Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (64-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (64-қисм)

Малоҳат шу куни ҳар доимгидан-да хурсанд эди. Унинг сўнгги нозик режаси қолдирилди. Энди у Фазлиддинга ўзига уйланиш таклифини бермайди. У энди бошқа ўзи тенги қизлар каби ўқийди. Қачон Фазлиддин бу ҳақда оғиз очса, ана ундан кейин никоҳ ишлари бўлади.

Мандат кутилмади. Опа-сингил қишлоққа кетишди. Малоҳат кетишни сира истамади. Аммо бормаса бўлмасди. Шунинг учун кетди. Яна сентябрь келишини сабрсизлик билан кутишни бўйнига олиб кетди. Бу сафар Фазлиддин уларга ҳамроҳ бўлолмади. Сабаби у университетда қолиши керак эди. Пахтага бормагани учун шундай. Ўқишга кирганларнинг мандатлари ўтиб, яна ҳамма уй-уйига тарқаб кетмагунича, ҳар куни кўриниш бериш керак… Кейин кутубхонага киради. Шу бўйи кечгача у ердан чиқмайди. Ҳамма ёзув-чизувларини ҳам у шу ерда бажаради…

У қишлоққа бор-йўғи бир ҳафтага бориб келди. Малоҳатларникига бормади. Чунки қизнинг онасига: «Бошқа бормайман», деб сўз бериб қўйган. Кейин дарров қайтиб келди. Чунки шампунь ишлаб чиқаришга лицензия беришлари керак эди. Икки ойдан бери негадир у кечикаётганди. Албатта, негадир эмас. Пора берса, ҳужжатларни топширган куннинг ўзидаёқ ўша ярамас қоғозни қўлига тутқазишади. Бироқ у бир сўм ҳам бермайман, деди. Мана энди бўзчининг мокисидай зув-зув қатнайди. Эртага келинг, индинга келинг, бир ҳафтадан сўнг хабар олинг, деган гапларни эшитади ҳар сафар… Охири ҳаммаси жонига тегиб, қишлоқдан келган куннинг ўзидаёқ тўғри Камол Шоннинг ёнига бориб, бор гапни айтди. Камол Шон бирдан уни койишга тушиб кетди.

— Шундай дардинг бор экан, нега эртароқ айтмайсан?! Бир деганда битадиган иш-ку! Мен уларнинг жон жойларини яхши биламан. Агар укам бўлиб сен ўзингни четга олиб юрсанг, бошқалардан нима умид? — деди.

У ўша куннинг ўзидаёқ ишини ҳал қилиб берди. Шундай лицензия берадиган идорага бориб, тўғри бошлиқнинг хонасига кирди. Котибанинг ҳайҳайлашига ҳам қараб ўтирмади. Бошлиққа ўзининг ким эканлигини айтди. Ҳужжатини кўрсатди. Бошлиқнинг бирдан кўзи ўйнади. Чунки у Камол Шонни яхши билади. Мақолаларини ўқиган.

— Бу укангиз сизни бекор овора қилибди. Биз лицензияни аллақачон тайёрлаб қўйганмиз. Мен бугун йигит келса бериб юборинглар, дегандим, — деди бирдан хамелеондай товланиб.

Шундай қилиб, Фазлиддин лицензияли бўлиб олди. Энди у ишни бошласа ҳам бўлаверарди…

Аммо бундан олдин Камол Шонни қаҳвахонада меҳмон қилди. Камол Шон роса сиқилган экан. «Домлага айтмайсан», деб «икки юзта» отиб олди. Кейин у янада очилди. Фазлиддин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олиши учун жой топиб беришни ваъда қилди.

Эртасига ваъдасида туриб, деярли ишламай қолган «Малика» фабрикасининг кичкинагина омборхонасини гаплашиб олиб берди. Кейин идиш буюртма қилиш учун Фазлиддин билан бирга пластмасса заводига борди. Ўша пайтларда унинг «пичоғи кескир» эди. Қаерга борса, бемалол ишини битириб кетарди. Пластмасса заводида пулини кейин бериш шарти билан Фазлиддин айтган ўлчамдаги идишни уч кун ичида беш минг дона тайёрлаб беришга ваъда қилишди. Ундан сўнг типография билан гаплашилди.

Хуллас, тўрт кун деганда шампунь ишлаб чиқариш учун ҳамма нарса тайёр бўлди.

Фазлиддин тўртта курсдошини ишга жалб қилди. «Олдинига шунчаки ёрдам берасизлар, кейин мен сизларга ойлик қилиб бераман», деди.

Дастлабки ўнта аёллар шампуни совғага кетди. Шуларнинг энг биринчисига Малоҳат эга чиқди.

Дарвоқе, Малоҳат Тошкентга келган кунининг эртасига Фазлиддин уни излаб топди. Малоҳат аразлаганди. Сабаби Фазлиддин бир ҳафтага қишлоққа бориб, у билан кўришмай кетганлиги эди. Аммо шунга қарамай, у Фазлиддиннинг ёнига чиқди. Қовоқчасини уйиб чиқди. Эшитилар-эшитилмас салом берди. Фазлиддин шундан билдики, у хафа. Дарров қизгинанинг кўнглини овлашга тушди. Малоҳатга унинг гаплари қизиқми-йўқми, фарқи йўқ, гапираверди. Ҳатто Германиядан концерт бериш учун келган машҳур Билни ҳам гапирди. Ундан кейин Хадича опани тилга олди. «Малоҳат ўқишга келиши билан бизникига олиб келинг», деган гапларини ҳам айтди. Шундан сўнг Малоҳат бироз очилди. Йўқ, очилишидан олдин:

— Мен сиздан онам учун кечирим сўрагандим-ку, — деди.

— Билмадим. Жуда ноқулай бўлди. Аммо ичим ёнди. Шу ёнган ичимни ўчиролмай роса гарангим чиқди. Қандай бу ёққа келганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

— Унда уйга бориб айтаман. Бориб сиз ўзингиз кечирим сўранг, деб.

— Йўқ. Ундай деманг. Бораман. Отангизни баҳона қилиб бораман. Кейин сизнинг ёнингиздан келаётганимни, сизнинг зўр ўқиётганингизни ҳам айтаман, — дея кулди Фазлиддин.

Шу гаплардан сўнг улар апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Малоҳат қўқонлик курсдоши билан битта хонага жойлашганини, умрида бунақанги чиройли қизни кўрмаганини ва хонадоши бир пайтлар Қўқон хони Худоёрхоннинг канизаги авлоди эканлигини тўлқинланиб гапириб берди.

— Гўзаллиги ўз йўлига. Лекин ўзи қандай қиз экан? — деб сўради Фазлиддин.

— Ўзими? Ўзи очиқкўнгил. Ҳамма билан чиқишиб кета оладиган. Ҳамма овқатни қилиш қўлидан келаркан. Исми Барно. Агар хоҳласангиз, сизни ҳам таништириб қўяман.

— Йўқ, буниси керакмас. Мен шунчаки ким билан яшаётганингизни билгим келганди, — деди Фазлиддин.

Ўшандан кейин у ҳар куни кечки пайт ярим соатга келадиган бўлди. Чунки шугина вақтни зўрға топарди. Шампунь унинг кундалик ташвишларидан бирига айланди-ю, бечора йигитнинг бош қашишга ҳам вақти қолмади… Бу ҳақда Малоҳатга айтди ва ўша биринчи идишга солинганини унга олиб келиб берди.

Ўша куни Малоҳат хонадоши Барно билан бирга шампундан фойдаланди. Эртасига эса шампунь Малоҳатнинг бутун курсида шов-шув бўлиб кетди. У-ку, бошига рўмол ўрайди, сочи кўринмайди. Аммо Барно қоп-қора сочларини чиройли қилиб орқасига ташлаб юрарди. Қора сочларнинг жилоланиши, қуёш нурида товланиши, толаларининг бақувватлашгани ва эгасига сўзсиз итоат этиши, бундан ташқари, ундан тараладиган ажойиб ифор ҳамма қизларнинг эътиборини тортди. Ҳаммаси у сочини ювган шампунь тўғрисида суриштиришга тушиб кетишди. Барно ўз ўрнида Малоҳатни кўрсатди. Унинг таниши ёки йигити совға қилди, деди. Қизлар Малоҳатга ёпишди. Малоҳат соддалик билан ўзининг «таниши» ишлаб чиқараётганини айтиб қўйди. Бирдан буюртмалар оқиб кела бошлади. Кечга бориб уларнинг сони юзтага етди.

Малоҳатнинг ёнига ҳар куни келишни ўзига вазифа қилиб қўйган Фазлиддин ниҳоятда чарчаган эди. У филологлар ётоқхонасининг рўпарасидаги ўриндиқда ўтирарди. Кўзи юмуқ эди. Уйга бориб, бир муддатга мизғиб оламан деб орзу қиларди. Шунингдек, Малоҳатнинг эртароқ чиқишини, тезроқ у билан ярим соат гаплашишни ҳам истарди.

Малоҳат ташқарига чиқса, Фазлиддин бошини эгиб ўтирибди. Ичи ачиди. Секин қадам босганча ёнига келди.

— Кимнидир кутяпсизми, йигитча? — деди.

Фазлиддин бирдан бошини кўтарди. Малоҳатни кўриб:

— Ҳа. Мана шу қизни, — деб жилмайди.

— Роса чарчабсиз, — деди Малоҳат унга салом берганидан кейин.

— Сал-пал. Лекин дарров ўтиб кетади.

— Дарровмасдир.

— Рост, дарров. Битта ухлайман, шу билан йигит яна куч-қувватга тўлган, тоғни бир уришда толқонга айлантириб ташлашга тайёр.

— Ҳимм. Мен бўлсам, сизнинг ёнингизга янгилик билан келдим.

— Зўр-ку.

— Ҳа, худди шундай. Сизнинг шампунингиз бутун факультетда машҳур бўлиб кетди. Барно уни машҳур қилиб юборди. Ярамас қиз ҳамма қилғиликни ўзи қилиб, балога мени қолдирди.

— Нима бўлди?

— Буюртма тушди. Юзта. Ҳатто пуллариниям беришди.

— Мен сизга сотинг…

— Биламан, мен ҳам сотаман демадим. Аммо Барно савдогаям чаққон экан. Саккиз сўм деб айтинг, қолганини ўзим дўндираман, деди. Менинг оғзимдан саккиз чиқиши билан, у пул йиғишга тушиб кетди. Ёки арзон айтиб қўйдикми?

— Қайтага, қиммат айтибсизлар. Лекин мен сиз билан олди-берди тўғрисида гаплашмайман.

— Мен ҳам. Лекин ҳозир мен сизга нақд саккиз юз сўм олиб чиқдим. Чунки пул дегани ёмон ярамас нарса бўларкан. Бир жойда қолдириб кетиб бўлмайди. Яна олиб юриб ҳам бўлмайди.

— Яхши. Лекин бошқа топиб бераман деб айтманг. Мен сизнинг бунақа нарсаларга яқинлашишингизни истамайман. Бунинг ўрнига университет ёнидаги магазинга бераман. Кимга керак бўлса, ўша ердан олаверсин.

— Келишдик. Энди, боринг, дамингизни олинг. Кўзингиз юмилиб кетяпти. Ҳатто гапираётганингизда ҳам кўзларингиз юмуқ. Шампунни эртага олиб келиб берасизми?

— Ҳа. Вахтёрга бераман.

— Боринг энди.

— Кетгим келмаяпти.

— Мениям…

— Унда ўтирайлик.

— Йўқ. Сиз дам олишингиз керак.

Фазлиддин зўрға ўрнидан турди. Кета бошлади. Унинг ортидан қараб турган Малоҳат йиғларди. Бу туришда аниқ бирор нимани орттириб олади, дея ўйларди. Фазлиддин эса: «Шу иш менга зарурмиди? Нима қилиб бошимни қотириб юрибман?» дея кўнглидан ўтказди…

Аммо у эртасига буюртмани ётоқхонага олиб келди. Тетик эди. Қарашлари ўткир эди. Қилаётган ишларидан завқ олаётганди. Ҳатто янги режалар ҳам тузишга киришганди…

Тўртта йигит камлик қилиб қолди. Чунки улар идишларга шампунни биттама-битта қўлда қуйишарди. Буюртма эса кўпайиб кетганди. Боиси, тақчиллик бошланганди. Шампун ишлаб чиқарадиган фабрикалар ишлаб-ишламай қолганди. Аввало, хом ашё йўқ эди. Иккинчи томондан, раҳбардан тортиб, оддий ишчигача қўли теккан нарсадан «нима қилиб бўлса ҳам кўпроқ олиб қолсам», дерди. Учинчидан, четдан келаётган маҳсулотлар ҳам бирдан камайиб кетганди. Нафақат шампунь, балки, шакар, ун, ёғ, кийим-кечаклар ҳам дефицитга айлана бошлаганди. Чехословакия, Руминиядан келадиган моллар бир соатга бормай дўконларда талаш бўлиб кетарди. Одамларнинг кўзларида илгариги тўқлик йўқолиб бораётгандай эди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: