Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (27-қисм)

Худди шу куни Фазлиддин ухламаётганди. У Малоҳат ёзган хатни яна бир марта ўқиб чиқди-да, дераза ёнига бориб, ташқарига термилди. «Бизнинг қишлоқда узоқларга қараб бўлмайди. Уйлар ҳаддан зиёд пастқам, қарасанг, қўшнингнинг уйидан нарисини кўрмайсан. Бу ерда ҳам аҳвол шундай. Ўн-ўн беш қадам нарида кўп қаватли уй қаққайиб турибди. Шундан нарини кўролмайсан. Ҳозир вақт ярим тундан ўтди. Ҳамма ухлаяпти. Анави бир-иккита уйнинг чироғи ёниб турибди. Бу хонадон эгасининг бедор ўтирганини англатмайди. Шунчаки, у ўқитувчи ёки дўхтир. Чунки улар учун чироқ текин, шу боис чироқни ўчиришни тез-тез эсларидан чиқариб қўйишади… Лекин шу ердан узоқларга термилишнинг иложи бўлганида эди!»

У жойига қайтиб келиб ўтирди. Малоҳатнинг хатини яна бир марта ўқиркан, қизгинанинг опаси тўғрисида куйиниб ёзганига эътиборини қаратди. «Мен қандай ёрдам беришим мумкин?.. Агар Саида опа ўқишга кирса, фойдаси тегади. Фақат фойдаси… Балки тегмас, у ўқишга кирганидан сўнг ўзи билан ўзи овора бўлиб қолар. Аммо шуниси ҳам яхши. Малоҳат билан кўришиш имконияти кўпаяди. Эртага Раъно опа билан гаплашиб кўраман. Ҳар қалай, ўқишга кирган, қандайдир тўсиқлардан ўтган… Балки пул билан киргандир. Отаси келган-у, қайсидир домланинг чўнтагини тўлдирган, кейин қизи осонлик билан ўқишга кириб кетган. Йўқ, унақа бўлмаса керак, чунки Раъно опа курсдошларига қараганда билимлироқ ва интилувчан. Шунинг учун ўқишга кирган бўлса керак», деб ўйлади.

Эртасига у университет ётоқхонасига борди. Раъно дугоналари билан нималарнидир баҳс қилаётганди. У Фазлиддинни кутмаётганди. Чунки бугун йигитчанинг келадиган куни эмас. Очиқ-сочиқ ҳолда ўтирарди. Ҳа, у хонасига кириб олганидан сўнг дугоналарининг олдида бемалол ўтирарди. Қаватда ўғил болаларнинг ҳам хоналари бор. Бироқ Раъно ва унинг хонадоши ўранганидан кейин уларнинг эшигини беҳудага тақиллатмайдиган бўлишди. Бу эса қизларга аввалгидан ҳам кўпроқ эркинлик берди. Турмушга чиқишга шай турган қизлар оила тўғрисида баҳслашаётганди. Раъно Хадича опадан олган таълимларидан кейин эрта бир кун эрга тегса, тўла-тўкис эрининг ҳамма ҳукмларига бўйсунишини айтар, аммо дугоналари бунга рози бўлишмаётганди. «Йўқ, оилада эр-хотин тенг бўлиши керак. Бўлмаса, бундай оила узоққа бормайди. Ҳар битта масалада эр хотини билан маслаҳатлашиши керак», дейишарди. Худди шу пайтда уларнинг эшиклари тақиллаб қолди-ю, сал бўлмаса, Раъно шу уй кийимида эшикни очиб юборай деди. Агар дугоналари: «Устингга бирор нима ташлаб ол», дейишмаганида, очарди ҳам.

— Вой! — деди у ва шоша-пиша лямканинг устидан бошқа кўйлагини кийди. Кейин рўмолини ўраб, эшикни очди.

— Безовта қилдим, шекилли, — деди Фазлиддин.

— Нега? Менинг укам ҳеч қачон мени безовта қилмаган. Фақат сал шошмай туринг, қизлар ўзларига қараб олишсин.

Раънодан бошқа фақат битта хонадоши ўранган. У шошиб қолди. Бошқалари жойларида хотиржам ўтиришарди.

Ичкарига кирган Фазлиддиннинг юзига хушбўй атир ҳиди урилди.

Фазлиддин салом бериб, эшикка яқинроқда турган стулга ўтирди.

— Жуда вақтида келдингиз, Фазлиддин, — дея кулди қўшни хонада яшайдиган Феруза исмли қиз, — биз бир тўхтамга кела олмаяпмиз. Сиз замонавий ўғил бола сифатида айтинг-чи, оилада эркак хўжайин бўлиши керакми ёки хўжайинликни аёли билан бирга бўлишгани маъқулми?

— Мен билмайман. Бизнинг уйда отам якка хўжайин, ҳамма баробарига итоат этади. Уйимиз тинч, хотиржам… Кейин масалалар анча олдин ҳал этиб бўлинган. Шунга амал қилиш керак, тамом-вассалом. Бу худди кўп хотинликдай гап. «Ўзингизга ёққанларидан иккитадан тўрттагача аёлга уйланинг, — дейилган, — адолат қила олсангиз. Илло, адолат қила олмассиз». Бу қатъий гап. Ҳеч қанақанги талашиш-тортишишга ўрин қолдирмайди. Аммо одамлар ўзларининг онглари билан бир нарсалар дейишади ва хатога йўл қўйишади. Мана, масалан, сизларнинг ҳаммангиз химиксиз. Қани менга айтинг-чи, бутун дунё химиклари йиғилиб, оддий дарахтнинг баргини ясай олишадими? Йўқ. Шундай экан, нима деб амр этилган бўлса, шунга бўйин эгинг.

Қизлар бир-бирларига қарашди.

— Аммо менинг фикримча… — дея Феруза энди гап бошлаган эди, Фазлиддин уни тўхтатди:

— Сизнинг фикрингиз, менинг фикрим, бошқаларнинг фикрлари ҳеч бири қимматга эга эмас. Шунинг учун баҳслашиш, тортишиш билан умрни ҳавога совургандан фойда йўқ. Раъно опа, сизда ишим бор эди. Агар мумкин бўлса, йўлакда гаплашсак.

Раъно Фазлиддиннинг сўзларидан сеҳрланиб қолганди. «Иккинчи, учинчи хотин?! Бунисига мен рози бўлолмайман», дея ўйлаётган эди. Шунинг учун Фазлиддиннинг кейинги гапларини англаёлмай қолди. Йигитча эса гапини такрорлади.

— А, хўп, юринг, — дея дарров ўрнидан турди у.

Улар йўлакка чиққанларида ичкарида яна тортишув бошланиб кетганди.

— Опа, қишлоқда менинг битта устозим бор. Унинг қизи бу йил мактабни битиради. Ўқишга кирмоқчи. Қандай ёрдам берсам бўлади? — дея киприкларини пирпиратди Фазлиддин.

— Сиз ҳеч қанақа ёрдам бера олмайсиз. Чунки унинг учун ўқиб, унинг учун имтиҳонга кира олмайсиз. Пора эса гуноҳлигини мендан яхши биласиз. Демак, битта йўли бор. Ўзи ўқиши керак.

— Опа, — дея кулди Фазлиддин, — шунчалик расмий гапирдингизки, шу Раъно опами ёки қайсидир идорада ишлайдиган одамми, деб ўйладим.

Раъно ҳам қиқирлаб кулиб юборди.

— Тўғри, — деди сўнгра, — қайси факультетга ўқишга кирмоқчи ўша устозингизнинг қизи?

— Менимча, филологияга.

— Адабиётни, она тилини ўқиши керак… Менимча, яна тарих бўлса керак… Аммо тўртинчи фан қайси бўлишини билмайман. Яхшиси, бундай қилайлик. Менинг битта дугонам бор. Бирга ўқишга топширганмиз, у филологияга кирган, мен бу ёққа. Ундан бир сўраб кўрайлик: нимани қандай қилган экан?

— Юринг, унда.

— Ҳозирми?

— Ҳа. Чунки, ҳозир бормасак, яна бир кун йўқотилади. Ётоқхонада турадими у ҳам?

— Аввал ўзим бир сўрасаммикан?

— Шуниямми? Жуда бир сирли нарсани сўрамаймиз-ку. Юринг, йўқ деманг.

— Хўп, сиз пастга тушаверинг, мен хонадошим билан бораман.

Филологияда ўқийдиган қиз классик адабиётни ўқишни тавсия қилди. «Бу ўзгармас, — деди. — Кейин шпаргалкадан фойдаланиши керак. Ҳозирча улар йўқ. Лекин имтиҳонлар арафасида ҳаммаёқ тўлиб кетади. Аввалги учта имтиҳондан осонлик билан ўтган тақдирида ҳам, тўртинчисидан йиқитишади. Тўртинчисига чет тили қўйилган. Ундан фақатгина гаплашганларгина ўта олишлари мумкин. Бизнинг ҳамма мактабларимизда чет тили нолдан сал юқорироқ даражада ўқитилади. Чет тилини зўр билганлар эса филологияга кирмайди», деди у.

— Сизнинг ўзингиз-чи, ўзингиз қандай киргансиз? — деб сўради Фазлиддин.

— Омадим келган. Ундан кейин мен ҳам шпаргалкадан фойдаланганман. Иншодан беш, оғзакидан беш олганман. Тарихдан тўрт ва француз тилидан уч олганман. Шундай қилиб, ўн етти балл билан ўқишга кирганман.

— Шпаргалкани ҳозир топишнинг иложи борми?

— Ҳа, бизнинг курсдошлар шу иш билан шуғулланишади. Ёзда улар уйларига кетишмайди. Пул ишлашади. Бир сўраб кўраман.

Қиз сўраб-суриштириб, топиб берди. Курсдошлари битта шпаргалкани беш сўмдан сотишди. «Мавсум бўлмаганлиги учун, таниш бўлганлигингиз учун арзон сотяпмиз», дейишибди.

Фазлиддин яна мардикор бозорга чиқишга мажбур бўлди. Икки кун кетма-кет чиқди. Жуда кўп пул топмади-ю, ҳар ҳолда, сотиб олган шпаргалкаларининг ўрнини қоплади. Кейин шпаргалкадан фойдаланиш гуноҳ ёки гуноҳмаслигини устозидан сўради.

— Агар тўғридан-тўғри кўчириб олса гуноҳ. Чунки бунинг учун меҳнат қилинмайди. Бировни алдаган ҳисобланади. Аммо уни ўзига бир йўналиш қилиб олса ва унинг тартибида ўрганилса, гуноҳ эмас. У ҳам китобнинг саҳифаларига ўхшайди. Аммо сиз учун шпаргалканинг ҳожати йўқ, — дея жавоб берди устози.

Фазлиддин уйига қайтадиган кун келди. Жуда тез келди. Аммо шу заҳоти уни ўй босди. Чунки бу пайтда қайтадиганлар жуда кўп бўлади-да…

Қишлоқ… қишлоқдаги уй бошқача. Қишлоқнинг ҳавоси шаҳарникидан анча тозароқ. Қишлоқ зўр. Аммо барибир қишлоқ қишлоқ-да.

Фазлиддин аср билан шом оралиғида қишлоғига кириб борди. Деҳқончилик авжига чиқибди. Ҳамма томорқасида бош кўтармай кетмон чопяпти. Картошканинг олди уч-тўрт қулоқ бўлган, бу ёғи энди кўкариб келяпти. Фазлиддиннинг назарида бу йил одамлар томорқаларига киришни жуда эрта бошлаб юборишганга ўхшарди. Одатда, бундай пайтда картошка-пиёздан бошқаси экилмасди. Бу йил эса экилибди. Ҳатто бировлар помидор кўчат экканига ҳам гувоҳ бўлди.

Уйида энг муҳим воқеа отасининг мутлақо ўзгаргани бўлибди. Отанинг пешонасида ёнғоқ катталигидаги қора, холга ўхшаш «тамға» пайдо бўлиб қолибди.

— Отанг оқшом соат бирдан кейин эрталабгача ухламайди. Намоз ўқийди. «Қарзларим жудаям кўпайиб кетибди. Бу шундай қарзки, ўзимдан бошқа ҳеч ким адо этолмайди», дейди. Ишдан ҳам бўшаб олди. Намозига халақит бераркан. Бунинг ўрнига ўн гектар ер олди. Звено бўлдик. Пахта экарканмиз. Яна бешта сигир сотиб олди. Ҳаммаси болали. «Бунча молни қандай боқасиз? Уйдаям бештаси бор эди-ку!» десам: «Ишинг бўлмасин, пахтанинг ичидан чиққан бегона ўтларнинг ўзи уларни боқади», дейди, — деди онаси шивирлаб.

Бу пайтда уйда Фазлиддин онаси билан ёлғиз ўтирарди. Чунки у борганида уйда онасидан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Отасининг «хол»ини ҳам онаси айтди. Чунки ҳали Фазлиддин падарини кўрмаган эди.

Яна битта ўзгариш бўлибди, Фазлиддиннинг оиласида сингиллари ва опаси (онаси илгаридан) рўмолсиз юрмайдиган, фақат кенг кўйлак киядиган одат чиқаришибди. Тўғрироғи, ота шунга мажбур қилибди. «Қиёматда мен сенларни деб жаҳаннамга кирмайман, даъюс бўлишни истамайман», дебди.

Кечга яқин ота келди. Илгаригидай Фазлиддин билан қўл бериб кўришмади. Ўғлини бағрига босди. Пешонасидан ўпди. Сўнг ўзи тўрга чиқиб ўтирди.

— Эй-й, — деди салом-аликлардан сўнг, — лайлак ҳайдаб юраверган эканмиз. Сен айтмаганингда, шу ҳолимда ўлиб кетишим ҳам ҳеч гап эмасди. Мулла бобо роса уришди. Мана энди балоғатга етган пайтимдан бошлаб то шу кунгача бўлган қазо намозларимни ўқияпман. Қарзингни адо этмай туриб, таҳажжуд намозини ўқимайсан, деди.

Фазлиддин отасини қўллади. Хурсандлигини ошкор этди.

— Болам, бундай ўйлаб қарасам, билиб-билмай қилган айбларимиз роса кўп экан. Онанг агент айтгандир ишдан бўшаганимни, — деди Фармон ака.

Фазлиддин жавоб бермади. Бунинг ўрнига кулиб қўйди.

— Эй-й, мажлисдан бўшамай қолдим. Ярим кечасиям мажлис, тонг саҳардаям мажлис. Раиснинг уйида товуғи тухум қўйсаям мажлис, мушуги бевақт туғсаям мажлис. Шу керакми менга, дедим-да. У ёғини ўйлаб қўйганман. Саккизта сигир бор. Бир литрдан сут берса, саккиз литр бўлади. Беш литрдан берса, қирқ литр бўлади. Ундан қанча сариёғ чиқади, қанча чакки (сузма) оламиз! Сотсак, қанча пул бўлади? Энг зўр томони — емиши текин. Чунки ўн гектар пахта майдонидан қанча бегона ўт чиқади. Хуллас, иш ҳам, пул ҳам бор. Энг муҳими, биров бошингни қотирмайди. Ишингни боплаб қўйсанг бўлди. Лекин ёш элликдан ўтгандан кейин кўп қазони ўқиш қийин бўларкан, — деди ота кулиб.

Шундан сўнггина у ўғлидан ўқиши тўғрисида суриштирди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: