Ереван чегарани делимитация қилишни тўрт қишлоқдан бошлашга қарши эмас
Арманистон Озарбайжонга қарашли ва 1990 йилларда арман назорати остида бўлган тўртта қишлоқ билан чегарани делимитация жараёнини бошлашга қарши эмас.
Бу ҳақда парламентда Арманистон бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.
«Биз делимитация жараёнини Озарбайжоннинг Тавуш вилояти ва Газах вилоятининг тўртта қишлоғидан бошлашга қарши эмасмиз», — деди у.
Арманистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг сўзларига кўра, бу ҳудуддаги чегараларни делимитация қилиш «тинчлик кафолати бўлмасада», янги уруш бошланишининг олдини олади.
Эслатиб ўтамиз, арман мухолифати аввалроқ тўрт қишлоқнинг Озарбайжонга берилишига қарши эканини бир неча бор билдирган эди.
Бош вазир Никол Пашинян аввалроқ Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёнининг ҳақиқий босқичи бошланганини эълон қилган эди.
Пашинян Арманистон чегарани Олмаота декларациясига мувофиқ белгилашини эслатди. «Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёни ҳақиқий босқичга кирмоқда. Чегарани делимитация қилиш комиссиялари бориб, Арманистон Республикаси чегаралари қаердан бошланади, бу ерда Арманистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги давлат чегараси бўлиши керак, бу ҳақда қарор қабул қилиши керак», — деди сиёсатчи.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Арманистон чегаралари бир миллиметр ҳам ўзгармайди, чунки Конституцияга кўра, бунинг учун бутун аҳоли иштирокида референдум ўтказилиши керак.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Арманистон томони комиссиялар томонидан келишилган протоколга мувофиқ Баганисдан Беркабергача бўлган участкада ҳақиқий чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёнини бошлаши мумкин бўлади.
Арманистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари чегаралар ҳали аниқланмаган шароитда ўзаро отишма нормал ҳолат эканлигини таъкидлади.