Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (69-қисм)
— Кўча?! — дея энсасини қотирди Фазлиддин.
— Нима, билмайсанми?!
— Йўқ.
— Унда ҳозир билдириб қўямиз, — деб уларнинг ҳар иккаласи ҳам орқа чўнтакларидан қайирма пичоқларини олишди ва деярли бараварига унинг тиғини очишди.
— Шуми? Унда мен ичкарига кириб, Каримбой акага бир қўнғироқ қилиб юборай. Ажабмас, менинг бошимга пичоқ кўтариб келганларнинг ким эканини билиб берса. Ундан кейин кўча ҳақини кимга тўлашимни ҳам сўрайман-да, нима дединглар? — дея мийиғида кулди Фазлиддин.
Каримбой аканинг номини эшитишлари билан ҳар иккала пўписачи ҳам довдираб қолди. Бир-бирларига қараб олишди. Қўлларидаги пичоқларни тезда қайтариб жойига солишди.
— Нима, бу ер Каримбой акага тегишлими? — дея сўради гапирувчи лидер.
— Яхшиси, ўзидан сўрамайсанми? Кир ичкарига. Гаплашамиз.
Кўринишидан анча ёш бўлган боланинг сенсираши «соққа» умидида келганларни баттар довдиратди.
— Бўпти. Билмабмиз. Биз кетдик.
— Шошманглар. Ким эканингизни, қаердан келганингизни айтмайсизларми? Ё ўзимиз бориб, билиб олайликми?! — деди Фазлиддин уларга еб қўйгудек тикилиб.
— Адашибмиз, билмабмиз. Бошқа ҳеч ким келмайди. Узр. Биздан ўтибди.
— Узрингни пишириб е! Агар яна бир марта шу атрофда қораларингни кўриб қолсам, ўзларингдан кўринглар!
Улар олди-орқаларига қарамасдан қочишди. Фазлиддин эса кулди. «Қуён юраклар! Телефонмиш. Телефон қаёқда? Валак-салаклар, ҳолларинг шу экан, нима қилардинглар герой бўлиб келиб?» дея кўнглидан ўтказди ва ичкарига кирди.
Отаси билан акаси Фазлиддиннинг бунчалик қолиб кетганига ҳайрон бўлиб туришганди. Уларга қандайдир тушунарсиз гаплар эшитилди. Фармон ака ҳатто катта ўғлига: «Фазлиддинга бориб қара-чи, нима гап-сўз эканлигини бил-чи!» демоқчи ҳам бўлди.
— Тинчликми? — деди у Фазлиддин яқинлашганида.
— Ҳа. «Мен ҳали бутун шаҳарга маҳсулот етказиб берадиган катта корхонага эга эмасман. Ҳаммаси қўлда бажарилади», десам тушунишмайди. Кейин эзмаланиб бирма-бир тушунтирдим, — дея ёлғон гапирди Фазлиддин. Ичида эса «Астағфируллоҳ!» дея такрорлаб турди.
— Унда бошқа иш бўлмаса, кетамизми? — деди Фармон ака.
— Ҳа. Қолган ишни эртага қиламиз. Мен уй масаласида опага қўнғироқ қиламан. У билан бирор нимага келишиб оламиз. Шунга қараб, бу ерга келиб ишни бошлаймиз. Лекин учаламиз ҳам улгурмасак керак. Бундан бу ёғига ҳар куни маҳсулот тайёрлаб беришимиз керак. Аммо, ота, магазинлар шундай бўшаб қоляптики, кўриб ҳайрон бўласиз. Оддий соқол оладиган писка ҳам йўқ, — дея бошини сарак-сарак қилди Фазлиддин.
— Лекин қишлоқлардаги магазинлар унчалик ҳам бўшаб қолгани йўқ. Агар шаҳарнинг аҳволи шу бўлса, қишлоқларгаям боради бу тақчиллик. Юр, энди эртароқ борайлик. Кейин овқат-повқат қиламан, деб ўтирма. Қорин роса очқаб кетди. Йўлдан бирор нима олволамиз.
— Бирдан тушамиз бирорта ошхонага. Ҳали кун эрта, қуёш ботишигаям анча бор. Бемалол овқатланиб, кейин уйга борамиз.
Фазлиддин шундай деганидан кейин Фармон ака: «Бу болани уйлантириб қўйиш керак. Кўчада ишлари кўп, яна манави цехни ҳам очволган, камига ўқишиниям қилиши зарур. Ким бунинг кийимларини ювади? Ош-овқатини ким қилиб беради? Онаси… Онаси қишлоқдан келолмайди. Кўниколмайди бу ерга. Мана, менинг ўзим шу икки кунни зўрға ўтказдим. Ҳали беш-ўн кун туроламанми, йўқми, Худо билади. Шундай экан, Фазлиддинни уйлантириб қўйсам, кўнглим анча тинчийди», дея хаёлидан ўтказди.
Улар овқатланиб бўлиб, уйга борганларидан сўнг пул муаммоси кўтарилди.
— Шунча пулни нима қиламиз? — дея сўради Фармон ака ўғилларидан. — Мана, бугуннинг ўзидаям анча йиғилди. Одамлар бунақа пулларни тушларида ҳам кўришмайди. Катта пул. Ёмон томони, бирорта ўғри-пўғри «ҳиди»ни олиб қолса, ана унда ишлар бутунлай чатоқ бўлади.
— Мен шунисини ўйламаган эканман. Балки, цехни ёпсам яхши бўлармиди? Мана, уйга етгулик пулни йиғдик. Ундан ташқари…
— Қўйсанг-чи! — деб бирдан укасининг гапини бўлди Фахриддин. — Агар ўзинг босар-тусарингни билмай қолмасанг, биров сенда пул борлигини ҳатто хаёлигаям келтирмайди. Мен қишлоққа бораман. Беш-олтита бола олиб келаман. Ана, Абдуалим акамнинг иккита ўғли лайлак ҳайдаб юрибди. Агар ойига икки юз сўм бераман, десанг, ётволиб ишлайди, — деди Фахриддин.
— Ҳа, — дея бош ирғаб унинг гапини тасдиқлади Фармон ака, — Фахриддиннинг гапида жон бор.
— Яхши. Лекин улар қаерда яшайди? Бунинг устига, ош-овқати бор, — деб Фазлиддин акасига қаради.
— Шу ернинг ўзидан жой қилиб берамиз. Цехингнинг ичи жуда катта экан. Беш-олти кишимас, юз-икки юз одам бемалол сиғади. Сим каравот олиб берасан. Шунда ётиб юраверишади. Кейин қозон-ўчоқни ҳам бир нарса қиламиз.
— Маъқул. Аммо қиш ҳам бор.
— Ука, — дея жилмайди Фахриддин, — шунча кўп ўқиганинг билан бир хил нарсаларга ақлинг етмас экан. Ғишт олиб келасан, спорт зал бўлиб ётган цехингнинг чеккасидан хонача қиламиз. Болаларнинг ўзлари бир кунда ғиштини териб ташлашади. Унинг ичига печка ўрнатамиз.
Фазлиддин ҳиринглаб кулди. Сўнг:
— Ака, сизга бу қишлоқмиди, уйнинг мўрисидан пориллаб тутун чиқиб турсаям, биров бир нима демайдиган? — деди.
— Ундай печка бўлиши шартмас, ток печка қўясан, бўлди, олам гулистон. Сен унақанги нарсаларни менга қўйиб бер, ўзим жойини соламан. Энг муҳими, пулингнинг борлиги. Пул борми, чангалда шўрва!
Фахриддиннинг бу сўзларидан кейин Фармон акаям кулди.
— Мен шу пайтгача бу боланинг калласи ошқовоқ, бу бола еб ётишдан бошқасига ярамайди, деб юрардим. Йўқ, сениям калланг ишларкан! — деб Фахриддиннинг елкасига уриб қўйди у.
— Шу-да, манавинингиз ялло қилиб юрди, — деб Фахриддин қовоғини уйганча укасини кўрсатди, — мен бўлсам, молга қара, томорқани чопдан бошқасига ўтмадим.
— Ўзингдан ўпкала. Ўқимаганингдан кейин, мол боқишдан бошқасига ярамайсан.
— Ана, бошқа нарсаларгаям каллам ишларкан-ку, — дея тўнғиллади Фахриддин.
— Ҳа, ишларкан. Тан олдим-ку мен ҳам. Унда худди сен айтгандай қиламиз. Фазлиддин, ўғлим, сен бир-икки кун цехингни ишлатмай туришингга тўғри келади. Нима дейсан шунга? — деб Фармон ака кичик ўғлига юзланди.
— Шароит шуни талаб қилиб турган бўлса, бошқа илож йўқ. Қайтага, шу кунларда ўтирган уйимизни ҳужжатлаштириб ҳам оламиз.
Шу билан уларнинг ўртасидаги суҳбат тугади. Фазлиддин Хонзодахонга қўнғироқ қилди. Уйни бирдан ҳамма пулини бериб сотиб олишини айтди. Устози ҳам хурсанд бўлди. Шу билан бирга, газ, чироқ ва ҳоказолардан маълумотнома йиғиб, эртага пешиндан кейин нотариусга олиб келиш вазифасини Фазлиддиннинг елкасига юклаб қўйди.
Ҳа, унинг бажармасдан иложи йўқ эди. Ҳатто бошқа вазифани айтганида ҳам қиларди. Ўша Малоҳатни ўқишга киритиб қўйишни илтимос қилганидан бери Фазлиддин Хонзодахоннинг олдида ўзини қарздор ҳисоблай бошлаганди.
У эртасига ҳамма маълумотларни йиғиб бўлганидан сўнг (ҳалиям омади бор экан. Чунки маълумот берувчилар ишни бирдан битириб берадиганлар хилидан эмасди. Бироқ шу сафар дарров ёзиб бераверишди. Ё уларга ҳам кимдир томонидан тайинлаб қўйилган ёки шунчаки ўша куни Фазлиддин учун омадли эди), Фазлиддин Хонзодахоннинг арзанда қизи Сабина учун тайёрлаб қўйилган шампунни ҳам олди. Унинг идиши бошқача эди. Шаффоф. Шакли кўпроқ иккита айлананинг туташтирилганини эслатарди. Сиғими ҳам дўконларга чиқариладиганлардан катта эди.
У Сабина нотариусга келади, деб ўйламаганди. Аммо қиз келди. Фазлиддин ташқарида эди. Қўлидаги целлофан пакетда Сабинанинг буюртмаси бор эди… Ҳа, улар бироз эртароқ келишди. Фармон ака билан бирга. Ичкарига киришди. Нотариус билан гаплашишди. Шундан кейин Фармон ака кутиш ўриндиғига ўтирди, Фазлиддин ташқарига чиқди. Бироздан сўнг Хонзодахон ўзининг «Жигули»сида келди. Ёнида эса, ҳали айтганимиздай, Сабина бор эди.
Хонзодахон майли, ёши катта хотин, Фазлиддинни ўғлидай билиб унинг юзидан ўпиб қўйди. Сабина эса уялибгина салом бериб нарироқда туриши керак эди. Албатта, китоб бўйича, тартиб бўйича у шундай қилиши керак эди. Аммо у ҳам Фазлиддинни қучди. У ҳам юзидан ўпди. Фазлиддиннинг чаккасида қолдирган лаб бўёғини худди онаси каби бармоқлари билан артиб қўйди ҳамда онасидан ҳам олдин сўз қотди:
— Менинг буюртмам нима бўлди?
Фазлиддиннинг бўлари бўлганди. Унинг ҳатто оёқлари қалтирай бошлаганди.
— Мана, — деди у зўрға қўлидаги пакетини кўрсатиб.
— Қани, — деб қиз пакетни олиб ичини очди-да, ундан шампунни чиқарди, сўнг онасига юзланиб, — қаранг, бошқача экан, — деди.
Ундан кейин идишнинг оғзини очиб ҳидлади. Кўзлари қувончдан чарақлаб кетди.
— Ойижон! — дея бақириб юборди бирдан. — Ман кутганимдан ҳам зўр! Раҳмат!!!
У Фазлиддиннинг бўйнидан қучоқлади. Юзларидан чўлпиллатиб ўпди ва охирида бўсасини лабига ҳам теккизди.
Фазлиддин дарров ўзини орқага олди. Шоша-пиша юзини арта бошлади.
— Сан қиз одамни инфаркт қиласан! Аканг уялганидан ерга кириб кетгудек бўлди! Йиғиштир бу қилиғингни! — дея Хонзода опа қизига дакки берди.
Сабина қовоқчасини юзаки уйиб қўйди-да:
— Қаранг, ойи! Сиз билмайсиз-да бунинг қанчалик зўрлигини! Так, бу шампунни ман ихтиро қилдим. Демак, у фақатгина маники бўлиши керак! Бошқа ҳеч кимники! Ҳаттоки манави ҳам бунақасидан фойдаланмаслиги керак! — деди Сабина ёрлиқдаги «Малоҳат» ёзуви устига бармоғини қўйиб.
— Хўп, — деди ҳамон юзини артаётган Фазлиддин қутулиш учун.
Хонзодахон қиқирлаб кулди.
— Балосан, сан қиз. Энди машинага бор, мен дарров чиқаман. Бўлмаса, сен ичкарида ҳам бирорта қилиқ кўрсатасан!
Ҳужжатлар имзоланиб, ҳамма ўз уйи томон кета бошлаганида ҳам Фазлиддинни ҳаяжон тарк этмаганди. «Парвардигор, ўзинг кечир!» дерди ичида ва шу бўйи қайтиб Сабина билан кўришмасликка қасам ичди.
Шу куни у Малоҳатнинг ёнига боролмади. Уялди. «Унинг кўзига қандай қарайман?» деди. Аммо эртаси куни чидаёлмади, борди…
Фахриддин ўзи айтганидай қишлоқдан беш-олтита эмас, саккизта бола етаклаб келибди. Шулардан биттаси Фазлиддиннинг холаваччаси Машраб эди…
Роппа-роса бир ҳафтадан сўнг иш гуриллаб кетди. Чунки шу муддат ичида йигитларнинг ҳаммаси ишга мослашиб олишди. Улар кунига индамасдан беш мингта шампунни тайёр ҳолатга келтира олишарди.
Ана шундай бир пайтда бошқа бир муаммо бош кўтариб чиқди.
Пластмасса заводи унга идиш етказиб беролмайдиган бўлиб қолди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)