Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (52-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (52-қисм)

Фазлиддин қайтиб жойига ўтирди. Шокир билан Одил бироз қовоқларини уйди-ю, бироқ бу ҳам узоққа бормади.

— Менга қара, — деди Шокир навбатдаги гўшт бўлагини еб, ёғ бўлган бармоқларини бир-бир яларкан, — Лондон қандай шаҳар экан?

— Умуман, жудаям зўр десам бўлмайди, аммо бошқача, — деб унга қараб қўйди Фазлиддин. — Дунёнинг ҳамма миллатидан одам борга ўхшайди. Айниқса, қора танлилар. Улар шунчалик кўпки, баъзан: «Лондон инглизларнинг ватаними ёки қора танлиларники?» деб ўйлаб қоласан.

— Йўғ-э! — дея бурнини ёғли қўли билан силаган бўлди Шокир.

— Ҳа, шундай. Яшаши… Менимча, улар тиним нималигини билишмайди. Доим қаерларгадир шошишади…

— Қизлар-чи? — дея Фазлиддиннинг гапини бўлди Одил.

— Қизларини баъзан ажратиб бўлмайди. Худди ўғил болаларга ўхшаб кийиниб юришади. Умуман, болалари ҳам шунақа. Сочларининг икки томонини қиртишлаб олиб ташлашади-да, ўртасини қолдиришади. Яна уни худди хўрознинг кокилидай қилиб гел билан қотириб қўйишади. Кейин дунёда қанча ранг бўлса, шунча рангга бўяб олишади. Жинси шимларининг шу тепа қисми озроқ соғ, қолган ҳамма жойини илма-тешик қилиб олишган. Худди уларнинг тагига бомба келиб тушгандай. Кейин кўчаларда қизлар билан йигитлар билган ишларини қилиб юришади. Биров бир нима демайди. Ҳатто баъзи қизлар яланғоч таналарига шунчаки тўр ташлаб олишган. Хуллас, у ёғи шармандагарчилик. Аммо дўконларида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бизда фақат таниш-билишлари бор, оталари бой болалар киядиган оппоқ кроссовкалардан тортиб, юз сўмдан сотиладиган энг зўр жинси шимларгача тиқилиб ётибди. Магнитофонлар, видеомагнитофонлар арзимаган пулга сотилади. Бошқа дўконлариям шундай, ҳамма нарса тиқилиб ётибди.

— Даҳшат-ку! — деди Алишер.

— Зўр! Шу, битта лекин томони бор-да. Энди инглизлар билан жуда кўп гаплашганим йўғ-у, аммо билганларнинг гапларига қараганда, умуман меҳр-оқибат йўқ экан.

— Кечқурунлари айлангани чиқмадингми? — деб сўради Шокир.

— Йўқ, чиқмадим. Рухсат беришмади. Лекин тунги манзара жуда чиройли эди. Ҳаммаёқда турли-туман чироқлар ёнган… Хуллас, кўриниши бошқача.

— Машиналари-чи? — сўради Алишер.

— Машиналар ҳам минг хил. Одамнинг тушига ҳам кирмайдиганлари бор. Ундан кейин уларда машина обрў эмас экан. Ҳатто катта-катта заводларнинг эгалари ҳам жуда оддий юришаркан.

— Бойлар кўпмикан?

— Кўп. Лекин ҳамма нарса арзон. Одам ҳам арзон. Энди қайси маънода? Ички дунёси, юриш туриши, гап-сўзлари арзон… Қаттиқ нон есак ҳам, ўзимиздан қўймасин. Кейин яна бир-иккита нарса сўрасанглар, хўроз гўшти совиб, мазаси қочади. Олинглар…

Аммо жўраларининг сўрайдиганлари кўп эди. Шу боис «у қанақа экан, бу қанақа экан?» дейишда давом этишди. Охири бориб, ҳамма гап-сўзлар қизларга тақалаверди…

Уларнинг суҳбатлари чўзилгандан-чўзилди. Аввал қуёш ботди, кейин қоронғи тушди. У ёғи ярим кеча бўлди. Ана шундан кейингина Фазлиддин «кетаман»га тушди. «Роса чарчадим, ҳали беш-ўн кун юраман, гаплашамиз», деди.

У уйига келганида, оиласидагиларнинг бари аллақачон ухлаб қолишган экан. Айвондаги чироқдан бошқа ҳаммаси ўчирилган экан.

У ўзининг хонасига кирди. У ерда укаси ҳам бўлиши керак эди. Бироқ ука ташқаридаги каравотга чиқиб кетибди.

Кеча раис ва унинг «шайка»си роса маст бўлиб қолганлиги сабаб байрам тадбири эртанги кунга қолдирилган экан. Фармон ака нонушта пайти чидаб туролмади, Омонқул раисни бир-икки марта сўкиб юборди. «Молдан фарқи йўқ, текинини топса, юмалаб ичади, бўкиб қолгунча ейди», деди. Кейин Фазлиддинга: «Пешинга яқин дала шийпонида бир кўриниш бергин-да, уйга қайтиб кел. Жа кўпчиликнинг орасида юраверсанг ҳам яхши эмас», деди.

У отасининг айтганини қилди. Бориб, асосан, маст-аласт юрганларни кўрди. Ҳаммаси Фазлиддинга ёпишди. Уларнинг ҳидига бечора бола зўрға чидар эди. Уйига қайтиб келди-ю, чўмилиб олди. Чунки кўпчилиги унинг юзидан ўпган, Фазлиддиннинг назарида, унинг ўзидан ҳам ароқ ҳиди келаётганга ўхшарди. Шу боис чўмилди, кийимларини алмаштирди.

Асрга яқин эса уйларига мулла бобо келди. Фармон ака тўнғич ўғли Фахриддинни мулла бобонинг қишлоғига жўнатиб, чақиртириб келибди.

— Қаранг, менга болам нима олиб келибди! — деди Фармон ака Фазлиддин келтирган Қуръонни кўрсатиб.

Уйда дастурхон тўшалган, егуликлар қўйилган эди. Ёши аллақачон етмишдан ошган мулла бобо қўйилган ноз-неъматларга мутлақо эътибор бермай, орқасига ёстиқ қўйиб деворга суянганди. У Қуръони каримни кўриши билан ўрнидан сапчиб турди. Китобни икки қўллаб ушлади-ю, унга юзини босди. Шу заҳоти кўз ёшлари дувиллаб оқа бошлади. Бир нималар демоқчи бўлади, аммо гапиролмайди. Кейин юзидан китобни олмаган ҳолда секин ўтирди. У гапирмасди. Энди китобни юзидан олиб, унга термилиб ўтирарди.

— Аллоҳга минг қатла шукур! — деди орадан анча вақт ўтиб. Шу муддат мобайнида Фармон аканинг бўлари бўлди. У нима хаёлларга бормади, дейсиз…

— Мен ҳам хурсанд бўлдим, — дея зўрға гап топиб гапирди Фармон ака.

— Қуръон келибдими, демак, бу ёғи кам бўлмаймиз. Бу ёғи аслимизга биз ҳам қайтамиз, — дея энди жилмайди мулла бобо.

— Мен, шу десангиз, кечадан бери роса овораман. Бу ёғи меҳмонларнинг кети узилмайди. Бўлмаса, кечанинг ўзида сизга хабарини етказардим.

— Аъу’зу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм! — деб мулла бобо китобни очди ва бирдан кўзлари қувнади. — Буни қаранг, Фармонбой, ҳамма зер-у забарлари жой-жойида экан! Биз Қозон босмасини ўқирдик. Қийналардик. Шу арабларда чоп этилганини кўрармиканмиз, деб орзу қилардик. Сизга ўғлингиз бир тоғ олтиндан-да қиммат бойлик келтирибди, муборак бўлсин! Қуръон очилганидан кейин у, албатта, ўқилиши шарт, — деб мулла бобо «Фотиҳа» сурасини ўқиди. Кейин Фармон акага юзланиб:

— Айбдор шу ердами? — деб сўради.

— Ҳа, уйда, ҳозир чақираман, — дея Фармон ака чаққонлик билан ўрнидан турди.

Фазлиддин инглиз тилидан сўз ёдлаётганди. Чалқанча ётиб, юзига луғатни қўйиб олганди. Бундан бир муддат олдин у шу ҳолида ухлаб қолди. Кейин бирдан уйғонди. Ташқарига чиқиб, юзини ювиб келди. Кейин яна аввал қандай ётган бўлса, шу ҳолида ётиб олдинги ёдлаган сўзларини бирма-бир овоз чиқариб такрорлай бошлади.

У отасининг овозини эшитиши билан дарров бошини кўтарди.

— Мулла бобо келган. Тез нариги уйга ўт. Ҳа, таҳорат олвол.

Фармон ака бошқа гап айтмади. Дарров кетди.

Мулла бобо у билан ўрнидан туриб қучоқлашиб кўришди. Бошқаларга бундай қилмас эди. Сўнг дуо қилди, Фазлиддинни мақтади. Кейин Қуръони карим ҳақида сўз очди.

Фазлиддин қисқагина қилиб олиб келиш тарихини гапириб берди.

— Худо ўнглайман деса, шундай бўлади, болам. Бу бежизгамас, яқин кунларда Ислом тўла-тўкис яна пайдо бўлади… Менга қара, бу ерда баъзи калималарнинг баъзи жойлари қизил, кўк, сариқ билан ажратилган, нега?

Фазлиддин жилмайди.

— Китоб асосан араб бўлмаганлар учун чоп этилган, унинг орқа томонида дунё тилларининг ҳаммасига шу ранглар нималарни билдиришини ёзиб қўйишибди. Агар берсангиз, кўрсатаман.

Мулла бобо дарров унга китобни узатди. Фазлиддин уни худди мулла бобо сингари шайтоннинг ёмонликларидан Аллоҳдан паноҳ сўраб очди ҳамда ўша изоҳлар ёзилган жойини кўрсатди.

— Инглизча, немисча, французча, русча ва ҳаттоки, қаранг, хитойчаси ҳам бор… Тўхталиш, чўзиб айтиш, ёзилса-да, ўқилмайдиган ҳарфлар — бари бор.

— Бундан чиқди, шу тиллардан биттасини билиш керак экан. Агар яхши устоз кўрсанг, бундай изоҳларнинг ҳожати қолмайди, — деди мулла бобо.

— Ҳа, шундай. Аммо енгилликнинг бори яхши-да.

— Қаранг, дунё қанчалик ўзгариб кетган! — деди мулла бобо Фармон акага юзланиб. — Биз бўлсак… Пайғамбаримиз бекордан-бекорга «сафарга чиқинглар», демаганлар. Шундай хадислари бор.

Фармон ака мулла бобонинг сўзларига бош ирғаб жавоб берган бўлди.

Фазлиддин кўп ўтирмади. Уни сўраб келишибди. Яна дала шийпонига бориши керак экан. «Бормайман», деди у. Бироқ, барибир, ҳоли-жонига қўйишмади. Отаси ҳам: «Бориб бир кўриниш бериб кел», деди.

Фазлиддин кетганидан кейин Фармон ака мулла бобо билан дин-у диёнат тўғрисида узоқ суҳбат қуришди. Орада Фармон ака райкомнинг қилган маслаҳатини гапирди.

— Агар ўғлингизнинг юриш-туриши бошқача бўлганида, унинг айтганини қилиш энг тўғри иш бўларди. Аммо Фазлиддин Қуръонни билади, хадисни билади. Бундайларни Аллоҳнинг ўзи ёмон йўлларга кириб кетишдан сақлайди. Мана, чет элга борибди. Аниқ биламан, унинг ўрнида бошқа бўлганида, китобнинг яқинига ҳам йўламаган бўларди. Ота-онаси ҳам шуни хоҳлайди. Китобдан кўра ҳар хил кийим-кечакларни яхши кўришади. Менимча, агар уни пулсиз қолдирсангиз, имкониятларини чеклаб қўясиз. У илм олишни четга суриб қўйиб, тўрт-беш сўм пул топиш илинжида юрадиган бўлиб қолади. Давлат пул берибдими, ўзида қолсин. Тегинманг. Қолаверса, бу ҳам битта синов. Агар ўзгарса, ана ундан кейин райкомнинг айтганларини қиласиз.

— Маъқул, — деди Фармон ака.

Лондондан олиб келган химия китобларидан бирини миридан-сиригача тушунолмаётгани Фазлиддинни қийнарди. Чунки тилни тўла-тўкис ўзлаштириб бўлмаган. Қанча сўз ёдлади! Бироқ булар, барибир, камлик қиларди. Бунинг учун Тошкентга қайтиб бориши ва яна инглиз тили ўқитувчисидан сабоқ олиши керак эди. Бироқ у келган куни отасига «камида йигирма кун юраман», деб айтиб қўйганди. Энди кетишини айтолмай гаранг бўлиб юрибди. У акаси ва укаси айтгандай, ростакамига «арзанда»га айланиб қолганди. Биров унга бир юмуш буюрмасди. Унинг асосий иши яна ўқиш бўлиб қолганди. Бироқ берилиб ўқиши учун тилни билиши ва химияни тўла-тўкис ўзлаштириши зарур эди.

У Малоҳатларникига борди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: