Украинанинг олтита вилоятида электр энергиясини ўчириш жорий қилинди
«Укрэнерго» компанияси Украинанинг олти вилоятида электр энергиясини ўчиришни жорий қилди. Бундай чоралар Россия армиясининг энергетика объектларига сўнгги оммавий ҳужумлари туфайли қабул қилинди. Бу ҳақда компаниянинг телеграм-каналида хабар берилди.
«Укренерго» ҳар куни соат 18:20 дан 22:00 гача Днепропетровск, Донецк, Запорожье, Кировоград, Полтава ва Суми вилоятларида электр энергияси ўчирилади, деб хабар берди. Компания, шунингдек, Харков вилояти аҳолиси ва Кривой Рогдаги корхоналар учун энергия таъминоти чекловлари қўлланилишини маълум қилади.
Сўнгги бир неча ҳафта ичида Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига бир қатор йирик ҳужумларни амалга оширди. Хабар қилинишича, 22 мартга ўтар кечаси ҳужумлар натижасида Украинанинг йирик энергетика компанияси ДТEК ишлаб чиқариш қувватининг ярмига яқинини йўқотган. Ракета ҳужуми пайтида урилган энг катта объект Запорожьедаги Днепр гидроэлектр станцияси бўлди.
25 мартга ўтар кечаси Россиянинг учувчисиз учоқлари Украина жанубидаги иккита подстанцияга зарба берди, натижада Одесса ва Одесса вилоятидаги айрим истеъмолчилар электр энергиясиз қолди.
Россия қўшинларининг 29 мартга ўтар кечаси уюштирган ҳужумидан сўнг Украина ғарби ва марказидаги электр станциялари зарар кўрди.
Мамлакат бош вазири Денис Шмигаль кейинроқ мамлакатнинг олтита вилояти – Днепропетровск, Виннитса, Ивано-Франкивск, Лвов, Черкаси ва Черновтсидаги энергетика инфратузилмаси шикастланганига аниқлик киритди.