Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (73-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (73-қисм)

— Тинчликми, хоним? — деб сўради Фазлиддин Малоҳатнинг саломига алик олганидан кейин.

— Тинчлик. Тўйга борадиган бўлдик, — деб мийиғида кулди Малоҳат.

— Зўр-ку. Кимнинг тўйи? — дея жилмайди Фазлиддин ҳам.

— Барнонинг.

— Барнонинг?!

— Ҳа, Барнонинг.

— Буниси энди кутилмаган хабар. Менимча, эрга тегаётганлиги тўғрисида гап-сўз йўқ эди, шекилли. Куёв бола Қўқондан эканми?

— Йўқ. Ундай эмас экан. Менга келин дугона бўласиз, деб келибди. Кўнмадим. Шунга иккаламиз бироз аразлашиб қолдик.

— Нега кўнмадингиз?

— Мен ёлғон тўйда ёлғон дугона бўлолмайман.

— Нима деганингиз бу?

— Хуллас, Барно турмушга чиқаётган одам, ҳа, у одам, йигит эмас, ёши эллик бирда.

— Нима? Шу ёшгача уйланмабдими?

— Аллақачон уйланган. Барнодан катта фарзанди ҳам бор. Аммо тўйда унинг ўзи фақат меҳмон бўларкан. Ўрнига бошқа, ҳеч ким танимайдиган бола куёв бола ролини бажариб бераркан. У қизни уйидан олиб чиқади. Кейин унинг ёнида, тўй мобайнида ўтиради. Кейин ваъда қилинган пулни олади-да, ўйиндан чиқади. Бошқа ҳамма масалаларда ҳақиқий куёв бўлади.

— Никоҳдан ўтишмайдими?

— Ўтишади. Шаръий никоҳдан. Расмий эмас.

— Нега?

— Билишимга қараганда, куёвнинг олдинги хотини ўлган ёки у ажрашган.

— Ундай эмас, Барно иккинчи хотин бўлади. Гап тамом. Асли канизаклар авлодидан эди. Яна шу томонга кетибди.

Фазлиддин кулди. Кейин бошини қашлади.

— Битта бомба гап айтайми? — деди сўнгра.

— Нима деганингиз бу? — дея сўради Малоҳат ҳайрон бўлиб.

— Бунинг ҳеч қанақа ёмон жойи йўқ. Шундай бўлаётган экан, сиз билан мен тушунмайдиган яна нималардир бор. Биз уни билмаймиз. Билмай туриб бирор нарса дейишга ҳақимиз йўқ. Агар Барно ўша одамга турмушга чиқмасдан, ҳалигидай бўлиб юраверганида ва буни бировга билдирмаганида, уни ёмон кўриб қолган бўлармидик?

— Билмадим, — дея бошини эгди Малоҳат, — шунда тўйга бораверайми?

— Қўқонгами?

— Йўқ, шу ерда. Тўй ресторанда бўларкан. Эсингизда бўлса, Барнонинг квартирага чиқиб кетаётганини айтгандим. Унақамас экан. Уй совға қилинибди унга…

— Барибир, Барнога қийин бўлади. Тўйга бориш керак. Фақат жуда келиннинг дугонаси бўлиб эмас, сал берироқда туриш яхшироқми, дейман.

— Сиз ҳеч қачон хато қилмайсиз, тўғрими?

— Йўқ, тўғримас. Менинг ҳам хатоларим тиқилиб ётибди. Баъзиларини билиб қилганман, баъзиларини билмасдан қилганман. Хатосиз, айбсиз ёлғиз — Аллоҳ. Унинг тенги ҳам, шериги ҳам йўқ.

— Тўйга сиз ҳам боришингизни истайман. Агар сизни кўрсам, хотиржам бўламан. Кейин, балки, бирга қайтармиз.

— Бораман.

— Энди мен Барно кетиб қолмасидан ёнига чиқай. Йиғлаб, ўзи билан ўзи овора бўлиб ўтирибди.

— Ҳа, шундай, ўзи мен сизга… Майли кейинроқ айтарман…

— Нега кейинроқ? — дея ажабланиб сўради Малоҳат.

— Ҳозир Барно масаласини ҳал қилинг.

— Унинг масаласига нима қилибди? Ундан кейин жуда масала ҳам эмас.

— Эртага иккимиз бир жойга борамиз, ўша ерда айтаман.

— Хўп, майли, — деб жилмайди Малоҳат.

Унинг табассуми шунчалик сеҳрли эдики, Фазлиддин додлаб юбораёзди. «Ҳозироқ, тўхтанг, ҳозир айтаман. Мен, аслида, сизнинг қўлингизни сўрагани келдим. Уйдагиларни сизларникига совчиликка юбораман, шунга розимисиз?» дейишига бир бахя қолди…

Кейин анча муддат ўзига келолмади. Ҳатто уйига борганида ҳам Малоҳатнинг табассуми билан ўтирди…

Қўнғироқ бўлди. Малоҳат кўча телефонидан алоқага чиқибди. Тўй икки кундан кейин экан. «Мен сиз билан боришимни айтдим. Ўзига бошқа дугона топибди. Дугонаси қариндоши экан. Холасининг қизи. Ўзи билан тенг экан. Ҳозир уйида экан. Мен сизнинг ёнингизга чиққанимдан кейин у шуни режалаштирибди. Аммо тўйига бормасам, умуман, мен билан алоқасини узаркан», деди Малоҳат. Фазлиддин жим эшитди. Охирида:

— Бирга борамиз, — деб қўйди.

Любовь Николаевна ҳақиқатан ҳам тартибни яхши кўрадиган аёл экан. Ишнинг дастлабки куниданоқ эндиликда назоратчилик қилаётган Фахриддинни чақириб, ҳар битта ишчининг ишга келиш-кетишини қаттиқ назоратга олишни тайинлади. Шунингдек, ҳар бир ишчидан ишга кириш тўғрисида ариза ёздириб олди. Кейин бирма-бир меҳнат дафтарчаси ва ҳоказо ҳужжатларни йиғишни бошлаб юборди. Шунингдек, маҳсулотнинг ҳар бир донасининг ҳисоб-китобини олишни йўлга қўйди. Яна тушлик вақтини ҳам қатъий белгилади…

Фазлиддинга шу нарсалар керак эди. Чунки жуда кўп вақти шу нарсаларгаям кетаётганди. У ҳатто ҳамма амал-тақални акасига топширишни ўйлаб юрганди. Аммо бунга Муҳаббат опа кўнмади. «Ўзинг бўлганинг яхши. Сенинг саводинг акангникидан зўр. Бу ишда фақат ҳисоб-китоб эмас, баъзи бир нарсаларни нозик тушуниш ҳам керак. Эҳтимол, вақти-соати келиб, аканг ҳам билиб олар. Сенга вақтни ўзим қилиб бераман. Ҳаммасини жой-жойига қўйиб олайлик», деди. Фазлиддин унинг сўзларига тўла-тўкис ишонди. Илло, Любовь Николаевнанинг гапларида ғирромлик кўрмади…

Ўша куни у эртароқ Малоҳатнинг ёнига борди. Малоҳат ўзига бирозгина оро берибди. Ана шу бирозгина ҳам уни янада гўзаллаштириб юборибди. Аслида, одамни янада кўркам кўрсатадиган нарсалардан биттаси унинг кийими. Кийим қанча очиқ бўлса, аёлларнинг жозибадорлиги баттар ошади, деганлар бекорларни айтишибди. Кийим қанча ёпиқ бўлса, аёл шунчалик сирли ва гўзал кўринади. Айни пайтда у билан сўзлашмоқчи бўлган одам ўзини маълум бир масофага тортади. Бироқ бу ҳам яхши эмас. Чунки нигоҳни қайта-қайта қаратишга мажбур этиб қўйиши мумкин. Шу томондан, Фазлиддин Малоҳатга бир нарса деёлмай каловланди.

Улар кўришганларида Фазлиддин оний лаҳзада бир марта Малоҳатнинг кийимига эътибор қаратди ва бошини эгди.

Малоҳат зукко эди. Фазлиддинга нима ёқиши ва нимадан унинг кўнгли тўлмаслигини билиб олганди.

— Сиз шу ерда тура туринг, менинг бир нарсам қолиб кетибди, — деди у юмшоқ овозда ва югуриб ётоқхонага кириб кетди.

Юзини ювди. Кийимини кўримсизроғига алмаштирди ва яна қайтиб чиққанида, у Фазлиддиннинг кўзларида қандайдир қувончни кўрди. Худди шу нарса керак эди.

Ресторан. Тўй. Тўрда келин-куёв. Барнонинг ёнида ёшгина йигитча. Ҳатто кўринишидан мактабни ҳам битирмаганга ўхшайди. Сал ёши каттароғини топмабди-да, дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин. Кейин у тўйхонада таниш чеҳраларни қидирди. Бирорта ҳам кўрмади. Тўғри, Барнонинг курсдош қизлари бор эди. Яна курсдош йигитлар. Фазлиддин уларнинг бир-иккитасини танирди. Кўрганди. Аммо бошқа ҳамма нотаниш эди. Меҳмонлар унақа кўп эмасди. Узоғи билан бирор икки юзта чиқарди. Лекин артистлар жуда кўп эди. Улар қўшиқ айтиш учун навбатда туришарди. Дарвоқе, столнинг устида йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди. Шунга қараганда, куёв бўлмиш Барнони астойдил севиб қолган. Унинг кўнглини олиш учун чин кўнгилдан ҳаракат қилган. У, албатта, камбағал ҳам эмас. Битта «но» томони, унинг ўзи тўйда иштирок этмаётгани эди. Балки, бордир ҳам. Балки, алоҳида хонада яқин дўстлари билан ўтиргандир ҳам… Аслида, ҳам шундай эди. Нима кўп, рестораннинг алоҳида хоналари кўп. Икки кишилик. Олти кишилик, ўн, йигирма кишиликлари бор эди. Барнонинг ҳақиқий турмуш ўртоғи олти кишилигида тўртта қадрдони билан ўтирарди. Уларга яна бир марта уйланаётганини айтмаганди. «Мен сизларга ҳақ бераман, — деди. — Янги амалнинг шамоли келиб қолди, — деди. Қадрдонлари: «Бу ерда тўй бўлаётган экан, бошқа ресторанга борайлик», дейишди. Аммо ҳақиқий куёв бола… «Шу ерда, — деди. — Артистларнинг овози эшитилиб туради», — деди. Яна табриклар ҳам эшитилиб туришини қўшимча қилмади. «Куёв»нинг исми Бахтиёр эди. Лекин у Бахтиёрмас. Ҳақиқий куёвнинг исми Бахтиёр. Уники Мурод. Бироқ ҳақиқий Бахтиёр айтдики: «Сенинг исминг икки соатга Бахтиёр бўлиб туради. Шу икки соат Муродлигингни эсингдан чиқариб турасан. Икки соат учун мен сенга нақд беш юз сўм бераман», деб. Кейин яна: «Ароқ-пароқ ичиб юрмагин», деб тайинлаб қўйди… Ёш масаласида, ҳақиқатан ҳам, Барнонинг ёнида ўтирган бола ундан икки ёш кичик эди. Чунки ҳақиқий Бахтиёрнинг рашки ёмон эди. Ўзининг хотини (улар аллақачон никоҳ ўқитишганди) ёши каттароқ йигит билан ўтиришини истамади.

Хуллас, ўша рестораннинг алоҳида хонасида дўстлари билан ўтирган ҳақиқий куёв бола одатига хилоф қилиб, обдан тортарди. Дўстлари уни мақташар, кўкларга кўтаришарди, янги амал билан табриклашарди. Яна ич-ичларидан ажабланишарди. Сабаби, мана неча йиллардан бери улар Бахтиёрни билишса, у ҳамиша эҳтиёткор бўлган. Ичкилик масаласида, қадаҳдан бир-икки қултумгина ютарди. Бунинг натижасида у билан маишат қилаётганларнинг ҳаммаси маст бўлар, у эса ақли-ҳуши жойида уйига кетарди. Ҳозир эса ана шу одатига хилоф қилди. Шу билан бирга даврадагиларнинг бари ўзи билан бап-баравар ичишини талаб қилди. Бахтиёр амалдор. Уни янада катта амал кутиб турибди. Шундай пайтда биров унинг гапини икки қилармиди?

У ва унинг дўстлари тўй тугамасдан кетишди. Ҳаммасини ҳайдовчилари олиб кетишди. Бироқ Бахтиёр таксида кетди. У таксида кетаман, деб оёқ тираб олди. Демак, ўта маст бўлса ҳам, ақли ишлаётган экан-да…

Янги уйига борди. Икки кишилик каравотга ўзини ташлади-ю, қотиб қолди. Бу ерга яна тахминан икки соатдан кейин янги келин, аллақачон унинг хотинига айланган жувон келади…

— Кетамиз, — деди Фазлиддин Малоҳатга. Иккиси бир стол атрофида курсдошлар билан ёнма-ён ўтирганди. Курсдошлар обдан рақсга тушишди. Фақат Малоҳат ўтирган жойидан қимирламади.

— Хўп, — дея бош ирғади Малоҳат.

Ташқарида ҳаво жуда зўр эди. Озгина шабада, озгина совуқ. Эт озгина жунжикади. Киприклар шабададан озгина пирпирайди. Йўлларнинг чироқлари ёнган. Машиналар оз… Айни сайр қиладиган, айни завқланадиган пайт…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: