Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (72-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (72-қисм)

Фазлиддин бошини эгди. Дарҳақиқат, шундай эди. Қори Муҳаммад Али ҳам бошқалар қатори пахтага кетди. Қолса бўларди. Керакли одамларга айтса, қолдиришарди. Аммо у айтмади… Қайтганидан кейин эса унинг ишлари кўпайиб кетди. Бир неча марта бу ҳақда унинг ўзи Фазлиддинга ҳам айтди. Шу боис Фазлиддин отасини олиб кела олмади.

— Энди тузалдингиз. Бир-икки кунда янаям яхши бўлиб кетасиз. Ана ундан кейин олиб келаман. Кейин, домла, ерда ётибсиз. Шу, сизга бирорта диванми…

— Йўқ, йўқ. Тўхтанг, биродар! Биринчидан, ердамас, ергача камида ўн беш метр бор. Иккинчидан, пайғамбаримиз қаерда қандай ётганлар? — қори Муҳаммад Алининг кўзига ёш келди. У ичидан отилиб чиқаётган йиғини зўрға тўхтатди. Сўнг: — Биз ким бўлибмизки, оромимизни боплаб қўйсак? Менга қолса, гилам ҳам тўшатмаган бўлардим. Бир айтдингиз, бошқа айтманг.

Фазлиддин ўзини ўйлади. У юмшоқ каравотда ётади. «Бўлди, тушаман», деб ўзига ўзи қасам ичди.

Аччиққина мастава келди. Ҳар иккиси ҳам иштаҳа билан ичди. Шу аснода ҳам анча гаплашишди. Шундан сўнг Фазлиддин кетди.

Райкомнинг биринчи секретари айтган бухгалтер семиз ўрис хотин экан. Анча жойдан пиёда келибди. Пишиллаб қолибди. У Фазлиддин билан иш тўғрисида гаплашишдан олдин цехни томоша қилди. Кулди. «Ниҳоятда ибтидоий», — деди. Кейин агар ўзи ишга ўтадиган бўлса, қаерда ўтиришини сўради.

— Сизгаям бирорта хона қуриб берамиз, — деб унинг кўнглини хотиржам қилмоқчи бўлди Фазлиддин.

— Бўлмайди, — деди аёл, — бу ердан юз метр нарида кўп қаватли уй бор экан. Шулардан бирортасини сотиб оласан. Биринчи қаватдан. Ундан юқорига мен чиқолмайман. Ана шу жойни идора қиламиз.

— Менимча, бунинг иложини қилолмасак керак, — деб кулди Фазлиддин.

Аёл йўталиб қўйди.

— Иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Энди менга бирорта стул берасизларми ёки тураверайми шундай? — деб у сумкачасини ковлаштира бошлади.

Стулда Фармон ака ўтирганди. Унинг қўлида бир даста қоғоз бор эди. Дарров ўрнидан турди.

— Мана, — деди.

Фазлиддин ноқулай аҳволга тушди.

— Сиз ўтираверинг, мен бошқа бирор нима топиб келаман, — деб у ёқ-бу ёққа қараган бўлди.

Бироқ ота кўнмади. Чунки иккинчи стулнинг ўзи йўқ эди.

Хуллас, бу бухгалтернинг талаблари анчагина экан. Ҳа, исмини айтиш эсдан чиқибди. Исми Любовь Николаевна Смирнова. Фазлиддин ҳаммасига «Хўп!» деди.

— Менга қара, ҳаммасига «хўп» деяверишинг яхши эмас. Аммо саводинг дуруст экан. Рус тилида ҳам гаплашишинг ёмон эмас. Мен айтган нарсаларнинг ярмидан кўпини қилиб бўлмайди. Албатта, ҳозирча. Аммо келажакда бемалол эплаб кетасан, деган умиддаман. Кейин Сочидан дастгоҳларни олиб келиш масаласи. Ҳозир айни кунларда гарчи пулинг бўлса-ю, ўша пулни уларга берсанг ҳам, олиб кела олмайсан. Беришмайди. Бироқ райком секретарининг биргина талабномаси билан ҳеч қанақа маблағсиз келтириш мумкин. Чунки мен илгари бир неча марта шу ишни қилганман. Ишим тушган. Ҳамроқул Самандаровичнинг эса бунақа нарсалардан хабари йўқ. Сен менга бориб келиш йўл ҳақини тўласанг бўлди, у ёғини ўзим боплайман. Сен бўлсанг, бу ерда жой ҳозирлаб тур. Цехингнинг орқа томонида худди шундай катта омборхона турибди. Бўм-бўш. Шуниям ол. Бугундан қолдирмасдан Самандар Ҳамроқуловичнинг ёнига бор… Шошма, тўхта! Юр, кетдик, бирга борамиз. Ундан қандай қилиб бунақа нарсаларни ундиришни менга қўйиб бер. Ҳа, яна битта нарса эсимдан чиқибди. Маошимни тўрт юз сўмдан кам қилмайсан. Қизим бор, у кассир бўлади. Унга икки юз эллик сўм тўлайсан. Ана ундан кейин биздан ҳамма нарсани талаб қилавер.

— Масала ҳал! Кетдик райкомга.

Любовь Николаевна ҳақиқатан ҳам бало аёл экан. Самандар Ҳамроқуловични бирпасда ўзи айтган ҳамма нарсага кўндириб чиқди.

Фазлиддин цехга қайтиб келди. Отаси билан гаплашди. Бўлиб ўтган гап-сўзларнинг барини оқизмай-томизмай етказди. Любовь Николаевнанинг маоши масаласида отаси бироз ўйланиб қолди.

— Топиб бероласанми? — деб сўради.

— Ота, кунлик даромад беш мингдан ошган. Агар у ҳақиқатан ҳам зўр ишласа, балки, кейинчалик кўпайтириб беришимиз ҳам мумкин. Бунинг устига, агар дастгоҳ келса, мол чиқаришимиз жудаям ошиб кетади. Энди акамни яна қишлоққа жўнатиш керак. Бориб одам олиб келмаса бўлмайди. Цехимизнинг орқасидаги жойни тезликда ўша келадиган дастгоҳ учун тайёрлаш керак. Бу ердаги ишчиларга тегиб бўлмайди. Тегинсак, ишимиз тўхтаб қолади.

— Майли, болам. Ишқилиб, Худо ишимизни ўнгидан берсин…

Дастгоҳнинг келиши, уни ўрнатиш, ишга туширишга роппа-роса бир ой кетди. Бухгалтер ва директорга ҳам офис қилинди. Албатта, директор Фазлиддин эди. Собиқ омборхона ичидан қилинди. Омборхонанинг баландлиги ўн етти метр эди, ичи етти юз квадрат метр. Шунинг бир чеккасига икки хонали уйча қурилди. Хоналарнинг биттасида Фазлиддин, иккинчисида Любовь Николаевна қизи Наташа билан ўтирадиган бўлди. Унинг қизи новча, унчалик озғин бўлмаган, сариқ сочли эди. Турмушга чиққан. Битта боласи бор экан. Аммо эри билан ажрашибди. Сабаби, эри Андрей пиёниста бўлиб қолибди. Кейин унинг Пермда қариндошлари бор экан, шу ёққа кетиб қолибди.

Она-бола ишга соат тўққиздан бир дақиқа олдин ҳам, кейин ҳам келмасди. Кейин соат беш бўлдими, агар манави ёқда ишлари тоғ бўлиб уюлиб ётган бўлса ҳам кетишарди. Любовь Николаевна (Фазлиддин уни Муҳаббат опа деб чақира бошлади) ўзидаги тартибни ўзининг қайсарлиги боис, бирпасда ишчиларга, ҳаттоки мижозларга ҳам сингдира олди.. У ўша қайсарликни қизига ҳам қиларди. Иш пайтида улар она-болага сира ўхшамасдилар. Муҳаббат опа Наташани бир лаҳзага бўлсин, юкламасиз қўймасди.

— Энди менинг керагим йўқ, — деди Фармон ака, — анави ўрис хотиннинг ўзи ҳамма ёқда тартиб ўрнатди. Ҳатто ундан мен ҳам қўрқа бошладим. Лекин бир-иккита қилиқлари ёқмай турибди. Уришиб қолмасайдим, деган хавотирдаман.

— Йў-ў-ўқ, ота, сизга бир нима дейишга унинг ҳадди сиғмайди. Ўзи неча марта сизни мақтади. Агар ҳамма отангдай бўлганида, аллақачон коммунизм қурилган бўларди, дейди, — дея Фазлиддин бухгалтерининг ёнини олган бўлди.

— Пишириб есин ўша коммунизмини. Хуллас, энди мен қишлоққа қайтмасам бўлмайди. Бу хотин сенга хиёнат қилмайди, аниқ. Менинг вазифамни бемалол бажаряпти. Ундан кейин у ёқ-бу ёқлардаям танишлари кўп экан. Худо хоҳласа, ишинг зўр бўлиб кетади. Менга энг кўп маъқул келгани имом билан гаплашганим бўлди. Жуда зўр одам экан. Сен унинг айтганларидан чиқма… Энди битта масала қолди.

— Нима экан, ота? — деб сўради Фазлиддин юмшоқ оҳангда.

— Сени уйлантириш.

Фазлиддин бирдан дув қизарди. Бошини эгди.

— Ҳали эрта-ку, ота, — деди.

— Ҳеч эрта жойи йўқ. Бунинг устига, сенга керак, болам, керак. Чунки бу ишларни қилиб юрган одамнинг иссиқ-совуғидан кимдир хабардор бўлиб туриши шарт. Бўлмаса, ё айниш бўлади, ёки ағнаш…

— Ота, ҳамма жўраларим армияда. Майга бориб, балки, мен ҳам кетиб қоларман.

— У ёғини қўявер. Мен домланг билан ҳам шу масалада гаплашдим. Унгаям маъқул келди. Уям сенинг бир ўзинг қийналиб қолишингни айтди.

— Лекин…

— Лекин-пекинни йиғиштириб қўй. Ҳаммасига, аслида, ўзинг сабабчисан.

— Нимага?

— Шунча нарсани мен қилдимми? Ҳали яна бир балолар қиламан, деб юрибсан. Агар шуларниям қилсанг, билмайман, ухлашгаям вақтинг бўлмай қолса керак. Мен қишлоққа бориб, у ёқдагилар билан ҳам маслаҳатлашаман. Кейин сенга хабарини бераман.

Ота шу гапларни айтганидан кейин икки кун Фазлиддиннинг уйида турди. Дам олди. Қори Муҳаммад Алининг ёнига қатнади. Дарс олди. Келиб Қуръон ўқиди. Дарвоқе, Фармон аканинг ҳам арабчада анча саводи чиқиб қолганди. Шунинг учун ҳам китобдан сира бош кўтара олмасди. Аслида, унчалик ҳам кетгиси келмаётганди. Бироқ нимадандир хавотир оларди…

Фазлиддин отасини қишлоққа кузатганидан кейин тўғри Малоҳатнинг ёнига келди. Ахир унга янгиликни айтиши керак. Шунча йилдан бери Малоҳат билан илиқ муносабатда юрибди. Бироқ бирор марта ҳам севги изҳор қилмаган. Эҳтимол, Малоҳат кўнмас. Эҳтимол, ҳақиқатан ҳам у Фазлиддинни худди акасидай кўриб юргандир. Ахир шунақаси ҳам бўлади-ку. Жуда яқин бўлади. Сирлашади. Зарур бўлса, маслаҳат ҳам беради. Бироқ кўнгли бошқада бўлади… Ҳаётда бундай воқеалар озмунча бўлганми? Ана, италиялик икки севишган — азбаройи севгиларини сақлаб қолиш учун йигит бошқага уйланган, қиз бошқа бировга турмушга чиққан. Агар иккиси оила қурганида, ораларидаги севги йўқолиб қоларкан. Уни сақлаш учун шундай қилишибди.

Лекин Фазлиддин бошқа қиз билан яшашни тасаввур ҳам қилолмайди. Бу ҳолваси. Агар Малоҳат бошқа бировга эрга тегиб кетса борми?.. Бир марта у шундай хаёлга борди. Ўша хаёлнинг ўзи ҳам Фазлиддинни роса абгор қилиб ташлади.

Малоҳатнинг чиқиши чўзилди. Фазлиддиннинг диққати ошди. У тез-тез соатига қараб қўяверди. Бир-икки марта ўрнидан туриб, бироз айланган ҳам бўлди. Бирдан кўнглига бемазадан-бемаза ўйлар кела бошлади. Аслида, шундай кутган одаминг вақтида келмаса, дарров бетайин нарсалар миянгни эгаллаб олади…

Ниҳоят, Малоҳат кўриниш берди. У қандайдир хафа эди. Фазлиддин беш-олти қадам наридан қизнинг кайфияти яхши эмаслигини билди. Билди-ю, бир лаҳзада ўзининг ҳам руҳи чўкди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: