Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (24-қисм)

Боргач, аёлнинг оғзи ланг очилди.

— Адаси, тушимми ё ўнгимми, бу гиламларнинг қип-қизиллигига қаранг, бу қандиллар, гулқоғозлар таърифига тил ожиз, чинни идишлар… Войбў! Келинг, адажониси, келинг, бир бағримга босай!

— Энди, биласиз, бизнинг қўлимиздан бор-йўғи шу келади, гарчи кўп пул тополмасак ҳам, бир-иккита уйни тикка қилишни амаллаймиз, — дея елкасини қисиб қўйди эри.

— Камтарлигингиз ҳам бор бўлсин. Сиз топган пулларни мен ишлатиб адо қилолмайман-у!

— Тисс, — дея унинг лаблари устига кўрсаткич бармоғини босди эр жонивор. — Чет элнинг ялтираган гулқоғози ёпиштирилган бўлса ҳам, бу деворларнинг қулоқлари бор!

Улар шу ҳовлига «дом»дан ҳеч нарса кўтариб боришмади… Энди шу қолдирган уйларига битта яхши, ишончли қоровул керак эди. Бунинг учун Фазлиддин энг яхши номзод.

— Билмадим, — дея елкасини қисиб қўйди Фазлиддин, — неча пул беришим керак?

— Вой, ўзимнинг жоним болам. Ҳазиллашдим. Пулингнинг умуман кераги йўқ. Шу уйдаги нарсаларга қараб турсанг бўлгани. Яна тозалик муҳим. Юриш-туришингдан шуни биламанки, ўтирган жойингни озода тутсанг керак, — деб Фазлиддинга тикилди ўқитувчи.

Эҳ, эсдан чиқиб кетибди. Бу аёлнинг исми-шарифи Хонзода. Ҳамкасблари «Хонзодахон» дейишади.

— Ҳаракат қиламан тоза тутишга, — дея бошини эгди Фазлиддин.

— Яна битта гап. Мабодо, кўнглинг суст кетиб, бирорта қизни…

Бу гапни эшитиши билан Фазлиддиннинг бутун вужуди жимирлаб кетди. Лаблари титради. Юзи баттар қизарди.

— Опа, — деди у бошини кўтармаган кўйи, — мен ётоқхонада қола қолай.

— Ҳай, ҳай, ҳай! Мен эҳтиёт шартдан айтдим. Ўғил боласан. Айни қайнайдиган ёшга келдинг. Бундай пайтда йигитнинг хаёлига нималар келмайди? Ўзимиз сенинг ёшингдан ўтганмиз. Мен сенга огоҳлантириш маъносида айтдим. Аммо сенинг бундай иш қилмаслигингга ишончим комил.

Фазлиддин жавоб бермади.

У айтилган куни ўқитувчисининг уйига кўчиб ўтди. Уч хонали. Яшаш учун ҳамма нарса муҳайё. Фақат масаллиқ келтирса бўлди.

Дастлабки кунлар унга қийин бўлди. Ҳартугул, бегона жой, кўниколмади. Бироқ аста-секин ўрганиб кетди. Қайтага, энди унга яхши бўлди. Биров нега кеч келяпсан, демайди. Биров унинг хонасини ҳар куни текширгани келмайди. Қачон туради, қачон ётади, ўзининг ихтиёрида.

Унинг кунларига мазмун киргандай бўлди. У араб тилининг жуда катта қисмини ўрганди. Устози билан эмин-эркин араб тилида гаплашадиган бўлди. Бироқ булар ҳали кам эди. У рус тилида оқсаётганди. Яна химияни ўзлаштириши қийин кечарди…

У яшайдиган хонадонда кундан кунга китоблар кўпайиб борарди. У китобларни тезда ўқиб чиқар, бироқ ўзи излаган нарсаларни, барибир, тополмасди.

Мусумончилик қонун-қоидаларини анча ўзлаштириб олган Раъно чин кўнгилдан ёрдам беришга уринарди. Фазлиддин у берган вазифаларни бекаму кўст адо этарди-ю, бироқ, барибир, қийналарди.

— Сиз ҳаддан зиёд кўп нарсани бир вақтнинг ўзида ўрганиб олмоқчисиз. Лекин бундай бўлмайди. Миянгизда жой қолиши керак. Бўш жой. Ана шунда қўшимча нарсага эҳтиёж туғилади, — деди бир куни Раъно.

— Уни қандай топаман? — дея сўради Фазлиддин алам билан.

— Дам олиш орқали. Тоққами ёки шунга ўхшаш бирор жойга боришингиз керак. Миянгиздагиларни бир сидириб, барини чиқариб ташлашингиз керак. Ана шунда сиқилиб қолган ақл толаларингиз кенгаяди. Аввалгидан зўр ишлай бошлайди, — деди Раъно.

— Тоққа? Ким билан бораман? Бўстонлиқ дейдиган бўлсангиз, мен у ернинг номинигина эшитганман.

— Уч-тўрт кунда баҳор келади. Биз курсдошлар билан бормоқчимиз. Ташаббускори ўзимман. Агар хоҳласангиз, сиз ҳам қўшилишингиз мумкин. Мен курсдошларимга укам дейман.

— Эй, қўйинг, мен қизларнинг орасида юролмайман.

— Фақат қизлармас, курсдош болалар ҳам бўлишади. Шанба куни борамиз, якшанбада қайтамиз. Шундай дарёнинг бўйида дала ҳовлилар бор.

— Бўпти, — деди Фазлиддин.

Улар бутун гуруҳ бўлиб чиқишган экан. Битта Фазлиддин бегона. Ўзи Тошкент совуқ эди. Ҳартугул, ҳали кўйлакда юришга эрта. У ёқ ундан ҳам совуқ экан. Дала ҳовли шу гуруҳда ўқийдиган боланинг ота-онасига тегишли экан. Йигирма беш ўғил-қизни қучоқ очиб кутиб олишди. Отанинг ё чорваси кўп, ёки у ўта ҳотамтой. Дарров бир эмас, икки қўчқорни бўғизлади. У ёғи тўйлардагидай узун стол қилинди. Ҳали шўрва, ҳали кабоб, ҳали ош пиширишяпти. Ҳаммаёқ қий-чув. Бироқ бунинг ҳам қандайдир гашти бор экан. Студентлар бир-бирлари билан ҳазиллашишади. Қувлашади. Яна бир жойда копток ўйнашяпти. Кейин анавиндан ҳам бир жойларда бир-иккитаси ютиб келди. Мезбоннинг отаси автобус топиб келди. Улар шу автобусда сув омборининг тепасига чиқиб кетишди. У ёқдан пиёда тоққа ўрмалашди. Биров қор топди, бошқаси лола. Кейин шу ёқда ҳам ўчоқ осилди. Буни қарангки, гитарада қўшиқ айтадиганлари ҳам бор экан.

Улар қоронғи тушиб одам одамни кўрмайдиган пайтгача ўтиришди. Ҳатто гулхан ёқишди.

Кейин ҳамма чарчаб, ҳолдан тойиб, автобусда қўналғага қайтиб келишди… Эртанги кун ҳам завқли ўтди. Пешиндан сўнг студентлар электричкага ўтиришди…

Фазлиддин ижара уйга оқшом тушганда кириб келди. Вужудида чарчоқ бор эди. Бироқ руҳи енгил тортгандай эди. У сафар давомида Раънонинг бир боладан сира айрилмаганига гувоҳ бўлди. Улар жуда кўп гаплашишди. Ҳатто тоғда гулхан атрофида ҳам ёнма-ён ўтиришди. Фазлиддин ҳадди сиғиб, ким у, нега бир-бирларингга ёпишиб олгансизлар, деб сўрай олмади. Раънонинг бошида рўмоли бор эди. Рўмолни бўйни билан қўшиб ўраганди. Устидаги кийимни ҳам кенгроғидан кийишга ҳаракат қилган-у, аммо, барибир, кўйлаги қадди-қоматини билдириб қўйган. Аслида, очиқ-сочиқ кийинганлардан кўра, мана шундай либосдагилар кўпроқ эркакларни ўзларига тортишади. У Фазлиддиндан уялиб юрди. Фазлиддин бўлмаса, у ўша бола билан хотиржам гаплашади. Мабодо, кўриниш бериб қолса, дарров узоқлашади…

Химиклар ўзларини жуда баланд тутишларини Фазлиддин уларнинг ораларида юриб билди. «Агар дунёда химия бўлмаса, яшашнинг имкони йўқ», дейишарди улар. Фазлиддин уларнинг сўзларига тўла-тўкис қўшилмасди. Бироқ гапларида жон бор…

Малоҳатдан хат келибди. Курсдош қизлардан вахтёр хотин бериб юборибди.

Фазлиддин номани олиб, очилган-очилмаганини текширди. Қизлар тегинишмабди. Араб ҳарфларига кўзи тушди. «Ақли ишлабди», дея кўнглидан ўтказди ва ўқий бошлади. Чунки ҳали дарс бошланмаган, у охирги партада бир ўзи ўтирарди.

«Ассалому алайкум!

Яхши етиб олдингизми? Сиз кетишингиз билан хат ёзмоқчи бўлдим, лекин нимагадир калламга тузукроқ гап келмади. Тўғрироғи, ўзингиз айтгандай, қаламни олишим билан ёзмоқчи бўлганларимнинг ҳаммаси ҳавога учиб кетаверди. Лекин янги йил кечаси сал қолса тутилиб қолаёздим. Иккала опам бирданига ҳужумга ўтишди. Аммо қутулишнинг йўлини топдим… Шоколадингиз жуда ширин экан. Олдинига ундан Саидага ҳам бермоқчи бўлдим. Қарасам, бўлмайди. Кейин укаларимга… Йўқ, уларга ҳам бермадим. Чунки уйдагиларга: «Опам зўр шоколад берди», деб қўйишлари мумкин эди. Шунинг учун мактаб бошлангунча сабр-бардош билан чидадим. Эсингизда бўлса, синфимизда Муяссар деган қиз бор эди… Шошманг, балодай эсласангиз керак, у билан битта тадбирни олиб боргансиз. Бошловчилик қилгансиз. Ўшанда у сизни роса мақтаганди. Шунга илинаман деб ният қилдим. Бир ичи куйсин, тўғрими? (Ҳазил). Ундан кейин мактабимизга сизнинг синфдошларингиз келишди. Ҳунар-техника билим юртидан қайтишаётган экан. Қизларингиз билан бирга. Қизиқ томони, улар ўзларини жуда катта тутишди. Худдики, қайсидир институтнинг студентларидай. Кейин болалар футбол ўйнашди. Қизлар биз билан озгина гаплашишди. Яна бир ғалати томони, менга тагдор қилиб: «Биз билан зўр болалар ўқиган-да», дейишди. Жаҳлим чиқди. Аммо индамадим. Муяссар бўлса: «Ҳалиям бирга ўқийсизлар, шекилли», деди. «Ажралиб кетганлари ҳам бор-да», деб улар қиқирлашиб кулишди… Сиз тўғрингизда отам мактабда бу сафар негадир ҳеч нарса демади. Аммо сиз қолдириб кетган нарсаларни ўқиб, кун бўйи ўйланиб юрди. Сизни: «Роса ҳаракатчан бола, фақат тўғри йўлни топиши керак. Бефойда нарсалар билан ўралашиб қоладими, деб қўрқаман», деди. Мен ўша бефойда нарса нима эканлигини билолмадим… Сиз қайси касбни танламоқчисиз, шуни росаям билгим келаяпти.

Мана кўрдингизми, бир ёзсам, мени тўхтатиб бўлмайди. Хайр!

Малоҳат».

Фазлиддиннинг юраги гупурлаб уришга тушди. У худди Малоҳатни кўриб тургандай эди.

— Арабчами?

Фазлиддин бирдан бошини кўтарди. Ёнида сочини калта кестирган гуруҳдош қиз турарди. У гуруҳнинг энг чиройли қизларидан бири эди.

— Ҳа, — деди Фазлиддин жиддий оҳангда.

— Нима деб ёзилган?

— Арабчани, барибир, тушунмайсиз.

— Сиз таржима қилиб берасиз.

— Шартмас. Кейин мендан бошқага тааллуқли ҳам эмас.

— Хатни ким ёзган? Ким бизда арабчани билиб, арабчада ёзади?

— Жудаям билгингиз келаяптими?

— Ҳа.

— Нега?

— Билмасам.

— Қўйинг, билмаганингиз маъқул.

— Хўп, мазмунини айтарсиз.

— Мазмунини нима қиласиз?

Қиз қизарди. Бу пайтда синфдагиларнинг ҳаммаси улар томонга қараб туришарди.

— Хат чиройли экан. Мен арабча ҳарфларни бунча чиройли бўлади деб сира ўйламаган эканман. Шунга, балки, мен ҳам ўрганарман демоқчийдим.

— Бунинг учун бировнинг номига келган хатни билиш шарт эмас. Кейин сизга зарурати туғилмайди. Сиз ўзимизнинг кириллчада чиройли ёзасиз.

— Агар, — деган овоз келди синфхонанинг олд томонидан, — Дилдора сизни севиб қолган-у, сизнинг қўлингиздаги қоғозда севги-муҳаббат ҳақида ёзилган бўлса-чи?

Фазлиддиннинг ёнида турган Дилдора шу заҳоти қизарди.

— Ирода, нималар деяпсан? — деди у биринчи партада ўтирган сочини иккита қилиб ўриб олган қизга.

— Айтдим-қўйдим-да. Фазлиддинни жуда сўроққа тутаётганингга шундай деб ўйладим-да, умуман, ҳамма шундай хаёлда.

Синфхонадан «тўғри, тўғри», деган овозлар эшитилди.

— Бекор гап, — деб бирдан Дилдоранинг ёнини олди Фазлиддин, — Дилдора азбаройи арабчага қизиққани учун суриштиряпти. Бизнинг сўзларни ҳам араб алифбосида ёзса бўлармикан, демоқчи эди. Лекин шу гапни айтолмади-да. Мана шуниси тўғри.

— Ҳа, — дея бошини қимирлатди Дилдора.

— Энди ҳамма билиб қўйиши учун айтаман. Бу хатда математикадаги баъзи масалалар ва уларнинг ечимлари тўғрисида ахборот берилган, — дея яна гапини давом эттирди Фазлиддин.

— Нима, шуни ўзбекчада ёзса бўлмасмиди?

— Масала ўрта асрларда ҳам ўрганилган. Мен ўша пайтлардаги китобларда қандай ёзилган бўлса, шундайлигича кўрсатинг дегандим. Китоб республика марказий кутубхонаси архивида сақланади. Қўлга берилмайди. Шунинг учун менга кўчириб бериб юборишибди.

Фазлиддиннинг шу гаплари ҳаммани хотиржам қилди.

— Раҳмат, — деди Дилдора қутулганига шукур қилиб, — бўлмаса, булар мени ўртага олиб роса абгор қилишарди.

У шу сўзларни айтаркан, бировга кўрсатмай кўзини қисиб қўйди.

Шу пайт ҳамма бараварига эшик томонга юзланиб ўрнидан турди. Айни пайтдан фойдаланган Дилдора тезлик билан Фазлиддиннинг қўлини маҳкам ушлади.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: