Атир сепганми?» дея кўнглидан ўтказди қиз. Яна ўқимоқчи бўлди. Қўрқди. Опаларидан бирортаси келиб қолишидан қўрқди. Хатни тарих китобининг орасига яширди. Чунки шу тарих сабаб улар кўришаётган эдилар.
Фазлиддин эса ўзини ноқулай ҳис этаётганди. Ўқитувчи куёви билан гаплашар ва гўё у четда эътиборсиз қолиб кетаётганга ўхшарди. Шу боисдан ҳам кетиш учун рухсат сўради.
— Аслида, сен билан жуда кўп нарсаларни муҳокама қилишимиз керак эди. Лекин шу байрам халақит бериб турибди-да. Биламан, сен яна бошқа бировларникига ҳам киришинг керак. Уйингдаям бўлишинг керак. Шунинг учунгина рухсат бераман. Аммо битта шарт билан. Бу келганинг ҳисобга ўтмайди. Байрамдан кейин ўқишга кетгунингча яна келасан. Келишдикми? — деди муаллим.
Фазлиддин учун бундан ортиқ хурсандчилик бўлиши мумкинми? Аммо соддалик қилди. Ичидагини яширолмади.
— Хўп, — дея жавоб берди ва энди ўрнидан турмоқчи бўлиб турганида, таом келтиришди: буғи чиқиб турган манти.
— Энди ризқингни ташлаб кетма, — деди устози.
Аммо Фазлиддиннинг бу ерда бўлиши куёвга ёқмади. Бурнини жийириб қўйди.
Фазлиддин уч-тўрт дона манти егач, қўлини сочиққа артди.
— Бормасам бўлмайди, — деди.
Шу пайт Малоҳат чойни янгилаб кириб қолди. Қиз Фазлиддиннинг дуога қўл очганини кўриб: «Кетманг, қолинг, биз билан янги йилни кутиб олинг», дея кўнглидан ўтказди.
У ҳатто Фазлиддинни кузатгани чиқолмади. Оғринди. Йиғлагиси келди. «Нега кетасиз? Кетаркансиз, нега келдингиз?» дея сўзларди унинг дили.
Фазлиддинга анчагача совуқ билинмади. Чунки бутун ўй-хаёлини ўқитувчисининг уйида қолган кичик қиз эгаллаб олганди.
Борса, уйдагилари телевизор томоша қилишаётган экан.
— Ҳамманикидан сенинг айланиб келишинг чўзилиб кетди, — деди отаси. Илло, унинг ўғлидан сўрайдиганлари кўп эди. Ўғил бўлса, йўқ.
Фазлиддин янги йилнинг учинчи куни Малоҳатларникига борди. Бироқ қиз билан гаплаша олмади. Ютгани, олгани Малоҳатнинг ним табассуми бўлди, холос. Муаллимга Чор Россияси бостириб келганида, хонларнинг биқиниб кетганликлари, душман билан, асосан, қўрбошилари олишганликларини, инқилобдан кейин эса кечаси қўзғолончилар «босмачилар» кийимларида қишлоқларга ҳужум қилганликлари, оддий халқнинг бор-будини тортиб олганликлари, қариялар, ёш болалар ва хотин-халажни ўлдирганликларини сўзлади. Воқеалар бир-биридан аянчли эди. Муаллимнинг кўзига ёш тўлди. «Майли, қолганини айтма, ўзим ёзиб келганларингдан ўқиб оламан», деди.
Шу билан Фазлиддин хайрлашиб чиқиб кетди. Малоҳат билан кўришгани кўнглидагидай бўлмади. Оч одамдай кетди. Аммо шунисига ҳам шукур деди. Азбаройи устозидан олган тарбияси боис шундай деди. «Аслини олганда, унга қараш мумкин эмас эди. Лекин мен қарадим. Ҳатто у мен билан кўришиш учун қўлини берди. Бунинг учун мен ҳам жавоб бераман. Фақат шу жавоби қаттиқ бўлмасайди! Худо, ўзинг кечир, қалбимдаги шайтоний ҳиссиётларни мендан узоқроқ қил», деди ўзига ўзи.
Кейинги кунлар у кўпроқ отаси билан гаплашди. Суҳбатларининг ҳаммаси диний мазмунда бўлди. Ота сўради, Фазлиддин билганича жавоб берди. Билмаганларини эса устозидан сўраб билиб келишга ваъда берди… Шунингдек, отаси уйда илгаригидай жиддий юрмайди, кўпинча ўй суриб қолади.
Фазлиддин ўқишга кетишидан бир кун аввал уни Саидумар мулла сўроқлатибди. «Олиб келинг, бир гаплашиб кўрай», дебди. Фазлиддин борди. Кейин имтиҳон топширди. Аввалига қироатдан, кейин ҳадислардан. Саидумар мулла устозини сўради. Қониқди. Дуо қилди. «Эҳтиёт бўлиб юр, билганларингни ҳаммага ҳам айтаверма. Намозингни ҳам ўқиш жойингдагиларга билдирма… Ҳозир шундай бир замонки, динни худди чўғни кафтимизда тутгандай тутиб турибмиз. Аммо буларнинг бари ўтиб кетади. Ҳаммаси изига тушади», деди.
Фазлиддин худди олдинги сафаргидай, бошқалардан бир кун олдин Тошкентга йўл олди. Чунки эртаси куни ур-йиқит бўлишини биларди.
Шу куни у чин кўнгилдан дам олди. Ётоқхонага борганидан кейин кийимларини алмаштириб, ўзини каравотга ташлади. Шу бўйи ярим кечаси уйғонди. Ювиниб келди. Аммо уйқуга тўймаганини ҳис этди. Онаси бериб юборган егуликлардан бироз тотинган бўлди. Сўнг намоз ўқиди-ю, уйқуга ётди. Бомдодни бой берди. Бунга ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Кеча асрдан кейин ухлаб қолиб, шомни ўтказиб юборган экан. Мана, яна бомдод намозини ҳам ўтказиб қўйибди. Ўзиям роппа-роса соат ўн иккида уйғонибди. Аммо у энди тетик эди…
Шундан кейин унга бундай ухлаш насиб этмади. Одатдагидай, бир-биридан тиғиз кунлари бошланиб кетди. Роппа-роса бир ой деганда эса, ётоқхонадан чиқиб кетди. Бунга учинчи қаватда яшайдиган Олия исмли қиз йигитини арқон орқали деразадан тортиб олаётганига гувоҳ бўлганлиги сабаб бўлди. Кечаси эди. Соат тахминан ўн бир билан ўн иккининг ораси. У деразани очди. Негадир юраги сиқилганди. Тоза ҳаводан нафас олмоқчи эди. Шу пайт шўх кулги ва сўзлашувни эшитиб қолди. Деразадан секин эгилиб қараса, бир йигит арқонда тепага кўтариляпти.
— Тезроқ бўлинг, кўриб қолишади! — дерди қиз. Сўнг қиқирлаб куларди.
Демак, бу болани вахтёр киргизмаган. Умуман, бола вахтёрнинг ёнига бормаган. Борса, у ҳушёр тортиб қолади. Шу боисдан ҳам орқа тараф деразасидан… Қиз билан олдиндан келишиб олишган… Бу бола қизнинг хонасига чиқиб олганидан кейин нима бўлади? Ҳа, шундай, шундай…
«Мен бу ерда яшамайман, — дея шу заҳоти кўнглидан ўтказди Фазлиддин, — гуноҳлар оғирлигини кўтариб юролмайман, квартирага чиқиб кетаман», — деди.
Аслида, деразани очиб, хонани бироз шамоллатганидан кейин Қуръон ўқимоқчи эди. Ўқиёлмади. Кейин у: «Мабодо Малоҳат шу ерда яшаганида ва мен бошқа бир жойда ўқиганимда, мана шундай тунда келсам-у, у мени арқон билан дераза орқали тортиб олармиди?» дея ўйлади. Сўнг: «Йўқ, мен бундай қилолмасдим… Аммо шайтон бор, шайтон нималарни қилишга мажбур этмайди. Шундай экан, кеккаймаслигим, ғўдаймаслигим керак. Энг яхшиси, бу ердан узоқ бўламан… Худо менга бу манзарани бекордан-бекорга кўрсатмади. Бунинг тагида қандайдир ҳикмат бор», дея кўнглидан ўтказди.
Эртасига тушлик танаффуси пайтида Олияни кўрди. Ранги қандайдир оқариб қолган эди. Дугоналари билан эмин-эркин гаплашмаётганди. Ўйга толиб юрганга ўхшарди. Шундан Фазлиддин кеча кечаси нима воқеалар содир бўлганлигини тахмин қилди. Тахминини ичига ютди. Бировга бир нарса демади.
Уч кун деганда билим юртидан тахминан бир бекат наридан квартира топди. Ўзининг ўқитувчисининг уйи. Адабиёт ўқитувчиси ҳовли олибди. У жуда ўзига қарайдиган аёл. Киборлардай юради. Яна аёл боши билан машина ҳайдайди. «Жигули». Бу ўша пайтда ўта ноёб ҳодиса эди. Айтишларича, унинг эри энг юқори ташкилотда ошпаз экан. Бош ошпаз. Шунинг учун бу аёл ғўдайиб юраркан…
Аёл Фазлиддиннинг хаёлини ўқиб олгандай эди.
— Ўғлим, мабодо таниш-билишларингнинг орасида квартирада туришни хоҳлайдиганлар йўқми? — деди.
— Бор. Менинг ўзим-да, — дея жавоб берди Фазлиддин.
— Нима, ётоқхона ёқмай қолдими? — сўради аёл.
— Ётоқхона яхши. Лекин қизларнинг орасида яшаш қийин экан.
Ўқитувчи кулди.
— Мазамасми? — дея ҳазиллашди.
Фазлиддин эса бирдан қизариб-бўзарди.
— Биламан, сен ниҳоятда тартибли боласан. Майли, агар хоҳласанг, кейинги ҳафтанинг шанбасида кўчиб ўта қол. Айтганча, квартира пулини бероласанми? — деб мийиғида кулди аёл.
Аслида, бу аёлнинг квартирадан пул олиб яшашга куни қолмаган. Эрининг топиши зўр. Эри ҳар куни уч юз-тўрт юз сўм топади. У нафақат ошпаз, балки ўртага тушиб иш битирувчи ҳам. Битирган ишларидан ош ҳақи олади. Тўғрироғи, у келишувнинг устига ўз фоизини қўймайди. Ишни битириб берганлар олганларидан унинг ҳақини ажратиб беришади. Шуниси аёлнинг эри учун қулай. Сабаби, обрўси ошади… Энди иш битириш ҳар куни ҳам бўлавермайди. Ойда икки-уч марта бировларнинг ҳожатини чиқаради. Ана шунда олганларини ўттиз кунга бўлса, тахминан шунча пулдан бўлади.
Улар ер олиб, уй қуришди. Лекин қурган уйлари учун сариқ чақа ҳам ишлатишмади… Йўқ, йўқ, ёлғон бўлмасин, жуда харажат қилишмади десак, уят бўлади. Сабаби, бир-икки маротаба усталарнинг еб-ичишлари учун бозорлик қилиб беришди. Қолган пайти ошпаз ўзининг ишхонасидан орттирганларини кўтариб келиб уларга берди ва: «Сизлар ҳам бир маза қилинглар. Мана, катталар нима еб, нима ичишади!» деди.
Қурилишни ПМК ишчилари бажаришди. Ғиштни ғишт заводи, цементни цемент заводи, шиферни шунга алоқадор бўлган корхонадан келтиришди. У ёғи қандил заводи, мебель ишлаб чиқарувчи ташкилот, гилам, идиш-товоққа алоқадор бўлганлар ҳам қараб туришмади. Охирида эса ободонлаштириш ташкилотининг ишчилари келишди. Турли хил кўчатлар, гул, ноёб ўтлардан экишди.
Нозик жойда ишлайдиган эр хотинини бошлаб борди.
— Хоним, сизга ер олганлигимни айтгандим. Бор-йўғи ўн сотих, шу ерга билмай уй қуриб қўйдим, юринг, бир кўрасатаман, — деди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)