Нилуфар Усмонова: “Онамнинг хатосини такрорламайман, деб ўзимга сўз берганман” (фото)

Нилуфар Усмонова: “Онамнинг хатосини такрорламайман, деб ўзимга сўз берганман” (фото)

Ижод билан бирга беш фарзандни тарбиялаётган хонанда Нилуфар Усмонова санъаткорлар оиласида туғилган бўлишига қарамай, бу соҳани танлашни истамаган.

 

“Болалигимда ёлғизланиб қолардим”

 

Юлдуз Усмонованинг илк турмуш ўртоғи созанда Иброҳим Ҳакимов бўлган. Икки ижодкор қисқа турмуши давомида қиз фарзандли бўлган. Аммо маълум сабабларга кўра, улар 1996 йили расман ажрашган. Нилуфар Усмонова ўз интервьюларида тўлиқ оилада улғайишни орзу қилгани ва болалигида ота-она меҳрига зор бўлгани ҳақида айтиб ўтган.

— Болалигим Марғилонда, бувимнинг ҳовлисида ўтган. Раъно холам онамдек меҳр берган бўлса-да, бола барибир ўз ота-онасини соғинар экан. Холаларимнинг ўз фарзандлари бор эди. Улар билан бирга ўйнардик, уришиб қолсак барибир ўз сингли, укаси билан бирга бўлиб оларди. Мен эса ёлғизланиб қолардим. Ўшанда “Ҳали болаларим кўп бўлади, ҳеч ким уларни ёлғизлатиб қўймайди”, деганимда, фаришталар “омин” деган экан. Отамни ҳам, онамни ҳам яхши кўраман. Ажрашиш уларнинг қарори. Қарорларини ҳурмат қилган ҳолда иккисига ҳам бўлган фарзандлик меҳрим сақланиб қолади, — дейди Нилуфар Усмонова.

 

“Онамнинг хатосини такрорламайман”

 

Нилуфар Усмонова онасининг қаттиққўл бўлгани, у қилган хатоларни такрорламасликка сўз бергани ҳақида гапиради.

 

— Болалигимдан юмшоқ табиатли қиз бўлганман, шу билан бирга одамлар назарида бўлишни ёқтирмасдим. Чунки нотаниш одамлар ҳам мени кўрса “Юлдузнинг қизи” деб эркалашарди. Бу эса менга ёқмасди. Онам ниҳоятда қаттиққўл бўлган, болалигимда бошимни силаб эркалаганини эслолмайман. Хато қилсам уришарди, калтак еган пайтларим ҳам бўлган. Онам мендан катта одамдан талаб қилинадиган ишни талаб қиларди. Ўша пайтда ундан ранжиганман, аммо она бўлгач, унинг қарорлари тўғри эканлигини тушуниб етдим. Энг қизиғи, набираларидан мендан талаб қилганчалик, бирор нарсани сўрамайди. Мен уришсам, “Бола-ку, секин-секин ўрганади” дейди.

 

Онам қилган хатоларни қилмайман, санъатни танламайман, деб ўз-ўзимга сўз бергандим. Аммо банданинг эмас, Яратганнинг айтгани бўларкан, — дейди Нилуфар Усмонова.

 

“Қўшиқчиликка умуман қизиқмаганман”

 

Нилуфар Усмонова илк марта 8 ёшида “Шайтонга бўйсунган юраклар” номли қўшиқни онаси билан дуэт тарзида ижро этган. Қўшиқ Юлдуз Усмонованинг 1995 йилдаги концерт дастури учун махсус яратилган, кейинроқ унга клип ҳам суратга олинган.

 

— Қўшиқчиликка умуман қизиқмаганман. Менга Тошкентда яшашдан кўра Марғилонда бувим билан бирга қолиш қизиқроқ эди. Тошкентда тезда зерикиб қолардим. Илк марта саҳнага чиқишим ҳам онамнинг хоҳиши билан бўлган, — дейди Нилуфар Усмонова.

 

Хонанда бошланғич таълимни Марғилон шаҳридаги 18-сонли мактабда олади. Ундан сўнг онаси Нилуфарни Тошкентга олиб келиб, тил ўрганишига шароит яратади. 10 ёшида уни Буюк Британияга ўқишга юборишади, шу тарзда Нилуфар Vinehall мактаби ва Sherborn халқаро коллежида таҳсил олади. Нилуфар Усмонова 2001 йили Ўзбекистонга қайтиб келади ва ўрта таълимни халқаро мактабда якунлайди.

 

“Сени истамаган одамга интилма”

 

Хонанда Нилуфар Усмонова эрта турмушга чиққан. У 17 ёшида ҳуқуқшунос Новзод Саидгазиев билан оила қурган. 2004 йилда хонанда илк бор оналик бахтига сазовор бўлган. Хонанданинг илк турмуши узоққа чўзилмади.

 

— Ажрашишимизнинг сабаблари кўп. Мен бир марта расман никоҳдан ўтганман ва ажрашганман. У инсон оламдан ўтиб кетди, ёмон гаплар билан эслашни истамайман. У беш қиз ичида ўсган ягона ўғил фарзанд эди. Оиламни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилганман, аммо онамнинг гаплари қаттиқ таъсир қилган. “Сени истамаган инсонга интилиб қадрингни туширма, ҳаммаси тақдирдан”, деган. Қайнонам ҳам худди онамдек чўрткесар аёл эди. Ўғлига “Ёқмаяптими ажраш”, деган. Шундай бўлса-да, бу инсондан миннатдорман. Чунки бу никоҳ ақлли ўғлим Саидаъзамхоннинг туғилишига сабаб бўлди, — дейди хонанда Нилуфар Усмонова.

 

“Ажрашганимдан кейин онам билан ҳам яшолмаганман”

 

Турмушдан ажрашган Нилуфар Усмонова руҳий тушкунликка тушади. Онаси билан жиддий келишмовчиликларга бориб, ўғли билан алоҳида яшашга қарор қилади.

 

— Биринчи турмушим бўлмаганидан кейин, онам иккинчи марта турмушга бермоқчи бўлганида ўғлимни олиб, уйдан чиқиб кетганман. Чунки мен онам айтган инсонга турмушга чиқишни хоҳламаганман, сабаби мен бошқа инсонни севардим. Онам машинамни олиб қўйиб, яшашим учун уй берган. Ўша уйнинг шароити яхши бўлгани учун мен уни ижарага бериб, ўзим шароитсиз уйда яшаганман. Чунки боламнинг боғчасига, ўзимнинг юриш-туришимга пул керак эди. Баъзан жуда пул зарур бўлиб қолганида, косметика сотадиган аёлдан товар олиб, хонанда дугоналаримга сотиб, пул топганман, — дейди Нилуфар Усмонова.

 

“Ижара уйда ўғлимни ток урган”

 

Хонанда молиявий қийинчиликларга учраган кунларини қуйидагича эслайди.

 

— Ўғлим Саидаъзамхон куни билан боғчада бўларди, кечки пайт уйга келганида тез тайёр бўладиган лапшани яхши кўргани учун, шуни олиб тайёрлаб берардим. Бола шуни еб ухларди, эрталаб яна боғчага кетарди. Уйим шу даражада эски, шароитсиз эдики, полдан линолеум йиртилиб, цементи чиқиб ётарди. Эски “Бирюса” музлаткичи турарди. Уни ичида ҳеч нарса бўлмасди, деярли. Фақат овқат қилиш учун зарур бўлган гўшт, картошка, сабзи, пиёз бўларди. Бир куни Саидаъзамхон ўша музлаткични очганди, ток уриб, орқага отиб юборди. Шу ҳолат менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Дўстлар, таниш-билишлар орқали тўйларга чиқа бошладим. Тўйларга кириб, қистирилган пулни олиб, чиқиб кетардим. Шундай қилиб, мен ўзимни тўйларда “раскрутка” қилиб олганман. Менинг қўшиқларим тўй боп бўлмагани учун ким қанча пул берса, бораверганман ўша тўйга.

 

— Биринчи гонораримга олган энг қиммат нарса бу 1375 долларлик музлаткич бўлган. “Чиринди” уйимда ўша қимматбаҳо музлаткич турарди. Боламни ток уриб юборгани менга қаттиқ таъсир қилган, шунинг учун энг қимматидан олганман, — дейди хонанда.

 

Ажримдан кейинги руҳий тушкунлик

 

Руҳий тушкунлик ва моддий қийинчиликлар уни ижод қилишга ундайди. 2005 йили “Болам шу юрт сеники” номли қўшиқни ижро этади. Бу билан онасига ҳам ниманидир исботлашни истаганди. Аммо қўшиқ яратиш, ижодни бошлаш осон эмас. Шу боис у продюсерлик компаниясига мурожаат қилиб, ҳамкорликни таклиф қилади.

 

— Биринчи марта тўйга чиқишим жуда қизиқ кечган. Дўстим Жамшид Бобожонов “Шунақа қилиб ўтираверасанми? Боланг учун ҳам ишлашинг керак-ку”, — деб койиб берган. Шундан кейин тўйларга чиқишни бошлаганмиз. Аммо фақат дўстларимизнинг тўйига борардик. Чунки ҳали ташқаридан тўй оладиган даражада машҳур эмасдим, — дейди хонанда Нилуфар Усмонова.

Нилуфар Усмонова 2006 йили Тошкент давлат юридик институтига ўқишга киради. Аммо у ерда ўқиш осон кечмайди. 2009 йили оила қургач, академик таътил олишга мажбур бўлади. Чунки хонанда кетма-кет икки ўғил фарзандли бўлади. Хуллас, академик таътиллар бир-бирига уланиб хонанда 2013 йилда ўқишни якунлайди.

 

“Еттита болам бўлишини орзу қиламан”

 

Ҳозирги кунда Нилуфар Усмонованинг беш нафар фарзанди бор. Хонанда интервьюларида яна фарзанд кўриш нияти борлигини айтиб келади.

 

 

— Еттита болам бўлишини орзу қиламан. Улар бир-бирига тиргак бўлади. Беш фарзандимни ёлғиз тарбиялаяпман. Ёлғиз аёлларга қанчалик қийинлигини яхши биламан. Беш боланинг таъминоти учун ҳам ҳамиша ҳаракатдаман, — дейди у.

 

“Парҳез билан озишим қийин”

 

Нилуфар Усмонова мунтазам спорт билан шуғулланади. Унга туғуруқдан сўнг қоматини ростлаш ва ортиқча вазндан холос бўлиш ҳам муаммо эмас.

 

— Кўпчилик аёллар туғуруқдан сўнг семиради. Менда ҳам ҳар бир фарзандимни дунёга келтиргач, вазн тўплаш билан боғлиқ муаммолар бўлган. Парҳез қилишим қийин. Шу боис кўпроқ сув, мева-сабзавотларни истеъмол қилиб, тинимсиз спорт билан шуғулланаман. Чунки парҳезда ёғлар эриши пассив, жисмоний машқлар билан шуғулланганда эса фаол бўлади. Шу боис фақат парҳезнинг ўзи билан кутилган натижага эришиш қийин, — дейди хонанда.

 

“Ҳеч қачон тақиқ бўлмаган”

 

Хонанда 2022 йили илк марта яккахон концерт дастурини ўтказди. У 15 йиллик фаолияти давомида бирор марта яккахон концерт дастурини тақдим этмаганди.

 

— Концерт беришимга ҳеч қачон тақиқ бўлмаган. Тан оламан, у пайтлари ёш бўлганман, ўйин-кулгига ўч бўлганман. Бундан ташқари, фарзандларимнинг кетма-кет туғилиши сабаб концерт беришга ўзимда куч тополмаганман. Ижодкор концерт бериш учун руҳан тайёр бўлиши керак экан, — дейди Нилуфар Усмонова.

 

Нилуфар Усмонова тадбиркорликда ҳам ўзини синаб кўришга қарор қилди. Ҳозирча унинг тур фирмаси ва рўзғор буюмлари савдоси билан шуғулланадиган дўкони бор.

Daryo.uz

Дўстларингизга ҳам юборинг: