Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (66-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (66-қисм)

Хонзодахон қизининг қилиғини кўриб жилмайди. Худди ўзим, бировга иши тушиб қолса, мушукчага айланиб олади, дея кўнглидан ўтказди.

— Ҳой, қизгина, қилиғинг қурсин, агар Фазлиддиннинг қўлини ушлаганингни Малоҳат кўриб қолса борми? — деди.

Койиш койишмас, қандайдир эркалашга ўхшарди.

— Вой, нима қилдим? Фазлиддин акамлар ўзимизники дедингиз-ку. Худди акамлардай яхши кўраман, — дея таннозланиб жавоб берди Сабина ва киприкларини пирпиратиб онасига қаради.

— Фазлиддинжон, болам, хафа бўлмайсан, Сабинахон озроқ эрка, — дея қиқирлаб кулди Хозодахон.

Фазлиддин қучоқланган қўлини секин тортиб ола бошлади.

— Вой, бунингиз роса қўрқоқ эканлар, — деб Сабина Фазлиддинга баттар ёпиша бошлади.

— Ҳой қиз! — деди бирдан қовоғи уйилган Хонзодахон. — Ҳаддингни бил!

— Хўп, мана, — деб Сабина Фазлиддинни қўйиб юборди.

— Майли, ифорини бироз ўзгартириб беришим мумкин. Аммо товланиши ўша-ўша бўлади, — деди хижолатдан қизарган Фазлиддин.

— Агар иложи бўлса, — дея Сабина шоша-пиша сумкачасини ковлаб, ўзининг атирини чиқарди, — мана шунақасидан бўлса. Ҳидлаб кўринг.

Фазлиддин атирни ҳидлади.

— Ҳа, буни қилиш мумкин, — деди.

— Агар хоҳласангиз, сизга қолдириб кетаман. Кейин шампунь билан бирга олардим.

— Эсимда қолади, хавотир олманг, — дея кулиб жавоб берди Фазлиддин.

— Шундай қилиб, бирор ҳафтадан кейин сен билан гаплашамиз. Жавобингни уй масаласида айтасан. Кейин сенга яна битта шарт қўяман. Ишлаб чиқаришинг каттариб кетганида, мендай опанг борлигини унутиб қўймайсан, — деди Хонзодахон.

У энди қизидан хавотир ола бошлаганди. Чунки борган сари ўзини Фазлиддинга яқинлаштираётганди. Энди буниси кетмайди. Чунки улар кимсан, обрўси баланд министр билан қуда бўлишга келишиб олишган. Кейинги ойда тўй бўлади. Агар қизи Фазлиддин билан ўралашиб қолса, муаммолар чиқиши ҳеч гап эмас. Фазлиддинга-ку, қизидан кўпроқ ишонади. Аммо, барибир, бу ёшда йигит ва қизнинг бир-бири билан яқин муносабатда бўлиши яхшилик келтирмайди.

Улар ташқарига чиқиб, машинага ўтиришганида, Хонзодахон қизига танбеҳ берди…

Танбеҳ шунчалик енгил бўлдики, қизи жилмайиб, онасини қучиб, юзидан чўлпиллатиб ўпиб қўйди.

— Хо-о-п! — деди сўнгра.

Фазлиддин эса роса боши қотиб қолган эди. Ишлари шиддат билан олдинга кетяпти. Маҳсулотларни етказиб беришга қийналишяпти. Чунки буюртма ҳаддан зиёд кўп эди. Асосий ишни унинг ўзи бажарарди. Тўртта икки юз литрлик идишга ҳар куни шампунь тайёрлайди. Қўшиладиган моддаларнинг барини ўзи қўшади. Ўзи аралаштиради. Ундан кейин бошқаларга идишларга қуйишни буюради. Кейин тайёр бўлган маҳсулотларни қутиларга яна ишчилари солишади. У бўлса, юк машинага ортиб, магазинларга тарқатишга кетади. Магазинчиларнинг баъзилари нақд пул беришса, бошқалари пул ўтказишарди. Уларнинг ҳам ҳисоб-китобини ўзи қилади. Бу орада дарсга бориши керак. Қўшимча китобларни ўқиши керак. Лабораторияга кириб, ўзи ихтиро қилган моддаларнинг ҳосил бўлишини амалда синаб кўриши керак. Яна Малоҳат билан учрашиши шарт… Бунга энди қишлоққа бориши, акаси билан отасини олиб келиши ҳам қўшилди. Ҳа, у Малоҳат берган таклифни қабул қилди. Унинг айтганлари жўяли туйилди.

Қишлоққа кетаётган автобусга ўтирганидан кейин дам олди. Ана шундагина хотиржам дам олиш имкони пайдо бўлди унда… Аммо қишлоққа бориб отаси билан гаплашганида, отаси унинг айтганларига кўнмади.

— Болам, мен шу ерга ўрганган одамман. Ерда ишлаш оғир. Айниқса, ҳозирги пайтда. Лекин шу ер мени доим ўзига тортиб туради. Ташлаб кетолмайман, — деди.

— Ота, қўйинг. Энди сизнинг ўтириб ишлайдиган пайтингиз келди. Бу ердан топадиган даромадингизни ортиғи билан у ёқдан топасиз. Менгаям ёрдам бўлади, — дея Фазлиддин оёқ тираб туриб олди. Унга онаси ҳам қўшилди. Азбаройи ўғлига ичи ачиганидан қўшилди.

Фармон ака кўнди.

Кейин уй ҳақида оғиз очилди. Фазлиддин устози нима деган бўлса, ҳаммасини оқизмай-томизмай гапириб берди.

— Лекин, болам, — деди Фармон ака унинг сўзларини охиригача эшитганидан сўнг, — бизда унча пул йўқ-ку. Бўлмаган ҳам. Қандай оламиз? Уч ой дебди. Уч ойдаям бунча пул тополмаймиз.

— Мен озроқ йиғиб қўйдим. Йигирма беш минг эмас-у, лекин шунга яқин. Яна бирор ҳафтада қолган пулниям топсам керак. Сабаби шампунларни кунлик ишлаб чиқаришимиз уч мингдан ошяпти. Улгурмаганимиз учун ҳамма буюртмачиларгаям шартнома бермаяпмиз. Қадоқлаш чўзиляпти-да. У ёғини тайёрлаш муаммо эмас, — деди Фазлиддин паст овозда.

Ўғлининг гапларини эшитаётган онанинг эси чиқай деди. Битта ўқитувчи кўпи билан икки юз сўм маош олади. Колхознинг раиси уч юз сўм ойликка ишлайди, деб эшитгани бор. Аммо Фазлиддин айтаётган сумма шунчалик катта эдики, ҳатто қўрқасан…

— Фазлиддин, ўғлим, ўғрилик-пўғрилик йўқми?.. Сен мени қўрқитяпсан. Балки, шу ишингни қилмассан. Оч қорним, тинч қулоғим, деб юрсанг, ўқишингни қилсанг бўлмасмиди? Ўзи сен тўғрингда гап-сўзлар жуда кўп бўлган, бўляптиям, — дея боласининг қўлини ушлаб кўзларига тикилди.

— Давлатнинг ўзи шундай қилинглар деяпти-ку. Ана, отам ҳам кооператив очган. Фақат бошқачаси. Бировлар чорва қилишни бошлаб юборишди. Меники энди бошқача.

— Эй-й, ҳали онанг бу нарсаларни тушунмайди. Менга қара, мен шу ҳафтанинг охирига бораман. Унгача ўзинг амаллаб тур, — деди Фармон ака.

Фазлиддин эртасига тонгда йўлга чиқди. Бошқа иложи йўқ эди. Ичи ёнаётганди. Ҳолбуки, анча ишини енгиллатиб келган. Бироқ, барибир, безовта эди…

Бунинг сабаби бор экан. Ишчилари, курсдошлари у тайинлаб кетган юмушларнинг бирортасини ҳам бажармасдан, уйларига кетиб қолишибди. Эрталаб улар ҳам ўқишга боришган. У ерда пахта ҳақида гап бўлган. Унгача ҳамма уйига бориб келсин, дейилган. Шундан сўнг улар цехга боришни, ваъда қилинган юмушни бажариш кераклигини унутиб, қишлоқларига жўнаб кетишган эди… Аммо Фазлиддин нақ ўнта дўкон билан келишиб қўйган эди.

У бўшашиб, бироз муддат ўтириб қолди. Энди буларнинг барини бир ўзи қадоқлаши, ёрлиқларини ёпиштириши керак. Акс ҳолда, лафзсиз бўлади…

Таҳорат олди, намоз ўқиди. Ана ундан кейин ишга киришди. Мумкин қадар тезроқ ишлашга ҳаракат қилди. Сал ўтмай терга ботди. Бироқ баданидан тер чиқиши унинг баттар ишчанлигини оширди.

Нақ тўрт соат деганда ҳамма идишларга шампунь қуйиб чиқди. Вақт бу пайтда алламаҳал эди. Энди унинг кўзи юмилиб кетаётганди. Бироқ яна бир марта таҳорат олиб, хуфтон намозини ўқигач (хуфтонни кеч ўқиди. Бироқ хуфтон вақти ўтмаганди), тағин ишга киришди. Идишларни тўлдириш анча осон эди. Ёрлиқ ёпиштириш майда иш бўлганлиги боис, анча вақтини олиб қўярди…

Улгурмади.

Дўкондорлардан бири келди. Тўғри цехга. Дарвозани қоқди. Ҳориган, кўзлари қизарган Фазлиддин оёғини зўрға кўтариб босиб, дарвоза эшигини очди.

— Эй-й, Фазлиддин! — деди дўкондор кўзлари чақнаб. — Нима бўлди, оғайни?!

— Улгурмадим, ака, — деб хўрсиниб жавоб берди Фазлиддин.

— Нега? Мен бир-иккита нозик одамларнинг аёлларига ваъда қилиб қўйгандим. Магазин меники бўлгандаям майли эди. Давлатники. Ишдан ҳайдаб юборишади. Шу магазиндан тирикчиликни ўтказиб турибмиз, ошна. Ҳатто сен билан шартномаям туздим. Эрта-индин магазинни хўжалик ҳисобига ўтказаман деяётгандим…

— Ҳа, идишларга қуйилган. Ёрлиғини ўзингиз ёпиштириб олсангиз, бериб юбораман, — деди Фазлиддин гапни чўзмай.

— Майли. Ёрлиғи борми ўзи?

— Бор.

— Олиб чиқ. Мен сени умуман тайёрламагансан, деб қўрқибман. Бор-йўғи икки юз дона…

Фазлиддин унинг сўзларини охиригача эшитмади. Ичкарига кирди. Ёрлиқ ёпиштирилмаган шампунларни қутиларга солди. Сўнг, бирма-бир қутиларни кўтариб чиқа бошлади…

Шунақаси ҳам бўлар экан. Агар зарур бўлса, маҳсулот охиригача тайёр бўлмаса ҳам олиб кетишаркан. Яна Фазлиддиннинг тўртта мижози худди шу тахлитда маҳсулотларни олиб кетишди. Қолганларига Фазлиддин тайёрларини олиб бориб берди. Юк машина ўзи бориб чақириб келмаса ҳам ўзи келди.

— Ҳой бола, — деди ҳайдовчи оқарган мўйлабини силаб қўйиб, — роса тамом бўлганга ўхшайсан. Фактура ёзиб бер, ўзим бориб магазинларга тарқатиб келаман. Бу аҳволда сен юрма.

— Бормасам бўлмайди. Ишни охиригача пишиқ қилмаганман. Шуларни айтишим керак. Бўлмаса, бир дунё гап эшитаман, — дея жавоб қилди Фазлиддин.

Кейин йўлда ҳамма идишларга ҳам ёрлиқ ёпиштирилмаганлигини ҳайдовчига айтди. Қизиғи, у ҳали биринчи дўконга етмасларидан ухлаб қолди. Мансур ака ўзи ҳамма юкни магазинларга туширди. Ўзи магазинчиларга вазиятни тушунтирди… Пулларниям ўзи олди. Кейин Фазлиддинни уйигача олиб келди. Бироқ, барибир, Фазлиддин кўзини зўрға очарди. У кийимларини ечди-да, бирдан ўзини тўшакка ташлади.

Вақт шомга яқинлашганди. Эшик секин очилди… Бу пайтда эшикни ичкаридан қулфлашни унутган Фазлиддин маст уйқуда эди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: