Наҳотки бугун учинчи жаҳон уруши бошланса?! Йўғ-э! Аммо…

Наҳотки бугун учинчи жаҳон уруши бошланса?! Йўғ-э! Аммо…

ОАВ АҚШ Эрон «яқин соатларда» Исроилга зарба беришини кутаётганидан хабар топди.

Америкалик мулозимлар CBS мухбирига айтишича, Эрон Дамашқдаги консулхонасига авиазарбага жавобан 12 апрель куниёқ Исроилга ҳужум қилиши мумкин. Ҳужумда 100 дан ортиқ дронлар ва ўнлаб ракеталар иштирок этиши кутилмоқда. Аввалроқ Америкадаги “The Wall Street Journal” нашри ҳам Эрон яқин 48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатганди.

Эрон 12 апрель, жума куниёқ Исроилга йирик ҳужум уюштириши мумкин, деб хабар берган  CBS телеканали америкалик икки расмийга таяниб. Бу ҳужум Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашққа йўллаган авиазарба оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти зобити ҳалок бўлганига Теҳроннинг жавоби бўлади.

Нашр суҳбатдошлари таъкидлашича, Эроннинг нишони Исроилдаги ҳарбий объектлар бўлади, қасос акциясида эса 100 дан ортиқ пилотсиз учиш аппаратлари ва ўнлаб ракеталардан фойдаланилади. Америкалик мулозимлар исроилликлар бундай кўламдаги ҳужумдан ҳимояланиши қийин бўлишини ҳам айтишган.

11 апрель куни “Wall Street Journal” нашри Исроил яқин 24–48 соат ичида Эрон томондан мамлакат жануби ёки шимолига тўғридан тўғри ҳужум бўлишига тайёргарлик кўраётганини хабар қилганди. Шу билан бирга Axios манбалари эронликлар ҳужуми минтақадаги вазиятни кескинлаштирмаслик учун чекланган даражада бўлишини қайд этганди. Politico ҳам Эрон АҚШ аралашувига олиб келадиган минтақавий можаро қўзғатмоқчи эмаслиги ҳақида сигнал бериш учун Исроил бўйлаб йирик жавоб зарбаси йўллаш бўйича режасига ўзгартириш киритганини маълум қилган.

Нима бўлганда ҳам америкалик мулозимлар Эроннинг жавоб зарбаси муқаррар эканини айтишмоқда. 11 апрель куни АҚШ Давлат департаменти Исроилда бўлиб турган ўз фуқароларини ракета зарбаларидан яхшироқ ҳимояланган йирик шаҳарлардан ташқарига чиқишдан тийилишга чақирганди.

Шу куни АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари генерал Эрик Курилла Эроннинг кутилаётган зарбаси билан боғлиқ ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Исроилга ташриф буюрди, Пентагон раҳбари Ллойд Остин эса исроиллик ҳамкасби Йоав Галант билан телефон мулоқоти ўтказиб, уни «доимий қўллаб-қувватлаши»ни ваъда қилди.

  • 1 апрел куни кечқурун Исроил мудофаа армияси Дамашқ бўйлаб авиазарба йўллаганди. Эрон ва Сурия ҳукуматлари Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари нишони Эроннинг ушбу араб республикасидаги консулхонаси бўлганини маълум қилган. Исроил ҳукумати одатда Сурия ва Ливан бўйлаб зарбаларини тасдиқламайди ва инкор ҳам этмайди, аммо бу зарбадан кейин яксон этилган бино дипломатик мақомга эга бўлмаганини таъкидлади.
  • Авиазарба оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг икки нафар юқори мартабали генерали ҳамда беш нафар зобити ҳалок бўлган. Теҳрон дарҳол жавоб чоралари кўриш ҳуқуқини ўзида қолдиришини маълум қилди. Эрон томонидан таҳдид фонида Исроил ҳукумати ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг захирадаги операторларини сафарбар қилиб, ҳарбий хизматчилар учун таътилни бекор қилди ва мамлакатнинг марказий қисмларида GPS сигналларини ўчириб қўя бошлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: