Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (26-қисм)

— Илмга берилганингиз яхши. Бироқ шу илм билан ҳам жисмингизга ўлар даражада зулм қилсангиз, айбдор бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Ахир танангизни Аллоҳ сизга маълум муддатга омонатга берган. Уни қийнаб, азоблаб ишлатсангиз, гуноҳкор бўласиз. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Вақтида дам олиб, вақтида ишлашни ҳам билиш керак…

Фазлиддин унинг сўзларини тасдиқлаб, бошини қимирлатди.

Уйга келганидан кейин ҳеч нарса қилмасдан анча муддат шифтга қараб ётди. Ўзининг кеча ва бугун қилган ишларини сарҳисоб қилди. Сўнг қараса, яна ухлайдиган. «Пешингача ухлаганинг камлик қилдими, ярамас, тур ўрнингдан!» деди ўзига ўзи.

Эртаси куни у одатий ҳолига қайтганди.

Мартнинг биринчи ҳафтаси ўтганидан сўнг, кураш бўйича республика биринчилиги бошланди. У шаҳарда иккинчи ўринни олганди. Демак, республика босқичига чиққанди. Шу боис мусобақада қатнашди. Бироқ бу сафар ҳам бир марта ютқазди ва учинчи ўринни олди. Учинчи ўрин иккита эди. Ярим финалда ютқазганларга учинчи ўринни беришарди. Улар иккита бўлиши табиий эди.

— Сен СССР чемпионига ютқаздинг. Сен кураш билан шуғулланаётганингга етти-саккиз ой бўлган бўлса, унинг суяги болалигидан курашда қотган. Қара, ўзиям роса чаққон экан. Қанақасига улоқтирма, оёғи билан тушади, худди мушукдай, — дея устози унинг кўнглини кўтарди.

Эртаси куни Фазлиддиннинг яна битта сурати билим юрти деворига илинди. «Бизнинг — фахримиз. Кураш бўйича республикада учинчи ўринни қўлга киритган», деб ёзиб қўйилганди.

О-о-о, шундан кейин бечора Фазлиддиннинг ошиқлари сони янада ошиб кетди. Бироқ ҳаммаси зимдан эди. Ошкор бўлишига Фазлиддиннинг жиддийлиги йўл бермасди.

У Малоҳатдан яна бир хат олди. Буниси ҳам араб ёзувида эди. Фазлиддин олдинги ҳолат такрорланмаслиги учун номани уйига борганидан кейин ўқиди.

«Ассалому алайкум!

Битта одам ёзса-ю, ёзганига жавоб олмаса, жуда қийин бўларкан. Кейин бир-бирини тушуниб юриш ҳам оғир экан… Мен яхши юрибман. Отам сизни мақтаганидан кейин сиздан ортда қолмаслик ҳаракатига тушиб қолганман. Бунинг учун уйдагилардан гап ҳам эшитиб олдим. Чунки Саида опам ҳам ўқишга киришни астойдил мақсад қилиб олган. Кеча-ю кундуз китобдан бошини кўтармайди. Уй ишларига қарамай қўйди. Кейин мен ҳам шунақа бўлиб қолдим. Натижада иккаламиз ҳам гап эшитдик. Мен кўпроқ. Чунки опам бу йил мактабни битиради-да. Гоҳида унга ичим ачийди. Китоб билан ухлаб, китоб билан уйғоняпти. Мен энди у чалғимаслиги учун ҳам ҳаракат қиляпман. Айни пайтда ўзимни ҳам унутганим йўқ. Сизнинг келиб-кетишингиз қандайдир қўшимча куч беряпти… Нега бундай гапларни ёзаётганимга ҳам ҳайронман. Бизга ўзингиз яхши биладиган баҳор кириб келди. Ҳамма баҳорни яхши кўради. Мен ҳам, аммо баҳор одамни ланж қилиб қўяди. Кеча ялпиз териб келдим. Бир челак. Ялпиз пичакни яхши кўрсангиз керак. Наврўзга тайёрлаб қўяман. Менимча, сиз энди ўшанда келсангиз керак. Қизиқ ҳолат, йилда тўрт марта келаркансиз. Жудаям оз эмасми?.. Анави куни отам яна сиз тўғрингизда сўз очди. «Олдинги олиб келгани даҳшатли гаплар эди. Шу ёшимда мен қийналдим. Ваҳоланки, шунга ўхшаган гапларни илгари кўп эшитганман. Этим ўлган. Агар бехабар одамлар билишса, нима бўлади?.. Лекин билишимиз шарт бўлган нарсалар. Фазлиддин Наврўзда нима хабарлар олиб келар экан?» деди. Демак, отам ҳам сизнинг келишингизни кутяпти… Айтганча, Наврўздан бир кун олдин район марказига бориб, кўргазмада қатнашарканмиз. Синф раҳбаримиз айтди. Кўргазмали мусобақа бўларкан. Наврўз таомлари… Ҳар йили мактабда бўлади-ку. Шуни бу йил районда ҳам ташкил қилишаётганмиш. Мен ҳам бораман…» Фазлиддин хатнинг шу ерига келганида бошини кўтариб: «Мен ҳам», деб қўйди ва яна ўқишга тутинди. «Бу йил бизнинг мактабдан ҳунар-техника билим юртига ҳеч кимни олишмас экан. Ўтган йили сизникилар роса тўлдиришибди. Яхшиям, дейман, ичимда. Агар бу йил ҳам ҳамманг борасан, дейишганида нима қилардим?.. Кўрдингизми, роса эзмалик қилдим. Агар мен билан кўпроқ гаплашиб қолсангиз, қочиб кетсангиз керак. Майли, яхши юринг. Энди Наврўзгача ёзмайман. Сабаби гап йиғишим керак.

Малоҳат».

Фазлиддин ўқиб бўлганидан кейин ҳам анча вақт мактубга тикилиб ўтирди. Ўқиганлари Малоҳатнинг овозида қулоғининг остида жаранглагандай бўлди. Шунинг учун хатни яна бир марта ўқимоқчи бўлди-ю, бироқ ўзидан қизғанди. Шунақаси ҳам бўларкан. Гоҳида ўзингга тегишли бўлган нарсани ўзингдан қизғанаркансан.

У Наврўз эртароқ келишини кута бошлади.

Ўша куни у ошхонада китобларга кўмилиб ўтирарди. Дарс қилаётганди. Олдида ўнта китоб ва тўртта умумий дафтар бор эди. Ўқир, луғатга қарар, дафтарга ёзарди. Кейин яна шу аҳвол такрорланарди.

Бировлар учун Хонзодахон, бошқалар учун опа бўлган адабиёт ўқитувчиси уй эшигини ўзининг калити билан очди. Унинг ёнида қизи ва водийлик дугонаси бор эди. Аммо уларнинг кирганини Фазлиддин сезмади. Қилаётган ишини берилиб давом эттираверди.

Ўқитувчиси уни кўриши билан ортидан кириб келганларга «тисс!» деди кўрсаткич бармоғини лаблари устига қўйиб. Кейин ошхона томонга имлади.

Ҳамма Фазлиддиннинг ўтиришини кўриб, мийиғида кулди. Кейин улар Хонзодахоннинг ортидан юриб, у бир пайтлар ётоқ қилган хонага киришди…

Тўғрисини айтганда, ўқитувчи мутлақо бошқа нарсани кутганди. Унинг назарида ҳаммаёқ ивирсиб, остин-устун бўлиши керак эди, бироқ кўрган манзараси бутунлай бошқача бўлиб чиқди. Ётоғи у кетаётганида қандай бўлса, ҳозир ундан-да тартиблига ўхшаб кўринди. Ҳаммаёқ чинни-чироқдай, бир жойда гард йўқ.

— Қара, — деди у қизига паст овозда, — ўғил бола бўлса ҳам, қанчалик тартибли қилиб қўйибди! Сенлар бўлса, битта ишни айтсанг, тўқсонта гап қиласанлар.

— Ойи-и-и…

— Бўлди, бўлди, нима дейишингни биламан.

— Ўртоқ, — деди Хонзодахоннинг водийлик дугонаси, — секингина кетганимиз яхши. Қара, маза қилиб дарс тайёрлаяпти. Иккаламиз ҳам студент бўлганмиз, лекин бировнинг бунчалик дарс қилаётганини кўрмаганмиз.

— Ҳа, сен билан манга Худо бошқа томондан берган. Ўзбекистонда сендан зўр шоира йўқ. Ўзиям ҳар куни телевизорда чиқиш қиласан… Эсингдами, қўлимда икки ойлик чақалоғим билан дарсга борганим, — деди Хонзода кўзлари қувнаб.

— Ҳа, қизинг бутун гуруҳимизнинг қизи бўлиб қолганди. Тавба, қизғаниш нималигини билмасдинг.

— Чунки роса чарчардим. «Қўлимдан боламни биров олиб турса, дам олволардим», дердим ўшанда. Уйни кўрдик, кетдикми энди?

— Ҳа, яна ўқувчингга билдирмай чиқиб кетамиз.

Аммо бундай бўлмади. Улар кетмоқчи бўлиб эшик ёнига бораётганларида, Фазлиддин олдида турган стакандаги сувни ичмоқчи бўлди ва оёқ учида юрганларни кўриб қолди.

— Эй, — деди ва сапчиб ўрнидан турди.

— Халақит бердикми? — дея сўради Хонзода жилмайганча.

— Қачон келдинглар? Кўрмай қолибман.

Фазлиддин бироз қизарди. Қизарганини яшириш учун кўзини олиб қочди.

— Сени бундай дарс тайёрлаб ўтирганингни биз билмадик. Билганимизда, кирмасдик. Мен эшикни ўзимнинг калитим билан очдим. Фикрингни буздикми, энди вақтингни ҳам оламиз.

— Майли, бемалол.

— Қалай, кўникиб қолдингми?

— Ҳа.

— Уй катталик қилмаяптими?

— Билмадим. Сезилмаяпти. Кўпинча шу ерда ўтираман.

— Ҳа, тузук. Овқатга қийналмаяпсанми?

— Йўқ. Тўрт хил овқатни биламан. Шуларни навбатма-навбат қиламан.

— Нима овқат экан?

— Биринчиси, тухум қовуриш, иккинчиси, сут пишириш, кейин мастава, охирида картошка қовуриш…

Эшик ёнидагиларнинг ҳаммаси бараварига кулиб юборишди.

— Қойил! Жуда кўп биларкансан. Майли, ўзим сенга боплаб битта ош қилиб бераман, — деб ошхонага кирди Хонзодахон ва музлаткичнинг эшигини очиб бошини сарак-сарак қилди, — оббо, масаллиғинг йўқ-ку. Начора, ошни энди бошқа вақт ейсан.

У Фазлиддиннинг елкасига қўлини қўйди. Йигитнинг юзига хушбўй атир ҳиди урилди.

— Сендан хурсандман. Ишқилиб, кўз тегмасин. Одатда, сал бировни мақтасанг, тўрт кунда айнийди-қолади.

— Йўқ, бу бола унақага ўхшамайди. Келгунимизча роса мақтагандинг. Мақтаганингча бор экан, — деб Хонзодахоннинг водийлик ўртоғи илмоқли тарзда йўталиб қўйди.

— Хола, — деди бирдан Хонзодахоннинг қизи.

— Ҳа, нима қилибди? — дея кулди Хонзодахон. — Яхши ният — ярим мол.

— Унда ман кетдим.

Қиз югуриб уйдан чиқиб кетди. Икки дугона унинг ортидан қиқирлаб кулишди. Фазлиддин ҳам нималарнидир тушунгандай бўлиб бошини эгди.

— Эҳ! — деди водийлик дугона. — Хўп ажойиб ёшлигимиз ўтиб кетди-да. Кетдикми?

Ёлғиз қолган Фазлиддиннинг ўқигиси келмай қолди. Аммо у китоб-дафтарларини йиғиштирмади.

«Кайфиятинг йўқми, Қуръон ўқи, ишинг юришмай қолдими, Қуръон ўқи», деган эди устози. Ўзи, аслида, у муқаддас китобни биринчи навбатда олдига қўйиб қўймоқчи эди. «Мабодо бирор жойда ақлим ишламай қолса, ўқийман», деганди. Бироқ китоб-дафтарларини олиб келгунича эсидан чиқиб кетибди. Мана ҳозир яна хотирлади.

Химиядан ўрганиши жонланиб қолди. У қийин фаннинг паст- баландини аста-секин англаб ета бошлади. Қолаверса, Раъно ҳам чин кўнгилдан ёрдам берарди. Ҳа, айтганча, эсдан чиқибди. Раъно ўша Фазлиддин танимайдиган йигит билан гаплашгани учун ундан кечирим сўради.

— У менга севги изҳор қилди. Мен йўқ дедим. Аммо тушунишни истамади. Ҳоли-жонимга қўймади. Уйингизга совчи жўнатаман, деб туриб олди. Шундан кейин унга ҳамма нарсани тушунтириб беришга мажбур бўлдим. Ўшандай пайтлари мен унинг яқинида бўлишга мажбур эдим. Қолаверса, асло холи қолмадик. Хадича опадан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Яна ўрганишда давом этяпман. Энди шунча нарсаларни билиб туриб ҳаддимдан ошайми? Аммо сиздан хурсанд бўлдим. Чунки укамдай мени қизғандингиз, — деди.

Шу билан улар иккиси яна апоқ- чапоқ бўлиб кетишди. Раъно уни ўзининг ўқитувчилари билан таништириб қўйди. Ўзи билмайдиган нарсаларни ўргатишларини илтимос қилди. Бироқ ўқитувчилар уни менсимади. «Ҳали биз ўргатадиган даражага келмаганга ўхшайди. Ўзингиз мактаб дарсликларидан ўргатинг», дейишди.

Фазлиддинга уларнинг гаплари жуда оғир ботди. Кейин мана сенларга, деб ўқишга шунақанги қаттиқ берилдики, бир йиллик дарсни бир ойда тўла-тўкис ўзлаштириб олди. Сўнг навбатдаги йилга кўчди. Раъно уни қайтарди.

— Барака топгур, бунақада чарчаб қоласиз. Ўзингизга раҳм қилинг, — деди.

Лекин бу гаплар Фазлиддинга таъсир қилмади.

— Ҳолимни ўзим биламан. Мен билан домла яна олти ойдан сўнг ҳисоблашади, — дея ғўддайди.

— Ўзимнинг ақлли, қайсар укагинам, — дея эркалади Раъно. Сўнг Хадича опага секин шипшитди. «Бир ёнингизга чақириб, танбеҳ беринг, мен сира тўхтата олмаяпман. Бунақада ўзини бирор дардга гирифтор қилади», деди. Хадича опа Раънодан эшитганларини эрига айтди. Эри:

— Индаманглар, шиддатини сусайтириб қўйманглар. Ҳозир унинг ёши ҳар қанча оғирлик бўлса кўтаради. Пайти келиб, ўзи дам олишга вақт ажратади. Мен унга айтмасам ҳам, ҳар куни битта сура ёдлаб келяпти. Яна ёдлаганини олдингиларига қўшиб тиловат қилади. Дуодамиз. У шундай ҳаракат қилаяптими, демак, Худонинг ўзи шуни истайди, — деди.

Шу билан Фазлиддин аввалги шиддатда илм олишни давом эттирди.

Бу ёғи ҳаш-паш дегунча Наврўз ҳам келиб қолди. Бу сафар Фазлиддин Малоҳатнинг отасига «Зафарнома»дан маълумот тайёрлади. Тўғрироғи, Камол Шондан кўчириб олди. У кўп эмасди. Бор-йўғи ўн беш саҳифа эди. Амир Темур ҳазратларининг туғилиши, болалик даври ҳақида. «Топганим шу, — деди Камол Шон. — Қолганига ҳали улгурмадим. Аммо домла форс тилидан китобнинг ярмигача таржима қилиб қўйибди. Худо хоҳласа, униям ундираман.

Фазлиддин асардан парчани уйига олиб келиб, икки нусхада кўчирди. Бир нусхаси Малоҳатнинг отасига, яна биттаси ўзи учун эди.

Малоҳат эса уни интиқлик билан кутарди. Бир куни ярим кечаси ҳатто йиғлади. Йиғисини ҳеч кимга кўрсатмади. «Соғиндим», деди унинг лаблари.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: