Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (78-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (78-қисм)

Домлани тасбеҳ ўгириб ўтирган ҳолда топди. Қучоқлашиб кўришаётганида, кўзи ёшга тўлди. Шу боис дарров гапирмади. Кейин иккиси бир дастурхон атрофида ўтирганларида, Фазлиддин бир ҳафта шаҳарда бўлмаганлигини ва у йўқлигида кутилмаган воқеалар содир бўлганлигини гапирди.

— Ҳа, шундай бўлди, — деди домла кулиб, — аммо мен сира ҳам хафа эмасман. Чунки олдиндан шу нарса менинг пешонамга ёзиб қўйилган экан. Мана кўрдим.

— Ўзи нима деган эдингиз? — дея қизиқсиниб сўради Фазлиддин.

— Ҳайронман. Ароқнинг ҳаромлиги ҳақида гапиргандим. Сўзларим кимларгадир ёқмабди. Сиз давлатнинг душманисиз, дейишди. Мен ажабланиб: «Нега?» деб сўрасам: «Давлатга жуда катта миқдорда зарар етказишни олдингизга мақсад қилгансиз. Агар ароқ бўлмаса, давлатнинг бюджетига қаердан пул келади? Бир шиша ароқ давлатга ўттиз тийин нари-берисига тушади. Лекин у беш сўм сотилади. Демак, тўрт сўм-у етмиш тийин фойда келиб турибди. Яна ичган одам кўпроқ касал бўлади. Билсак ҳам, ўзимизни билмасликка оламиз. Қанчадан-қанча врачларимизнинг тирикчиликлари шу касалларнинг орқасидан бўлади. Демак, сиз медицинага ҳам зиён келтиряпсиз. Агар шу кетишингизда бўлса, сиз чўчқа гўштини ҳам ҳаром дейсиз», дейди. Шу заҳоти тепа сочим тикка бўлди. «Ҳа», дедим. «Ҳаром», дедим. «У ароқдан баттар ҳаром», дедим. Терговчи бу гапимни ҳам ушлаб олди. «Унда сиз бутун бошли СССРдай давлатни гўшт билан таъминлаб қўйинг-чи!» дейди. Мен: «Чўчқа гўштидан бошқа гўшт қуриб қолибдими?» десам, у чўчқа бошқа ҳайвонларга нисбатан тезроқ семиришини айтиб, дўқ-пўписа қилишга тушиб кетди. Шундан билдимки, бу одам мени нима қилиб бўлса ҳам, қамашни истаётган экан. Гапирмай қўйдим. Мени тиқиб қўйишди. Кейин орадан ярим соатча ўтиб, қўйиб юборишди. «Орага яхши одамлар аралашди. Окаларнинг коттаси», дейишди. «Бундан бу ёғига тилингизга эҳтиёт бўлиб юринг», дейишди. Чиқаётганимда Каримбойнинг машинаси кетаётганини кўрдим… Алам қилгани… Қўйинг, майли. Буям бир синов. Мана, уйда ўтирибман, — деди қори жилмайиб.

Фазлиддин унинг жилмайишида синиқлик борлигини кўрди.

— Балки, — деди бироз тараддудланиб, — цехда ишласангиз. Йўқ, сиз бирор нима қилмайсиз. Шунчаки ишчиларга озроқ дарс ўтиб берасиз. Уларга ҳаром билан ҳалол нималигини тушунтириб берсангиз.

Қори Муҳаммад Али унинг содда сўзларига энди росмана кулди.

— Иним, сизга айтдим-ку, ароқ билан чўчқанинг ҳаромлигини айтганим учун қанчалик олиб бориб келишди. Агар бошқа нарсаларни ҳам гапирадиган бўлсам, Каримбой ҳам ёрдам беролмай қолса керак, — деди.

— Домла, сизни… Мен тушуниб турибман, лекин ўрисларнинг кучлари сусайган. Аввалгидай босим қила олишмайди улар. Болтиқбўйи давлатларининг учаласиям чиқиб кетди. Қандайдир қасд сабаб сизни ишдан олишганга ўхшайди. Цехга бориб дарс ўтсангиз, биров сизга бир нима демайди.

— Майли, таклиф учун катта раҳмат, Фазлиддинжон. Менинг ўзим озроқ дам олайин. Ўқийдиган, ўрганишим керак бўлган китоблар кўпайиб қолганди. Сал аввал муфтий чақирганди. Бир даста китоб берди қўлимга. «Араб тилини яхши биласиз, шуларни таржима қилиб беринг, ўзимнинг сира вақтим бўлмаяпти», деди. У жуда катта олим. Айтганини қилмасам бўлмайди. Цехдагиларга эса ўзингиз дарс ўтасиз. Мен сизга режа тузиб бераман. Шу режа асосида ўқитасиз уларни. Аммо қулоғингизга яхшилаб қуйиб олинг. Зинҳор давлат тўғрисида сўз очманг, давлат қайси аҳволдалигидан қатъи назар, битта аҳмоқ барибир чиқади.

Фазлиддин «хўп», деди. Кейин яна улар бироз суҳбатлашиб ўтиришди. Сўнг Фазлиддин кетди.

Энди унинг қўли анча узун бўлиб қолганди. Цехнинг ичкарисидан яна битта хонани барпо қилиш ҳеч иш эмасди ва у кўп вақт талаб қилмасди. Сабаби усталарнинг кўпроғини чақиради. Бир кунлик иш бир соатда битади.

Шундай қилиб, Фазлиддин ишчиларига дарс ўтадиган хона ҳам қуриб олди.

Унга Муҳаммал Али қори домла режа тузиб берди. Режа асосан ҳалол, ҳаром, ўғирликнинг оқибатлари, муомала маданияти ҳақида эди. Яна бироз ибодат ҳам бор эди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, цехда ўзгариш пайдо бўлди. Қишлоқдан келган болалар бир-бирларини сўкиш у ёқда турсин, ҳатто қўпол гапирмайдиган, калака қилмайдиган бўлишди. Олдинига иккитаси, кейинроқ қолганлари ҳам намоз ўқишга ўтишди. Шу билан яширинча ароқ ичиш ҳам тўхтади. Цехда барака пайдо бўлди. Фахриддин илгаригидай уларни текширавермас, тергайвермасди. Ҳамма ўзининг ишини билиб қилар, биров корхона мулкига тажовуз қилмасди.

— Иккита кўчмас мулк сотиб олишимиз керак, — деб қолди бир куни Любовь Николаевна Фазлиддинга.

— Нима қиламиз? — деб сўради ҳайрон бўлган Фазлиддин.

— Ҳозир айни пайти. Яҳудийлар ёппасига кўчиб кетишяпти. Уй-жойларини сотишяпти. Албатта, улар бир нарсани билмаса қилишмайди. Хуллас, шу атрофда биттаси ўн беш сотих ерни сотмоқчи экан.

— Корхонами?

— Йўқ. Уйини. Мен қизиқиб бориб кўрдим ҳам. Ташқаридан қараганда, бечорагина. Лекин ичкарисини боплаб қўйибди. Ҳамма мевалардан бор. Узумнинг мен кўрмаган навиниям ўстирган экан. Хуллас, уйнинг ичкариси зўр. Лекин ҳозирча нархини бироз қиммат айтяпти.

— Қанча?

— Қирқ етти минг.

— Қиммат экан.

— Аммо ҳозир бизнинг имкониятимиз бор. Сенинг ҳисобингда икки юз минг дивиденд тўпланиб турибди. Ўтган сафар сўраганимда, туриб турсин, дегандинг. Ҳисоб рақамдаям кўп пулни ушлаб туриб бўлмайди. Кўзга кўриниб қолади. Ана ундан кейин унинг совчилари кўпайиб кетади.

— Хўп, уйни олдик, кейин-чи?

— Иккинчи объект мебель ясайдиган корхонанинг омборхонаси. Корхона тамом бўлган. Ўтириб қолган. Атиги йигирма мингга ерини биноси билан қўшиб сотяпти. У ердаги конструкцияларнинг ўзи бирор юз мингга тортади. Олиб қўяверайлик. Зиён қилмаймиз.

— Оббо, Муҳаббат опа! Бунча нарса қандай каллангизга келди?

— Эй, Фазлиддин. Агар ёш бўлганимда, шартта сенга тегиб олардим. Ана ундан кейин қилган ишларимни кўрардинг. Лекин ёшим ўтиб қолган. Наташани ол, десам, у ҳам сендан катта. Бунинг устига, эрдан чиққан. Сен эса бокира, ақлли қизга муносибсан.

— Раҳмат.

— Унда ишни эртадан кечиктирмаймиз. Йўқ, шошма, анави яҳудийнинг уйига бугун бориш керак. Чунки у барибир яҳудий, сен билан менга ўхшаганларнинг ўнини, юзини ўйнатиб ташлайди… Ҳужжатларини Наташа иккаламизга қўйиб бер. Ҳаммасини оби-тобида қиламз.

— Хўп, унда кетдик.

Дарҳақиқат, яҳудийнинг хонадони умуман бошқача экан. Одамларнинг гапларида жон бор экан. Улар уйларининг ташқи томонига умуман ёки деярли қарашмас, уйларини кўзга ташлантирмас эканлар. Аммо ичкари… Ҳовлига брусчатка ётқизилган, оқ-қизил аралаш. Унга яхшилаб тикилсангиз, бир тоғларга, бир гулзорга ўхшаб кетади, кейин экинзори ҳам ажойиб экан. Турли-туман гуллар очилиб ётибди. Узум қора ҳусайнини эслатиб юборади, аммо данаксиз. Ўзини Исроил деб таништирган яҳудий бу узумдан жуда ажойиб майиз чиқишини айтди. Шунингдек, ҳовлида уч туп олмурут, тўрт турдаги олма, ўрик, шафтоли, гилос бор экан. Яна унинг деҳқончилиги бўлиб, у ерга бошқалар қатори картошка, пиёз, бодринг, помидор, турли кўкатлар экилган экан. Яна қўшимчасига ҳовлида иккита арча барқ уриб ўсарди. Арчаларнинг ёнига борсанг, шунақанги ажиб, тоза ҳаводан симирасанки, кайфиятинг бирдан кўтарилади. Фазлиддин шу ерга бориб, бир муддат туриб қолди. Хаёлидан бу уйни эллик минг десаям олиш керак, деган ўй ўтди.

Бурни катта, кўзи чақчайган, соқолини ўстириб олган яҳудий бир сўм ҳам тушмаслигини айтди.

Любовь Николаевна шу заҳоти сумкасидан юз сўм чиқариб унинг қўлига тутқазди.

— Йўқ, — деди яҳудий иржайганча бошини чайқаб, — камида минг сўм берасиз.

— Яхши, — дея жилмайди Муҳаббат опа ҳам, — минг сўм бўлса, минг сўм-да. Аммо ундан кейин сиз менга: «Уйимни эллик мингга сотишга Фазлиддин билан келишдим ва бунинг учун олдиндан минг сўм олдим», деб ёзиб берасиз.

— О-о-о, хоним, сизга бундай тилхатни ҳеч ким ёзиб бермайди. Айниқса, уйнинг аниқ нархи бирор жойда кўрсатилмайди. Агар кўрсатилса, мен жуда кўп, ҳатто ҳаддан ортиқ чиқим қилишимга тўғри келади, — деди Исроил яҳудий.

— Унда юз сўмни олинг-да, эртага сиз билан нотариусда кўришайлик.

— Агар вақтим зиқ бўлмаганида, сиз билан обдан тортишган ва, албатта, ўзимнинг айтганимга кўндирган бўлардим. Майли, шу сафар мен паст кетаман. Эртага бўлса эртага-да. Ҳа, уй нархи минг сўмдан ошмаслиги керак ҳужжатларда. Ундан кейин мен бу ердан битта жомадон билан… Йўқ, иккита жомадон билан чиқиб кетаман. Хўш, менинг қолган нарсаларимга ҳам харидор топиб берасизми?

— Албатта, уни ҳам ўзимиз сотиб оламиз.

— Яна қўшимча йигирма минг сўм беришга қурбингиз етадими?

— Амаллармиз, таниш-билишлар ёрдамга келади, деб умид қиламиз.

— Бироқ улар олдида менинг исмим асло тилга олинмаслиги керак.

— Бу ҳақда хотирингиз жам бўлсин. Фақат сизга умумий олтмиш беш минг берамиз. Агар шунга кўнмасангиз, бошқа мижоз қидиришингизга тўғри келади.

— Мен ўйлаб кўраман, — деди яҳудий жиддий оҳангда.

— Унда хайр, бўлмаса. Эртага соат ўн биру ноль-нолда нотариусда учрашамиз. Сизга маъқулми?

— Албатта.

Улар машинага ўтирганларидан кейин Фазлиддин кулди. Кейин Любовь Николаевнага қараб қўйиб:

— Сиз зўр савдолашаркансиз, — деди.

— Илгари яҳудийларнинг бир нечтаси билан олди-берди қилишимга тўғри келган. Шундан уларнинг психологиясини озми-кўпми ўрганганман. Ҳозир Исроилни биз берадиган пул унчалик ҳам қизиқтирмайди. Чамамда, у Москвага кетади. У ерда Исроил давлатининг элчихонасига киради. Ўша ерда рублни долларга алмаштириб олади. Яҳудийлар бир-бирларини жуда боплаб қўллаб-қувватлашади. Демакки, олтмиш минг рубль камида юз минг долларга айланади.

— Тушунмадим.

— Ҳой, илм кишиси, сен китоб варақлаб, ўқиб ўрганиб, изланиб топсанг, улар ўтирган жойларида минг битта қинғирликларни ўйлаб топишади. Шунинг орқасидан пул қилишади. Сен унинг бармоқларига эътибор қилдингми?

— Йўқ.

— Эътибор бериш керак эди. Унинг касби этикдўзлик. Унинг қаердадир кичкинагина дўкончаси бор. У бой.

— Ўша бой долларни нима қилади?

— Нима қиларди? Исроилга кўчиб кетади. У ёқда уни қучоқ очиб кутиб олишади. Чунки уларга одам керак. Ўзларининг одамлари. Чунки Фаластинни тўлалигича босиб олишлари керак-ку. Хуллас, миямизни ачитмайлик. Ҳозир тўғри банкка ҳайда.

— Нега?

— Уйингда юз минг сўмни сақлаб турмагандирсан.

— Йўқ. Унча пулни мутлақо қўлимда ушлаб кўрмаганман.

— Энди ушлайсан.

Банкдагилар Любовь Николаевнани жуда яхши билишади. Ишқилиб, шу аёлни кўрмайлик, деб туришади. Чунки Муҳаббат опа уларни сиқиб, «қонларини ичади» доим. Муҳаббат опага бирор нимани йўқ деб бўлмайди. Агар дейишса, у дарров телефонга ёпишади. Дарров юқорига қўнғироқ қилади. Уларга Москвани эслатади. Уларга сиёсатдан гапиради…

— Биз, дивиденд олгани келдик, — деди Муҳаббат опа кассирга учрашиб.

— Бемалол, — дея жилмайди кассир қиз.

— Мана, — деб унинг олдига Любовь Николаевна ўзи билан олиб келган қоғозни қўйди.

Суммани кўрган кассир қизнинг шу заҳоти юзи жиддийлашди. Сўнг у Муҳаббат опага юзланиб:

— Бунча пулни беролмайман, деди.

Унинг овози бироз қалтирагандай бўлди.

— Нега? — деб сўради Муҳаббат опа.

— Сумма жуда катта. Бунинг учун раисдан рухсат олишингизга тўғри келади.

— Шунақами? Унда сўраганим бўлсин, — деб Муҳаббат опа кассирнинг олдидаги қоғозни юлқиб олди-да, Фазлиддинга юзланиб:

— Сен шу ерда ўтира тур, — деди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: