Тошкентда “Автомобилсиз кун”: Транспорт вазири автобусда кетмоқда, Рақамли технологиялар вазири бир соат пиёда юриб ишга етиб олди… (видео)

Тошкентда “Автомобилсиз кун”: Транспорт вазири автобусда кетмоқда, Рақамли технологиялар вазири бир соат пиёда юриб ишга етиб олди… (видео)

Бугун Тошкент шаҳрида Экология вазирлиги ташаббуси билан илгари сурилган “Автомобилсиз кун” тадбири бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир доирасида кўпчилик амалдорлар ходимларига намуна кўрсатиш мақсадида жамоат транспортидан, шунингдек, велосипедлардан фойдаланиб, ишга келди. “Дарё” автомобилсиз кун акциясида фаоллик кўрсатаётган амалдорларнинг сурати ҳамда видеоларини жамлади.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.
Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Дастлаб тармоқларда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг яёв юргани кўринган суратлар тарқалган бўлса, кўп ўтмай Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев метрода кўриниш берди.

Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев.
Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Аширматовнинг “Дарё”га билдиришича, Илҳом Маҳкамов бугун акцияда фаол иштирок этиб, ишга жамоат транспортида келган.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Қўшимча қилинишича, бугун нафақат вазир, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳамда ўринбосарлари — Жасурбек Чориев ва Илҳомжон Абдуғаффаровлар ҳам ишга бориш учун автобусни маъқул кўрган.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

“Автомобилсиз кун” лойиҳасида фаоллик кўрсатиш учун метрода юришни ихтиёр этган Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев ҳокимликнинг барча ходимларига ўрнак бўлган шекилли, кузатувларимизга кўра пойтахт туманларидан фақатгина Чилонзор тумани ҳокимлиги масъуллари, ходимлари бугун жамоат транспортида, шунингдек, пиёда юриб, ишга келган. Ҳокимлик ахборот хизмати фото ва видеолар тарқатар экан унда туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари акс этганини урғулайди. Шунингдек, ҳокимликнинг барча ходимлари ва тумандаги ташкилот раҳбарлари ҳам акцияда фаол эканини маълум қилган.

Спорт вазири Адҳам Икромовнинг светофорсиз пиёдалар йўлакчасида автомобилларнинг йўл беришини кутиб тургани кўринган видео тарқалгач, унинг ишга қандай етиб олгани билан қизиқдик.

Фотоколлаж: “Дарё”

Вазирлик ахборот хизматида фаолият юритувчи Беҳруз исмли масъулнинг “Дарё”га билдиришича, Адҳам Икромов бугун 93-автобус хизматидан фойдаланиб, ишга етиб олган.

Рақамли технологиялар вазирининг матбуот котиби Шерзод Аҳматовнинг “Дарё”га маълумот беришича, вазир Шерзод Шерматов уйидан ишхонагача бўлган масофани бир соатда яёв босиб ўтган. 

Фото: Шерзод Аҳматов

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳам тадбирда фаол мансабдорлардан бири бўлди. У ишга велосипедда етиб олди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Автомобильсиз кун” ташаббускори бўлган Экология вазири Азиз Абдуҳакимов давлат раҳбари раислигидаги видеоселекторга хизмат автомобилида борган.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳманбоева вазирнинг бугун, соат 12:00 гача “Автомобильсиз кун” иштирокчиси бўлмаганига изоҳ беришича, президент селектори жуда вақтли бошлангани боис, вазирнинг жамоат акцияси иштирокчиси бўлиши селектордан кейинга режалаштирилган.

Айни пайтда вазирнинг селектордан чиқишини кутиб турибмиз. Кўплаб ОАВ вакиллари ҳамроҳлигида вазир метрода ишга кетиши ва йўлда барча журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериши режалаштирилган. Таҳририятга фото ва видеолар тақдим қиламиз, — дейди “Дарё” журналисти билан телефон орқали мулоқот қилган масъул.

Тошкентда “Автомобильсиз кун” акцияси давом этмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: