Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (82-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (82-қисм)

Нақ ярим соат кетди манзилга етгунларича. Асосан, Малоҳат билан Лобар гаплашди. Уларнинг сўзларини тинглаб кетаётган Фазлиддин: «Мана шунақа қилиб, яъни бировларнинг гапларини эшитиб ҳам бош оғриғини қолдирса бўларкан», деган хаёлга келди.

Сотувчи тожик киши экан. Ўзбекчани акцент билан гапираркан. Яна уни карангки, Фазлиддин шу ерга бекорга келдим-ов, деган хаёлга келди.

— Бизда бор. Бизни Тожикистондан танишлари бор. Бийз, айтамийз, улар жўнатийшади. Бийз, устига бир-икки сўм қўямийз. Меҳнатимийз ҳаққи, — деди у Фазлиддиннинг мақсадини билганидан кейин.

Аслида, унда борлигининг сабаби бошқа эди. Мебелларда кўкнори шираси келарди. Сотувчининг асосий даромади шундан эди. Мебель шунчаки «томоша»нинг бир бўлакчаси эди. Дарвоқе, уники ҳам кооператив эди. Савдо кооперативи. Маҳсулотни олиб келиш, сотишга ҳужжати бор эди.

Фазлиддин Малоҳат ва янгаси билан бирга магазинга кирди. Ўнтача мебель бор экан. Ошхонаникидан тортиб, меҳмонхонагача, ҳатто икки кишилик каравоти билан бирга ётоқхонаникиям бор экан.

— Бахтийнгиз бор экан, йигитча. Манда булар кўп эдий. Аммо-локигин бугунга шулар қолдий. Зўрларий кетийб қолдий. Яна бўладий. Бийр ойдан сўнг, — деди сотувчи.

— Эй, бир ойга сира иложимиз йўқ. Ўн беш кундан кейин тўйимиз бўлади. Шундай экан, шуларни оламиз. Яна гилам керак бизга, — дея умид билан сотувчига тикилди Фазлиддин.

— Гийламмий? Гийлам бор. Зўрий бор. Эронникий. Ман телефон этаман. Сан бориб оласан.

Шундай деб сотувчи магазин кассасининг ёнида турган оппоқ телефон гўшагини кўтарди. Ўзининг тилида ким биландир гаплашди. Кейин Фазлиддинга Чорсудаги «Болалар дунёси» магазинининг орқа томонидаги кичкинагина магазинга бориб, Муртазо исмли одам билан учрашиб, унга Тошпўлат ака жўнатганини айтишни тайинлади.

Буни қарангки, гиламнинг ҳам исталган ўлчамдаги, исталган рангдаги ва исталган гуллисини топиш мумкин экан. Фақат керакли одамлар билан учрашсанг бўлди экан.

Шундай қилиб, шу куннинг ўзидаёқ Фазлиддиннинг уйи гилам ва мебель билан тўлди. Энди идишлар ва кўрпа-ёстиқ масаласи қолди.

— Бунисини қаердан олишни биламан, — деди Малоҳат.

Фазлиддин билан янгаси бирдан унга қаради.

— Чорсуда сотишади. Водийлик тикувчилар. Тайёрлари бор.

— Ана, — дея Фазлиддин Лобарга юзланди, — сиз бизни ким деб ўйлагандингиз? Керак бўлса, бир кунда ҳамма нарсани топиб келиб жой-жойига қўямиз.

— Ҳа-а, — дея қўлларини икки томонига ёзди Лобар, — биз аралашмасак ҳам, ҳали тўйниям ўзларингиз қилиб оладиганга ўхшайсиз.

— Бўлмасам-чи, янга! Сиз шаҳардан бориб, меҳмондай ўтириб еб-ичиб келасиз, — деди Фазлиддин ва бурнини тортиб қўйди.

Тўйга бир ҳафта қолганида, улар иккиси қишлоққа жўнаб кетишди. Бу сафар ёнма-ён ўтириб кетишди. Чунки кетишларидан олдин Муҳаммад Али қорига никоҳ ўқитиб олишганди. Фазлиддин шундай бўлишини истади. «Бизнинг никоҳимизни ўзингиз ўқиб қўйинг. Уйдагиларнинг ҳаммасига ўзим тушунтираман», — деди.

У энди Малоҳатнинг қўлини бемалол ушлади. Ҳатто бир-икки дафъа қучди ҳам.

— Сиз ёмон бола экансиз. Дарвоқе, аслида, ёмон боласиз-ку. Мен илгари сизга хат ёзиб юрган пайтларим шундай дердим, — дея қиқирлаб кулди Малоҳат.

Тўйга келувчилар кўп бўлди. Фармон ака боқиб юрган ҳўкизини сўйганди. Шу боис ҳатто салатлар ҳам гўштли бўлди. Бироқ ароқ йўқ эди. Ана шундан одамлар, Фазлиддиннинг жўралари ҳам норози бўлишди.

— Сен ўзинг ичмасанг ҳам майли, ҳеч қурса, бизга қўй. Агар қўймасанг, билиб қўй, тўйингда ўтирмаймиз. Агар қизишиб олмасак, тўйни қандай қиздирамиз? — деди Шокир.

Негадир ҳаммадан кўпроқ унинг жаҳли чиқаётганди. Ҳатто у Фазлиддиннинг кўз ўнгида жўраларига: «Бу бизни менсимай қўйган. Иши битсин, кейин кўришмай ҳам қўяди. Кетдик, жўралар, обрўйимиз борида аста сурайлик. Буям жўранинг қадрини бир сезсин», деди.

Албатта, шаҳардан Фазлиддиннинг ҳамма ўғил курсдошлари, бир курс юқоридагилар, кичиклар ҳам келишганди. Бироқ улар бу ерга бегона, бу ернинг урф-одатини билишмайди. Уялиб, тортинишади. Лекин Фазлиддиннинг синфдош жўраларининг ўрни бошқа-да.

У икки ўт орасида қолди. Шунда ўзига ўзи айтди: «Кетса кетаверишсин. Мен Худонинг айтганини қиламан».

Бироқ орага Абдуалим ака тушди. Фазлиддинга билдирмай, унинг жўралари тугул, бошқаларни ҳам ароқ билан таъминлаб ташлади.

Энди шу ерда салгина ортга қайтиб оламиз.

Тўйни эшитиб, райкомнинг биринчи секретарининг ҳотамтойлиги тутиб кетди. «Шундай чемпион бола уйланади-ю, четда қараб турамизми?» деди. Раисга айтди: «Битта ҳўкиз билан қўй сўясан». Винзаводга қўнғироқ қилди: «Бирор эллик яшикни мен айтган жойга жўнатасан…»

Ҳўкизни-ку, Фармон ака сўйди, аммо қўйни ҳақиқатан ҳам раис олиб келди.

Ароқ заводи директори бўлса, кимсан, райком бобонинг ўзлари ўз оғизлари билан айтди, деб ўзининг ёнидан яна ўн яшик қўшиб Фармон аканинг уйига олиб келди. Бу пайтда Абдуалим ҳам шу ерда эди.

Фармон ака «йўқ» деди. «Тўйга умуман ичимлик қўйилмайди. Агар ўғлим билиб қолса, тўйни бузади», деди.

Шунда Абдуалим завод директорини секин четга тортди.

— Сиз акамнинг гапига эътибор берманг, ўзим ҳаммасини ҳал қиламан. Акам ҳозир ичмагани билан ёшлигида обдан тортган, бировларнинг тўйларига борган, шу ёқларда ичган. Ичган оғиз уялади. Келган меҳмонлар юз-эллик граммдан ичишмаса, бизни обдан сўкишади. Айниқса, мени. Чунки улар акамнинг юзига сўка олишмайди, аммо мени туғилганимга пушаймон едиради. Яхши келиб қолдингиз, энди машинани менинг уйимга ҳайдайсиз, — деди.

Шундай қилиб, олтмиш яшик ароқ (ҳар яшикда йигирма шишадан бор эди) Абдуалимнинг уйига тушди.

Бу бир ҳафта олдинги гап. Шу бир ҳафта мобайнида Абдуалим озмунча одамни меҳмон қилдими?.. Ҳозир магазинларда ароқ деган нарса анқонинг уруғи. Топилмайди. Абдуалимнинг уйида эса мингдан зиёди турибди. У акасига билдирмай таниш-билишларига: «Ҳамма нарса сендан, ароғи мендан», дейди. Эшитган одам дарров рози бўлади. Шу билан улар маст бўлиб қолгунча ичишади.

Фармон ака укасининг кунда ичаётганидан хабар топди. Бироқ райком секретари жўнатган ароқларнинг ҳаммасини уйига тушириб олганини билмади.

Шундай қилиб, Абдуалим Шокирни ўзи билан бирга уйига олиб кетди. Унга нақ бир яшик ароқ берди. «Бировга билдирмайсан, секин чойнакка солиб, жўраларингга олиб бориб бераверасан. Агар тўйни зўр ўтказсанглар, яна бир яшик бераман, бирор жойга бориб айшни давом этказасанлар…» — деди.

Тўй зўр бошланди. Ҳамма тетик, ҳамма хушчақчақ. Аммо тўй яримлаганида, бир-иккита маст одамлар кўзга ташлана бошлади. Фазлиддин олдинига ҳеч нимага тушунмади, у ёқ-бу ёққа қаради. Кейин чидамай Алишерни чақирди.

— Нима бўляпти, жўра? Нега маст одамлар юришибди? Ё отам менга билдирмай ароқ қўйдими? — дея сўради.

Алишер ичмаганди. Аммо у ҳамма нарсани биларди. Бироқ жўрасининг дилини оғритгиси келмади.

— Кўктепалик Ҳалима савдогар ичкилик қўйилмаётганини эшитиб, бир арава вино олиб келиб сотиб кетибди, — деди шивирлаб.

Фазлиддиннинг жаҳли чиқди. Аммо унинг қўлидан ҳеч нарса келмасди. Шу боис тишини тишига босди. Қолаверса, ёнида оппоқ келин кўйлакка бурканиб ўтирган Малоҳат унинг қўлини маҳкам сиқди. Сўнг:

— Индаманг. Муҳими, сиз ҳеч қандай ичкилик қўймадингиз, — дея шивирлади қулоғига.

Шундан кейин райком секретари келди. Унга Фармон ака уйида алоҳида жой қилганди. Шу ерда меҳмон қилди. Кейин райком секретари: «Бориб, чемпионимизни табриклаб келай», деб микрофонни олди. Фазлиддинни, Малоҳатни табриклади. Сўнг Фазлиддин билан қучоқлашиб кўришди. Шунда Фазлиддин унинг ҳам ичганини сезди…

Фазлиддин эртароқ тўй тугашини истади. Ўзининг энг бахтли куни. Ўзи истаган, минг машаққатлар билан эришган қизига уйланаётган кун. Шу куннинг у энди тезроқ ўтишини истаяпти…

Тўй охирига бориб, давра ўйнаётганлар билан тўлиб-тошди. Улар ерни шунчалик тепишардики, қуюқ чанг осмонга кўтариларди…

Охири у тақдирига тан бериб, ҳамма нарсага қўл силтаб, шунчаки ёввойилар каби рақсга тушаётганларни томоша қилиб ўтирди.

Ниҳоят, тўй деган машмаша ҳам тугади. Келин-куёв ўринларидан туришди. Фазлиддин Малоҳатни қўлтиқлаб, чимилдиққа кузатиб қўйди…

Жўралар келишди. Олдинига курсдошлари. Буни қарангки, уларнинг ҳам бир-иккитаси ичиб олибди. Тебраниб туришибди.

— Оғайни, маза қилиб ўтирдик. Энди, анави аканг бор экан-ку, исмлари Абдуалим, шу кишиникида қоламиз. Эртага эрталаб қайтамиз. Сен билан Тошкентда кўришамиз. Чунки бугун-эрта, умуман, бир ҳафта сени безовта қилишга ҳақимиз йўқ, — дейишди ҳазиллашиб.

Сўнг синфдош жўралар келишди.

— Жўра! — деди Шокир Фазлиддиннинг елкасига қўлини ташлаб, у оёғида зўрға турар эди. — Барибир, ҳар битта оилада битта мард одам топилади. Аммо Абдуалим ака сенларнинг бирортангга ўхшамаган. Маладес одам. Агар шу одам бўлмаганида, биз сенинг тўйингда ухлаб ўтирган бўлардик. Эй-й, раҳмат шу одамга!

— Қўйсанг-чи, оғзингдан боди кириб, шоди чиқадиган бўлиб қолибди. Кетдик. Боя тентираб, ўйинчига ёпишаётганингни отанг кўрганди. Энди тинчгина уйингга бориб ол, — дея Алишер Шокирнинг белидан қучоқлаб тортқилади.

Сўнгра бошқа синфдош жўралар кулишди. Ҳар бири Фазлиддинни қучоқлади. Ҳар бири уни табриклади. Кейин улар ҳам кетишди.

Орадан бир соатча ўтиб, ҳовлида бегона одамнинг ўзи қолмади.

Фармон ака, Фахриддин, Фазлиддиннинг укаси кўринмайди. Ҳаммаси битта-битта ётадиган жой топиб, шу ёққа кириб кетишган. Дам олишлари керак. Чунки эртага яна саҳарлаб туриб, ўчоқнинг тагига олов ёқишларига тўғри келади…

Фазлиддин ҳовлисидаги боққа кирди. У ер қоп-қоронғи. Бирорта дарахтнинг остида чордона қуриб, чарақлаб турган юлдузларга термилганча хаёл суриб ўтирсанг, маза қиласан… У шундай қилиб беш дақиқача ўтирди. Сўнг бирдан хаёлига Малоҳат келди. Ахир у Фазлиддиннинг келишини кутаяпти. Бориш керак…

У ёруғликка ўтди. Шунда кўзи ошхонадан чиқиб келаётган онасига тушди.

— Нима қилиб тентираб юрибсан? Тез уйингга кир! Келиннинг бир ўзи қўрқади! — дея ўғлини койиди.

Фазлиддин чимилдиғи бор уй эшиги ёнига келди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: