“Аҳмоқлар туфайли бой бўлдим”

“Аҳмоқлар туфайли бой бўлдим”

“Мен бой-бадавлатман, чунки дунё тентакларга тўла…”

Сальвадор Дали.

Ўн беш йил аввал номи ҳеч кимга таниш бўлмаган англиялик Дэмиан Хёрст ўта арзимас пулга ўлган акуланинг жасадини сотиб олади ва  5000 фунт сарфлаб, уни Лондон шаҳрига олиб келади. Акуланинг жасадини  куб кўринишидаги шиша идишга жойлаб, унга шакл берадиган қолипловчи суюқлик қуяди. У ўзининг бу “асар”ини  “Тириклар онгида жисмоний ўлимнинг иложи йўқлиги” (эътибор беринг: танланган ном гўёки донишмандона, ҳеч ким тушунмайдиган, мужмал ва бежамдор бўлиши керак) деб номлайди.

2004 йилда бу “асар” америкалик коллекционер томонидан 12 миллион АҚШ долларига сотиб олиниб, Нью-Йорк музейига совға қилинади. Бу харид Хёрст номини дарҳол Кандинский, Малевич ва Жаспер Жонсон сингари ўзининг қиммат асарлари билан машҳур рассомлар сафига олиб чиқади…

Буни бемалол  қаллоблик операцияси деб атасак бўлаверади, аммо энг қизиғи, санъатга мутлақо алоқаси йўқ бу “асар” ва воқеа ҳақида санъатшунослар, журналистлар тўлиб-тошиб, таҳсинлар ўқиб ёзишмоқда. Хёрстни эса  замонавий Британия маданиятининг “Суперурф”даги вакили шон-шуҳрати билан сийлашди…

Мен бу иш учун Хёрстни айблаш фикридан йироқман: бугун жуда кўпчилик учун бадиий қиймат ва аҳамиятдан кўра пул ўта муҳим эканлигини биламан. Хёрст ажойиб тадбиркор: акула жасади билан амалга оширган фокуси санъат маркетинги бўйича ўқув дарсликларига кириши мумкин.  Фақат бир нарсадан умид қилишимиз мумкинки,  Хёрст ҳалол йўл билан бор-йўғи одамларда соғлом ақл-идрок бор-йўқлигини аниқламоқчи бўлган, холос. Аммо Дали ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилган: замонавий санъат асарлари ихлосмандларининг жуда катта қисми – эси паст ва аҳмоқ одамлар… Ва Хёрстнинг “ноёб асар”лари (чўчқанинг тенг иккига бўлинган гавдаси, териси шилинган сигирлар боши)га бўлган катта қизиқиш бу фикрни исботлайди.

Келинг, энди бир аниқлаштириб олайлик – бунақа нарсалар нега санъат асари ҳисобланмайди? Цивилизациянинг 3 минг йиллик тарихи мобайнида санъатининг ривожи ҳар хил этапларни бошидан кечирган, аммо бир қанча умумий характеристикага эга.

Санъат асари қандай талабларга жавоб бериши керак?

Биринчидан, Худо берган истеъдод бўлиши шарт. Санъаткор (у ёзувчи, рассом, ҳайкалтарош, актёр, қўшиқчи, режиссёр бўлиши мумкин) ўзи ҳис қилган туйғуларни бадиий формада одамларга етказиб беради. Толстой айтганидек, “Санъат – бу туйғулар хабарчисидир”.

Аммо фақат  ҳис қилиш билан иш битмайди, уни ифода этиш лаёқати ҳам бўлиши керак. Бу учун эса маҳорат керак: бу санъатнинг мавжуд бўлиши учун иккинчи шарт.  Истеъдод туғма бўлса, маҳорат тинимсиз меҳнатнинг маҳсулидир.  Шу боис, катта санъаткорлар, гениал истеъдодга эга бўлсалар-да, маҳоратга эришиш учун тиришқоқлик билан меҳнат қилишларига тўғри келади.

Хёрстнинг шубҳали шуҳрат қозонган “ўлик акуласи” санъат асари яратишнинг юқоридаги шартларига жавоб бермайди.

Эндиликда санъат оламида (кинода, театрда,  телевидениеда, рассомлик, мусиқа ва қўшиқ санъатида) мутлақо ҳеч қандай талантга эга бўлмасдан туриб ҳам муваффақият қозонса бўладиган замонларга етиб келдик.  Антрепренер (театр, цирк, телевидение, кинокомпания ва ҳ.к. эгаси) ва эпчил ишбилармон бўлсангиз, бас – ошиғингиз олчи бўлади. Бугунги кунда бадиий аҳамият ўрнини бозор баҳоси эгаллади. Санъатнинг энг катта фожиаси шу.

Сальвадор Дали санъат борасида ҳеч нарсани тушунмайдиган аҳмоқлар ҳисобига бойлик орттирганини яшириб ўтирмайди. Дали ҳақ: дунё аҳмоқларга тўлиб-тошган!

Андрей Кончаловский, кинорежиссёр.

 

Жалолиддин Сафоев таржимаси.

Дўстларингизга ҳам юборинг: