Исроил жавоб қайтаришни режалаштирмоқда, АҚШ қарши
Исроил ҳукумати Эронга жавоб ҳужумини амалга оширишга тайёрланмоқда, аммо бу қандай кўламда бўлиши — ҳозирча номаълум. CNN телеканали исроиллик аноним мулозимлардан бирига таяниб хабар беришича, жавоб вариантлари бугун Исроил ҳарбий кабинети йиғилишида муҳокама қилинади.
Ynet нашри ёзишича, эҳтимолий сценарийлардан бири Эрон ядровий объектларига «зарар етказиш» бўлиши мумкин. Шу билан бирга, манбанинг айтишича, ҳозирда исроиллик ҳарбийлар ва сиёсатчилар вазиятни кескинлаштирмайдиган жавоб ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Портал АҚШ ҳам Исроилни Эронга ҳужум қилмасликка ундаётганини қўшимча қилган. Аввалроқ Axios ўз манбасига таяниб АҚШ Исроилнинг Эронга ҳар қандай қарши ҳужумини қўллашдан бош тортиши ҳақида хабар берганди. Нашр маълумотига кўра, Жо Байден бу ҳақда 14 апрелга ўтар кечаси ўтказилган телефон мулоқоти чоғида Бинямин Нетаняҳуга маълум қилган. Вашингтон Исроилни Эронга жавоб зарбаси ҳақида олдиндан огоҳлантиришни сўраган.