“Миш-мишлар ичида яшайман”. 18 ёшида она бўлган, қўшиқчиликда омади келмаган ва раққосалиги сабаб актрисага айланган Зарина Низомиддинова ҳозир қаерда? (фото)

“Миш-мишлар ичида яшайман”. 18 ёшида она бўлган, қўшиқчиликда омади келмаган ва раққосалиги сабаб актрисага айланган Зарина Низомиддинова ҳозир қаерда? (фото)

Мафтункор актриса Зарина Низомиддинова бу йил 35 ёшни қаршилади. Ташқи кўринишидан бунга шубҳа қилишингиз аниқ. Спорт билан мунтазам шуғулланадиган ва тўғри овқатланишга амал қилган актрисанинг кўриниши доимгидек аъло даражада.

Хўш, кинодан бир оз йироқлашган актриса айни дамда нималар билан банд, унинг санъат оламига кириб келиш жараёни қандай кечган? «Daryo.uz» бу ҳақда батафсил маълумот берди.

 

“Стюардесса бўлишни истагандим”

 

Зарина санъаткорлар оиласида туғилганлиги учун болалигидан санъат тўгаракларига қатнаган. У 5 ёшидан хор машғулотларига қатнаб, саккиз ёшида Успенский номидаги мусиқа мактабининг фортепиано бўлимига қабул қилинади. Яқинлари унинг мусиқий уқувидан қониқмай, рақс билан шуғулланишини истайди. Зарина Низомиддинова 7-синфдан ўқишни Хореография олий мактабининг миллий рақс бўлимида давом эттиради.

— Болалигимда кўп нарсаларга қизиққанман. Ёшим улғайиб боргани сари ФҲДЁ бўлими бошлиғи бўлиб ишлашни хоҳлаганман. Ўйлаб кўринг, икки ёш бахт пиллапоялари сари илк қадамни ташлаш арафасида, сиз эса уларнинг муҳаббати ва висол кунига шериксиз. Уларга энг муҳим ҳужжатни тантанали равишда тақдим этиб, чиройли тилакларни айтасиз. Бу мен учун жуда ҳам қизиқарли ва завқли иш бўлиб кўринган. Шунинг учун тўйларда ўша ходимларга ўхшаб ният билдириб, келин-куёв олдида гапиришни орзу қилганман. Кейинчалик ҳатто стюардесса бўлишни ҳам истаганман. Уларнинг бежирим либосига ишқим тушган. Аммо самолётда учишдан қўрққаним учун бу фикрдан қайтганман, — дейди актриса интервьюларининг бирида.

 

Унинг исми Зарина эмас

 

Зарина Низомиддинова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шаҳбоз Низомиддиновнинг кенжа фарзанди ҳисобланади. Аслида унинг оиласи учун санъаткор бўлиш янгилик эмас. Шу боис, Зарина ҳам ҳали тили чиқмай туриб, клипда суратга тушган. Энг қизиғи, қўшиқни унинг опаси ва акаси ижро этган.

Унинг опаси Моҳинур ва акаси Шоҳруҳ томонидан куйланган “Карате-карате” қўшиғи 1990 йилларда хит бўлган. Ҳа, айтганча, актрисанинг паспортдаги исми ҳаётдагисидан фарқ қилади. Аслида унинг исми Заррин.

 

Тасодифан уни ролга тасдиқлашган

 

Одатда, кинорежиссёрлар ролларга чиройли қизларни хореография рақс мактабидан излайди. Заринанинг кино оламига кириб келишига ҳам шундай ташрифлар сабаб бўлган. У илк ролини Тамара Камалованинг “Йўл бўлсин” фильмида ижро этади. 2006 йили эса Баҳром Ёқубовнинг “Ромео ва Жульетта” фильмида суратга тушади. Мана шу фильм Заринани актриса сифатида элга танитган.

— Биринчи ролимни шу клипда ижро этган эканман. Дадам ҳаётликларида клипда ҳам, кинода ҳам бирга суратга тушиш насиб этмади. Аммо, эътибор бериб қарасам, ижодимни айнан дадажоним билан мана шу клипдан бошлаган эканман. Ўшанда отажонимнинг қўллаб-қувватлаганликлари шу кунгача ёрдам бериб келяпти, — деб отаси ҳақида пост қолдирганди актриса.

 

“Умримдаги энг катта жудолик”

 

Афсонавий “Ялла” ансамбли асосчиларидан бири Шаҳбоз Низомиддинов 2015 йил 23 апрель куни 69 ёшида вафот этганди. Актриса интервьюларининг бирида отасини йўқотгани ҳаётидаги энг оғир айрилиқ бўлгани ҳақида сўзлаб берганди.

— Ўшанда жуда ҳам қийналганман. Умримдаги энг катта жудолик бўлган. Ҳар бир фарзанд учун отасидан айрилиш жуда оғир. Яратганга шукр, онажоним ҳаётлар. Қолган айрилиқларга эса у қадар куйинганим йўқ. Ҳаммаси тақдирдан, дея бунга оддий қараганман. Аёл киши кўп нарсаларга кўникиб борар экан. Ҳар қандай айрилиққа ҳам. Фақат отадан айрилиш оғир жудолик экан, — дейди актриса.

 

“Турмуш ўртоғим билан яшашга кўзим етмаган”

 

Актриса Зарина Низомиддинова жуда эрта оила қурганини таъкидлайди. Катта ўғли Темурбекни ҳам 18 ёшида дунёга келтирган. Хориждаги турмуши у қадар муваффақиятли кечмагач, Тошкентга қайтиб ижодини давом эттирган.

— Биринчи турмуш ўртоғим мени “Ромео ва Жульетта” фильмидаги образимни кўриб ёқтириб қолган. Ўғлим отаси ҳақида умуман сўрамайди. Чунки уни деярли кўрмаган. Отаси ҳам ҳеч қачон қўнғироқ қилиб, ўғлининг ҳолидан хабар олмайди. Сабабини билмайман. Ўғлимнинг отаси билан ажрашганимиздан бери гаплашмаймиз. У оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Лекин бирга яшаб кетишимизга менинг кўзим етмаган. Бўлмайдиган нарсанинг бўлмагани яхши, — дейди актриса интервьюларининг бирида.

2015 йилнинг 18 январь куни эса иккинчи бор оила қурди. Навбатдаги турмуш ўртоғи ўзидан анча катта ва тадбиркорлик билан шуғулланди. Афсуски, актрисанинг бу никоҳи ҳам узоққа чўзилмади.

 

“Миш-мишларга кўникиб қолганман”

 

Орадан тўрт йил ўтиб, актрисанинг шахсий ҳаётида яна бир ўзгариш содир бўлди. У Москва шаҳрида истиқомат қилувчи, ўзидан 12 ёш катта инсон билан оила қурди ва 2020 йилда Саидумар исмли ўғлини дунёга келтирди.

— Мен омма эътиборидаги шахсман. Мен ҳақимда турли гап-сўзлар, миш-мишлар бўлиши табиий. Бунга кўникиб қолганман. Баъзан изоҳларни ўқиб, кулгим келади. Ҳозир кимгадир ниманидир исботлайдиган вақт эмас. Мени яхши биладиган ва адекват инсонлар шундоқ ҳам менга ишонади. Умуман олганда, мен ҳамма нарсани вақт ҳукмига ташлайман. Вақт ҳаммасини ўз жойига қўяди, — деб ижтимоий тармоқдаги саволларга жавоб берган актриса.

Зарина Низомиддинова бугунги кунда икки ўғли ва турмуш ўртоғи билан Москвада яшайди. Вақти-вақти билан Ўзбекистонга келиб, шартнома асосида фильм ва сериалларда суратга тушмоқда. У сўнгги марта Тошкентга келганида “Парихона” сериалида иштирок этди. Аммо айтиш мумкинки, у Ўзбекистондаги гонорари энг юқори актрисалардан бири. Ижодда у қадар фаол бўлмаса-да, унга бўлган талаб ниҳоятда юқори.

 

“Спортсиз кунимни тасаввур этолмайман”

 

Актриса спорт билан мунтазам шуғулланади. От спорти ҳам унинг энг севимли машғулотларидан бири. Гарчи унинг машғулотлардаги расм ва видеолари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлса-да, актриса уларга эътибор бермайди.

— Спортсиз кунимни тасаввур этолмайман. У чиройли қомат, саломатлик ва тетиклик манбаи, — дейди актриса.

 

Қўшиқлари у қадар омадли эмас

 

Зарина Низомиддинова 2014 йили хонандалик фаолиятини бошлаганди. У “Афсонавий” ва “Мени кечир” номли қўшиқларни ижро этиб, клип суратга олганди.

Бундан ташқари, ёш ижодкор билан “Сен юрагимда” номли дуэт таронани ҳам ижро этганди. Қўшиқ айтиш актрисанинг шунчаки хоббиси бўлгани ва уни ривожлантиришга катта куч сарфламаганини айтиб ўтган. Лекин унинг қўшиқларига ишланган клиплар ўз даврининг энг бюджети катта ижод маҳсулларидан бири бўлган. Ҳозирги кунда актриса қўшиқчилик фаолиятини бошлаган кўринади. Декабрь ойида у “Юрагимда” номли қўшиғини премьера қилганди. Аммо тан олиш керакки, унинг бирорта қўшиғи ролларидек машҳурликка эришгани йўқ.

Дўстларингизга ҳам юборинг: