Апрель ойида қандай об-ҳаво кутилаётгани ҳақида маълумот берилди
Апрел ойида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши давом этади. Ҳудуднинг катта қисмида апрел ойининг ўртача ҳарорати март ойига нисбатан 5-7 даражага юқори бўлади. Республиканинг шимоли ва чўл ҳудудларида ҳаво тезроқ исийди, бунда ўртача ҳарорат март ойидаги кўрсаткичлардан 8-10 даражага юқори бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет прогнозларини эълон қилди.
Бу йил апрел ойи қуруқ ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади. Биринчи беш кунликда ҳаво 15-20 даража илиққача исийди, кечалари ҳарорат 5-10 даража илиқ атрофида бўлади. Бу даврда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Текислик ҳудудларида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида 2-3 апрел кунлари ёмғир ёғиши мумкин.
Ойнинг биринчи ўн кунлигининг иккинчи ярмида ҳарорат асосан кечалари 8-13 даража илиқ, кундуз кунлари 18-23 даража илиқ бўлади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кечалари 2-7 даража илиқдан 10-15 даража илиққача, кундуз кунлари 13-18 даража илиқдан 25-30 даражагача ўзгариб туради. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлади.