Вақтида тўланмаган қарз пеняси билан ундириладиган бўлди
Халқимизда “Қарз олган қочар, қарз берган қувар” деган гап бор. Бу ҳаётий нақл наинки айрим кишилар орасида, баъзан ташкилотлар ўртасидаги муносабатларда ҳам исботини топмоқда.
Бўстон туманлараро иқтисодий судига “Сараланган дон” масъулияти чекланган жамияти (номлар ўзгартирилган)дан даъво ариза келиб тушди. Даъво аризада “Шаҳрихон савдо” масъулияти чекланган жамиятидан 139 миллион 580 минг сўм асосий қарз, 6 миллион 979 минг сўм пеня ҳамда тўланган суд харажатларини ундириш сўралган.
Хўш, икки тадбиркорлик субъекти ўртасида низо келиб чиқиб, иш судгача етиб боришига нима сабаб бўлганди?
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, икки юридик шахс ўртасида 2020 йил 24 июнда маҳсулот етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилган бўлиб, унга кўра даъвогар жавобгарга умумий қиймати 500 миллион сўмлик ун маҳсулотлари етказиб бериш, жавобгар эса маҳсулотлар учун тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олади.
Келишувга кўра, “Сараланган дон” масъулияти чекланган жамияти томонидан жавобгарга 2020 йилнинг 29 июнь куни 30 миллион сўмлик, декабрь ойида яна 226 миллион 780 минг сўмлик биринчи навли ун маҳсулотлари етказиб берилган. Буларнинг барчаси тегишли ҳисобварақ-фактураларда ўз аксини топган.
Жавобгар эса даъвогарга икки маротаба жами бўлиб 117 миллион 200 минг сўм пул ўтказиб, қолган 139 миллион 580 минг сўм тўловни амалга оширишни пайсалга солиб келади. МЧЖ раҳбари орадан уч йилга яқин вақт ўтса ҳам зиммасидаги қарздан қутулишни хаёлига келтирмайди. Мавжуд қарздорликни тўлаб бериш юзасидан даъвогар томонидан юборилган талабномани эса оқибатсиз қолдиради.
Шундан сўнг даъвогар судга мурожаат этишга мажбур бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбурият шартларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Мазкур кодекснинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарздорлиги суд мажлисида даъвогар ва жавобгар вакилларининг берган тушунтиришлари, тарафлар ўртасида расмийлаштирилган шартнома, ҳисобварақ-фактуралар билан ўз тасдиғини топади.
Юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб суд “Шаҳрихон савдо” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан даъвогар фойдасига 139 миллион 580 минг сўм миқдоридаги қарздорликни ундиришни лозим топди.
Шунингдек, даъвогар етказиб берилган маҳсулот ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун икки ўртада тузилган шартноманинг тегишли бандига асосан тўлов кечиктирилган қарз суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ мавжуд қарздорликнинг 5 фоизидан ортмаган миқдорда 6 миллион 979 минг сўм пеня ундиришни сўраган. Зотан, даъвогар шартнома шартларига асосан пеня талаб қилишга ҳақли.
Чунки Фуқаролик кодексининг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда, мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Шундан келиб чиқиб, суд жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига юқорида зикр этилган миқдорда пеня ундиришни ҳам лозим топди. Бундан ташқари, суд қарори билан 1 миллион 465 минг 590 сўм миқдоридаги давлат божи ҳамда почта харажатлари ҳам жавобгар зиммасига юклатилди.
Шавкат Абдухаликов,
Бўстон туманлараро иқтисодий суди судьяси