«Шенген Марказий Осиё мамлакатлари учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин» — ЕИ делегацияси раҳбари
Евроиттифоқнинг Тошкентдаги делегацияси 31 мартдан бошлаб Болгария ва Руминия Шенген ҳудуди таркибига киришини билдирди. «Шенген ЕИнинг энг қимматбаҳо гавҳари бўлиб қолмоқда, у Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин», — деди ЕИ элчиси Шарлотта Адриан.
28 март куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси Болгария ва Руминия 31 мартдан бошлаб Шенген ҳудуди таркибига киришига бағишланган тадбир ўтказди.
«Болгария ва Руминиянинг Шенген ҳудудига қўшилиши Европа интеграцияси лойиҳасининг муҳим ютуғи бўлиб, фуқаролар ва корхоналарга эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Бу Ўзбекистон учун ҳам яхши янгилик, чунки саёҳат ва алмашинув учун янги имкониятлар очилмоқда», — деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.
«Шенген Евроиттифоқнинг энг қимматли гавҳари бўлиб қолмоқда, у Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин», — дея қўшимча қилди дипломатик миссия раҳбари.
ЕИ Болгария ва Руминиянинг ҳудудга қўшилиши ортидан саёҳат, савдо ва туризм ривожланишини кутмоқда. Болгариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Стояна Русинова 2024 йил ёз мавсумида Тошкент ва Болгария курорт шаҳри Бургас ўртасида чартер рейслар очилишини таъкидлади. Парвозларни Uzbekistan Airways амалга оширади.
Шенген Европада эркин ҳаракатланиш зонаси 1985 йилда ЕИнинг бешта давлати — Франция, Германия, Бельгия, Нидерландия ва Люксембург томонидан яратилган ва аста-секин дунёдаги энг йирик эркин ҳаракатланиш ҳудудига айланган.
Болгария ва Руминиянинг қўшилиши билан Шенген ҳудуди 29 та давлатдан иборат бўлади, улардан 25 таси ЕИга аъзо давлатлар, бундан ташқари, Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Швейцария ҳам бор. У 4,5 миллион квадрат метр майдон ва 450 миллион аҳолини ўз ичига олади. Шенген визаси одамларга аъзо давлатлар ўртасида чегара назоратидан ўтмасдан эркин саёҳат қилиш имконини беради.