Молдова конституцияга Европа интеграциясини киритмоқчи
Молдовада ҳукмрон партия «Ҳаракат ва бирдамлик» конституцияга Европа интеграциясини мамлакатнинг стратегик мақсади деб эълон қилиш учун тузатишлар тайёрламоқда.
Эълон қилинган қонун лойиҳасига кўра, конституциянинг муқаддимаси «Молдова Республикаси халқининг европалик ўзига хослигини тан олиш, Европа Иттифоқига интеграцияни Молдова Республикасининг стратегик мақсади сифатида эълон қилиш» деган сўзлар билан тўлдирилади.
Шунингдек, Конституцияга Молдова Европа Иттифоқининг таъсис шартномаларига ва Европа Иттифоқининг таъсис шартномаларини қайта кўриб чиқувчи бошқа ҳужжатларига парламентнинг органик қонуни орқали қўшилишини назарда тутувчи янги моддани киритиш режалаштирилган.
Грузия 2018 йил март ойида конституцияга худди шундай моддани киритди. Бу унинг Европа Иттифоқига киришига ҳали ёрдам бермади.