Пушкин Қуръон ўқиганми?

Пушкин Қуръон ўқиганми?

Бобоси Иброҳим Ҳаннибал Пётр I га хизмат қилганидан Александр Сергеевич ғурурланиб юрар, ўзининг ҳамиша шарққа интилиши кучли эди. Шарққа маҳлиёлик, муқаддас Қуръондан таъсирланиш унинг бир қанча асарларида акс этган. Хусусан, «Арзрумга саёҳат» китобида шоир «дарял» этимологиясига тўхталиб, бу сўз қадимий форс тилига оид «дарвоза» маъносини билдиришини айтади. Шунингдек, мазкур асарда у бир қишлоққа келиб, карвонсаройдаги одамлардан от сўраганини келтириб ўтган ва уларга айтган иборасини ёзган: «Вер менга от!» (туркий ўғиз – хоразмликлар шевасида: «Бер менга от!»).

Пушкин ижодида Шарқ мавзуси, архив ҳужжатларини ўрганиш асносида, қолаверса, Кавказга борганида туркий тилларни, ўғиз шевасини ўрганишга киришганини ҳам айтиб ўтиш керак.

Умуман олганда, Пушкинда Шарқ мавзусига қизиқиш катта бўлиб, у араб, форс, туркий тиллардан русчага таржима қилинган асарларни ўқиб борар ва улардан таъсирланиши натижасида шарқ мавзуларида шеър, достонлар битар, рус назмини янги оҳанглар билан бойитар эди.

Бундан ташқари Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» асари В.А.Жуковский томонидан русчага таржима қилингач, рус адабиётида ҳам шу ва бошқа шарқона асарлардан таъсирланиш натижасида «Уруслан Лазаревич деган шонли баҳодир ҳақида достон» номли асар юзага келган. Профессор Н.Гудзийнинг «Хрестоматия по древней русской литературе ХI – XVII вв» номли асарида (М, 1947, 439-бет) ёзилишича, «Шоҳнома»нинг бир қанча сюжетлари туркий халқлар орасида кенг тарқалган, оғиздан-оғизга кўчиб юрган ва улар орқали рус фольклорига кириб борган. Кейинчалик, XVIII аср охирида яратилган «Уруслан Лазаревич ҳақида қисса» ана шу йўл билан ўтиб, кучли ўзгаришга учраган «Рустам ва Суҳроб» («Фирдавсий «Шоҳномаси»нинг бир қисми – У.Б.) достонининг бир вариантидир». Пушкин бу достондан таъсирланиши натижасида ўзининг «Руслан ва Людмила» достонини яратади.

Бундан ташқари Пушкин ва М.Ю.Лермонтов ижодида яна «Боқчасарой фонтани», «Бўстончи овули», «Кавказ асири» сингари шарқ мавзусидаги рус кишиси билан шарқлик инсоннинг ўзаро дўстлашуви ва муҳаббатини тараннум этувчи асарлар ҳам юзага келганди.

Пушкин ижодидаги «Ҳофиздан», «Арабий асарга тақлид», «Қуръонга тақлид» шеърларида шарқона ва исломий руҳ яққол акс этганини кўрамиз. Масалан, «Қуръонга тақлид» шеърида:

Мардона бўл, алдовлардан ҳазар қил,

Ҳақ йўлидан бардам ташлагин одим…

дейилса, «Арабий асарга тақлид» шеърида:

Бир умр уятчан бўлмагин,

Эй нозик навниҳол йигитча.

Ўша исён ўти танимиздадир,

Бир ҳаёт тарзи-ла яшаймиз икков…

деган сатрлар бор.

Пушкин ва Қуръон мавзусини тадқиқ қилган рус шарқшуноси И.С.Брагинский «Пушкин шарқ мотивлари, жумладан, Қуръон образларида декабристлар қўзғолони арафасида қаҳрамонлик ғоясини, фидойилик кураши ва букилмас матонатини ифодалаш учун бадиий шакл топган» («Народы Азии и Африкии» журнали, 1965, 4-сон, 124-бет) деб ёзган эди.

Табиийки, «Пушкиннинг Шарқ мотиви асосида ўз ғояларини ифодалашига бу бир баҳона, шунчаки бир усул бўлиб хизмат қилди», дейиш нотўғри бўларди. Бу ўринда Пушкинннинг шоирлик қудрати шарқона руҳ ва маънони ўз ўқувчиларига туҳфа қила бориб, кўнглидаги гапларни айтишга йўл топгани, рус адабиётига шарқона оҳангни олиб кирганидадир.

У, айниқса, Ҳофиз Шерозийнинг «Бўстон» асаридан шунчалик таъсирланганки, «Бу чашмадан биз кабиларнинг кўпи сув ичган. Улар кетдилар – оламдан кўз юмдилар: нега энди бу карвонсаройга кўнгил боғлайлик, дўстлар кетдилар, биз ҳам йўлдамиз» деган байтини «Боғчасарой фонтани» достонига эпиграф қилиб олади.

Шу билан бирга Вяземскийга ёзган мактубида «ўзаро айтганда, достоннинг ўзи эътибор қилишга арзимайди, лекин эпиграфи ажойиб! Албатта у бутун достондан устун туради, мени ўзига ром этди. Саъдий ва Ҳофиз қалами яратган пинҳоний сирлардан хабардор бўлганимга қадар менинг шеърларимда нашъали жиҳатлар ва ҳаётсеварлик ҳиссиёти камроқ кўринарди» дея камтарлик билан ўзининг асаридан ғуруланиб кетмаган ҳолда Ҳофиз ҳамда Саъдий асарига катта баҳо беради.

Шарқ шоирлари ва Қуръоннинг Пушкинга бунчалик таъсир қилишига сабаб, Александр Сергеевич уларда ўзининг руҳий ҳолатини ифодаловчи моҳиятни кўриб, англаб билганлигида эди.

Маълумки, декабристлар қўзғолони бостирилгач, шоирнинг бу дўстлари ҳар томонга – кимдир сургунга, кимдир ўлимга дучор қилинди. Бу борада Саъдийнинг байти ажиб бир ихчамлиги билан Пушкин қалби тубидаги садони акс эттира олган, ҲАҚИҚАТни Қуръон, Саъдий байтлари аллақачон олам ва одамларга айтиб кетган эдики, бобоси мусулмон бўлмиш Иброҳим Ҳаннибалдек инсоннинг авлоди – Пушкинни бу ҳолат ғоят ҲАЙРАТга солди. Бу ҳайрат эса нафақат шарқ адабиёти билан танишишга, балки Шарққа, Ўрта Осиёга талпинишга ҳам ундади.

1833 йил сентябрида Пушкин Ўрта Осиё билан чегарадош Оренбург губерниясига бориб, у ерда яшовчи мусулмонлар ҳаёти билан бевосита танишди, ўзаро мулоқот қилиб, губернатор Перовский қурдирган мусулмонлар масжидида намоз ўқилишига, Қуръон тиловат қилинишига шахсан гувоҳ бўлди. Бу ҳолат унинг ижодида акс этиб, «Қуръонга тақлид», «Арабий асарга тақлид» шеърларини ёзишига илҳом берди.

 

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи

Дўстларингизга ҳам юборинг: