Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (83-қисм)
Малоҳат йиғларди. Кўз ёши селдай оқарди. Артиб улгурмаётганди у. Фазлиддин унинг ёнига яқинлашди. Секингина Малоҳатнинг кўз ёшини артди.
— Нега? — деб сўради у келинчакдан.
— Бахтдан, — дея жавоб берди Малоҳат жилмайишга уриниб.
— Бахтни шўр қилиб қўйманг, — деди Фазлиддин кулиб.
Шунда Малоҳат ўзини Фазлиддиннинг қучоғига отди…
Севги ва муҳаббатга лиммо-лим бир ҳафта кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Кейин улар Тошкентга қайтишди. Илгаригидан бошқача бўлиб, бир-бирларига тўйиб-тўймай кетишди. Худди шундай муҳаббат Тошкентда давом этди. Фазлиддин яна бир ҳафта мобайнида уйдан чиқмади. Борган жойи озиқ-овқат дўкони бўлди. Гоҳида нон, гоҳида ёғ олиб келди…
У Малоҳат ёнидалигида ҳазил-ҳузул қилар, кулар эди. Бироқ ёлғиз қолиши билан жиддий бўлиб қоларди. Пешонасини уқалар, бот-бот факультет деканининг сўзларини ёдга оларди. У ўзининг ўқитувчилари нима қилмоқчи бўлишаётганини тушунмасди. Чунки илгаридан фикри бошқача эди. Устоз зоти шогирди қанчалик билимли бўлса, шунча хурсанд бўлади, дея ўйларди. Аммо жуда унчаликмасга ўхшайди. Одам зоти баъзи бир нарсаларни билмаса, бошқаларга шунча яхшироққа ўхшайди.
Шу боис Фазлиддин гарчи Малоҳатга етишган бўлса-да, гарчи бир ҳафтадан бери кеча-ю кундуз у билан ёнма-ён бўлса-да, қийналди. Ростманасига қийналди. Чунки қилмоқчи бўлган ишлари жуда кўп эди. Уларни бажаришга лаборатория сув билан ҳаводай зарур эди…
— Сиз нега мендан хафасиз? — деди Малоҳат сўнгги куни.
— Сиздан хафаман?! Бу гапни қаердан олдингиз? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.
— Сизни кузатиб юрибман, менинг кўнглимни олишга зўр бериб ҳаракат қиляпсиз. Кейин маъюс тортяпсиз. Ё мен сизнинг кўнглингиздагидай, сиз ўйлагандай эмас эканманми?
Фазлиддин кулди. Хотинини қучди. Иккала юзидан ўпди. Кейин бағрига маҳкам босди.
— Сизга эришиш йўлида нималар қилганимни кўрмадингизми? Энди меники бўлганингизда, қандай қилиб ёмон кўриб қолайин? Қайтага, ҳали-ҳамон бахтимга ишониб-ишонолмай юрибман.
— Нега унда хафа кўринасиз?
Фазлиддин яна кулди ва унинг юзига термилиб:
— Бунинг сабаби бошқа ёқда, — деди.
— Қаёқда экан?
— Факультетда. Лабораторияга киришимга тўсиқ қўйишди. Бундай нарса илгари ҳам бўлганди. Билим юртида ўқиб юрганимда, бирор жойни портлатиб, йўқ қилиб юборишинг мумкин, дейишганди. Мана, яна шундай нарса такрорланиб турибди. Бунинг устига, курсдошларим билан камроқ мулоқотга киришишимни тайинлашди. «Нимага?» деб сўрасам, юқоридан шундай буйруқ бўлди, дейишди. Бу нарсаларнинг бари тўйдан олдин бўлганди… Энди бўлса, мен ўқишдан совиб қолдим. Университетга боришга сира оёғим тортмаяпти. Ўзи ростдан нима қиламан бориб? Бундан кўра, цехда эл қатори ишлаб юрсам, яхши эмасми? Шунда вақтим ҳам кўп бўлади. Иккаламиз ҳар куни шаҳар айлангани чиқамиз. Нима дедингиз?
— Йўқ. Ўқишга боришингиз керак. Ҳозирча индамай туринг, кейин ўзлари ялинишга тушишади. Бошқаларга ўхшаб ўқиб туринг.
— Қандай қилиб?
— Яхши ўқимай, дарс қолдириб, бир хил фанлардан ҳеч нима билмай…
Шундай деб Малоҳат қиқирлаб кулишга тушди.
— Зўр фикр. Лекин мен буни эплолмайман-да. Аммо университетга бораман. Яна бир томони бор. Мен анча уйга ўрганиб қолгандим. Ишга бормайман, ўқишга бормайман, кун бўйи ҳовлимизда, томорқамизда кезиб юраман. Яна Малоҳатим ўзим билан. У ҳам ёнимда. Бундан ортиқ битта одамга нима керак? Ҳа, айтганча, томорқамизнинг қаерлари менга ёқишини биласизми?
— Биламан, — дея жилмайганча Фазлиддиннинг қўлини қучди Малоҳат, — энг аввало, анави ноёб арчаларнинг ёни. Кейин узум сўриси. Сиз у ерга бориб ҳам анча муддат туриб қоласиз. Энг охирида экин экиладиган жой.
— Сиз, хоним, — деди Фазлиддин Малоҳатнинг сочларини силаб, унинг бошидан ўпиб қўяркан, — бунчалик билағонлик қилманг. Сал-пал билмай қолинг-да.
— Иложим йўқ.
— Аммо баҳор, кейинги баҳор келади-ку, ўшандан сўнг энг кўп вақтимни шу экин экиладиган ер эгаллаб олса керак. Қаранг, тўрт сотихча келади. Насиб этса, кўчадан ҳеч нима сотиб олмаймиз.
— Аммо бу ерда ишлар жуда кам экан. Сигиринг бўлса, қўй, товуғинг бўлса…
— Кейин шуларга ўралашиб, бутун умрингизни ўтказиб юборсангиз… Битта гап айтайми?
— Ҳа.
— Экинларга, мева-чеваларга, дарахтларга, қўй-қўзи-ю сигирларга ва ҳаттоки ҳўкиз ва товуққа қанча меҳр кўрсатсангиз, улар, албатта, сизга меҳр билан жавоб қайтаришади. Аммо одамга шу меҳрни берсангиз, куни келиб, албатта, жазолайди.
— Мен ҳам сизни жазолайманми? — дея ҳайрон бўлиб сўради Малоҳат.
— Ҳа. Сизнинг жазоингиз севги бўлади, муҳаббат бўлади.
Малоҳат эрининг белидан секингина чимдиб қўйди.
— Мана бунисиям бор, — деди кейин қиқирлаб кулиб.
Иккисининг шўх-шодон суҳбати яна икки соатча давом эди. Кейин қоронғи туша бошлади. Тўғрироғи, шом вақти келиб қолди…
Университетда вазият яна бошқа томонга ўзгариб кетибди. Маълум бўлишича, Фазлиддинга айтган гапларидан сўнг факультет декани, профессор Жўра Қувонов сира ўзига келолмабди. Кейин у тўғри ректорнинг ёнига борибди. «Қарорингизни бекор қилинг, йўқса, студентлар бош кўтаришга шайланиб юришибди. Ҳозир мамлакатнинг аҳволини жуда яхши биласиз: ҳаммаёқда намойиш, тўс-тўполон. Бундай пайтда студентларни авраб ушлаб туришнинг энг яхши йўли — уларни нима биландир овора қилиш. Бизга Фазлиддин шу йўлда энг катта ёрдамчи бўлади», дебди. Ректор бошини қашлаб ўйланиб қолибди. Илло, куни кеча уни министрликка чақиришган ва у ерда давр ёмон бўлиб кетганлиги, кичкинагина чақмоқ ҳам улкан аланга келтириб чиқариши мумкинлигини гапиришганди.
— Майли, домла. Ўзим ҳам сал-пал нотўғри иш бўлди, деб ўйлаб юргандим. Аммо, домла, битта шарти бор, лабораторияда, албатта, масъул одам, ўқитувчи бўлсин. Анави студентингизнинг билими ҳакалак отиб кетган бўлиши мумкин, бироқ жиҳозлар университетнинг мулки, — деди.
Шундан кейин декан дарров аудиторияга студентларни йиғиб: «Бўлди, ҳамма нарсага рухсат, Фазлиддин билан бирга лабораторияда ишларни бажараверинглар», деди.
Фазлиддин ўқишга борса, мана шундай янгилик уни кутиб турган экан…
Ишлашни соғинибди. Олган билимларини синаб кўришни соғинибди.
— Бугун озгина ўзим ишлай, — деди у курсдошларига, — бир-иккита нарсани тажрибадан ўтказмоқчийдим, шуларни қилиб олай, эртадан машғулотни давом эттирамиз.
У дарсларнинг бирортасига ҳам кирмади. Эртадан кечгача вақтини лабораторияда ўтказди. Сувни парчалашни мукаммаллаштирди. Энди у ўзини қўярга жой тополмаётганди. Ахир сув худди газ мисоли, балки ундан ҳам яхши ёнарди. Бутун лабораториянинг ичи эса тоза кислород билан тўлиб тошди…
Малоҳат келди. Ҳа, агар у келмаганида, Фазлиддин эрталабгача ҳам шу ерда қолиб кетиши ҳеч гап эмасди.
Иккаласи тўғри цехга боришди. У ерда Любовь Николаевна уйига кетмай қовоғини уйиб ўтирган экан. Сабаби ишлаб чиқарган маҳсулотлари, мана икки кундирки, омборхонадан нарига ўтмаётган экан.
— Нима бўлганига ҳайронман, — деди у Фазлиддин билан кўришиб, Малоҳатга ёмон қараш қилиб қўяркан. Ахир у ишлари юришмай қолганлигига Малоҳатни айблаётганди. Чунки шунча кун Фазлиддин ишга келмади. Агар келганида, эҳтимол, янги шампунь турини ўйлаб топган, идишларга ҳам бошқача дизайн қилиш кераклигини айтган бўлармиди? Ахир нуқул ош еяверсанг ҳам жонга тегади-ку. Шундай экан, маҳсулотнинг турини кўпайтириш керак-да. Малоҳат бўлса, Фазлиддиндай одамнинг қимматли вақтини ўғирлайди. Шундай «ўғри»ни, албатта, ёмон кўриб қолади-да. Бунинг устига, олифта бир қиз тўрт кундан бери келади. Аввалига яхши гапирди у. Бироқ куни кеча дўқ-пўписа қилишга ўтди. «Сенлар ҳаддиларингдан ошибсанлар, Фазлиддин доим мен нима десам, гап-сўзсиз бажарарди. Энди бўлса, уни мендан яширяпсанлар, ҳатто телефон рақамини бермаяпсанлар, ўзларинг бўлса, мен айтган нарсамни қилиб беролмаяпсанлар», дебди.
Фазлиддин унинг кимлигини суриштирди. Кейин ўша олифта қиз Сабина эканлигини билди. Устози Хонзодахоннинг қизи. «У Италияга кетганди-ку. Яна пайдо бўлиб қолибди», дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин.
— Балки, шампунни бошқача қилиб чиқариш керакдир, — деди Любовь Николаевна.
— Муҳаббат опа, тайёр. Мен аввал бошқачасини… Шошманг, идишига ҳам ифор таратадиган суюқликни сингдириш керак. Аммо буниси вақт талаб қилади. Тасаввур қилинг, магазинда турган шампунь ҳид таратиб турибди. Бироқ бу ҳид шунчалик бўлиши керакки…
— Магазинларда озиқ-овқатлар ҳам бўлади, — дея унинг гапини бўлди Любовь Николаевна.
— Ҳа, шундай. Бироқ ҳозир расталар бўшаб ётибди.
— Мана шуниси тўғри. Мен куни кеча дугонамга озгина шоколад олиб бораман дегандим. Нақ саккизта магазинга кириб чиқдим. Ҳеч қайсинисида йўқ. Биттасида бор экан. Лекин у аллақачон қуртлаган экан.
— Майли-да, Муҳаббат опа, бир вақти келиб танлаб оладиган бўласиз. Ҳозир бўлмаса, Малоҳат шу ерда ўтира турсин, мен акамга нима қилиш кераклигини тушунтириб келаман.
У хотинини бухгалтерияда қолдирди. Ўзи бориб, бир пайтлар Сабинага тайёрлаб берган шампунининг хомашёси бор-йўқлигини текширди. Унинг қидирганлари йўқ экан. Шу боис ҳеч нарса қилмасдан ортига қайтиб келди. Любовь Николаевнага эртага тайёрлашини айтди. Сўнг Малоҳатга «кетдик», деди. Аммо Малоҳатнинг кетгиси йўқ эди. Сабаби келганидан қовоқ-тумшуқ қилиб ўтирган Муҳаббат опа билан тил топишиб олганди. Муҳаббат опага аёлларнинг териси офтобда эркакларникига нисбатан қанчалик тез қаришини гапириб бераётганди. Любовь Николаевна ва унинг қизи Наташа Малоҳатнинг сўзларини жон қулоқлари билан эшитишарди. Иккаласи ҳам унинг сўзларини маъқуллашарди. Малоҳат ҳозир фан томонидан ихтиро қилинган бундай ҳодиса бундан бир минг тўрт юз йил олдин айтилганини далиллаётганди…
— Бироз ўтирсин, — деди Муҳаббат опа Фазлиддинга ялинчоқ нигоҳда тикилиб.
— Лекин бормасак, мен оч қоламан-да, — дея кулди Фазлиддин.
— Ҳа, тўғри. Аммо хотининг эртага ҳам келади. Фақат эртароқ. Шу нарсаларни эртароқ билганимдами? «Саломатлик» журналини жуда узоқ йиллардан бери ўқийман. Аммо бирортаси бирор марта ҳам қуёшнинг одам терисига таъсири ҳақида ёзмаган экан, — деди Муҳаббат опа.
Фазлиддин учун яна вақт шиддат билан ўтишни бошлади. У яна ҳеч нимага улгуролмай қолаётганини ҳис қилди. Илло, ўзи ўрганиши керак бўлган нарсалар жуда кўп эди. Яна у ўрганиб бўлганларини амалда синаб кўришни ҳам истарди. Бахтига, Малоҳат унинг емак-ичмаги, кийим-кечаги ва уйининг тозалигини керагидан ортиқ қилиб бажариб қўярди. Қолаверса, Малоҳат ҳам эридан ортда қолиб кетмасликка уринарди. Бироқ, барибир, Фазлиддинга сира етиб бўлмас эди. Яна иккиси томорқаларида ер чопишни ҳам хуш кўришарди. Роса ақл меҳнатларидан кейин бундай юмуш билан шуғулланиш уларга ҳузур берарди.
Дарров орадан куз-қиш ўтиб кетди. СССР парчаланиш нуқтасига тобора яқинлашиб келаётганди. Бироқ катталар референдум ўтказишни истаб қолишди. Шундай ҳам қилишди. Буни қарангки, тўқсон фоиздан ошиқ одам «Қоламиз, СССР бузилмасин, биз ундан чиқиб кетмайлик», деб овоз беришди… Ваҳоланки, ундай эмас эди. Шунчаки сохта бюллетенлар урналарга ташланганди. Бироқ у узоқ давом этмади. Ёз охирлаб бораётганида (бу пайтга келиб СССР деган ниҳоятда қудратли давлат парчаланишни бошлаб юборганди. Олдинига Латвия, Литва ва Эстония ўз кучлари билан кетма-кет намойишлар ўтказиб, СССРдан ажралиб чиқишнинг уддасидан чиқишди. Кейин Украина, Россия ва Белоруссия раҳбарлари йиғилишиб, биз шу пайтгача бошқаларни боқиб келдик, етар, дейишди. Биз ҳам алоҳида-алоҳида давлат бўлиб оламиз, дейишди ва шундай қилишди ҳам. Қарабсизки, қолган тўққизта республика уйидан қувилган етимдай бўлиб қолди), мустақиллик эълон қилинди.
— Энди, — деди Фазлиддин Малоҳатга, — ҳамма қиладиган ишларимиз амалга ошади. Бундан бу ёғига энг тез учадиган ракетадан ҳам тез учамиз, — деди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)