Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (84-қисм)
Малоҳат унинг сўзларига ишонди. Бироқ Камол Шонга ҳам шундай деганида, у кулди. «Содда бўлманг, иним», деди. Сўнгра Хоразмшоҳлар воқеасини гапириб берди.
— Бир пайтлар улар халқнинг қонини шунчалик ичганки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Шундан кейин Чор Россияси бостириб кирган, халқ эса босқинчиларни нон ва туз билан кутиб олган. Зора шулардан ёруғлик чиқса деб умид қилган, — деди.
— Сизнинг ўзингиз шуни истамаганмидингиз? Ўзингиз агар биз ўзимизга хон, ўзимизга бек бўлсак, ривожланамиз, демаганмидингиз? — дея ҳайрат билан унга тикилди Фазлиддин.
— Хом сут эмган банда адашади-да. Бир-бирининг гўштини ейдиганлар, сал олдинга кетаётганнинг оёғидан тортадиганлар шунақанги кўпайдики, кўриб даҳшатга тушасан. Бу ҳолваси бўлмасайди, деб қўрқаман. Сиз гарчи ҳали ўқишни тугатмаган бўлсангиз ҳам, аллақачон олимга айланиб бўлгансиз. Бундан чиқди, содданинг соддасига айлангансиз. Эҳтиёт бўлинг, ҳамма кашфиётларниям кўрсатаверманг. Олтин ўрталиқни топинг ва шу ўрталиқда юринг. Бировга бақирманг ва айни пайтда секин ҳам гапирманг, — деб Камол Шон унинг елкасига қоқиб қўйди.
Шу куни Фазлиддиннинг мутлақо кайфияти бўлмади. Қўли ҳеч бир ишга бормади. «Наҳотки шунча ўрганган нарсаларимнинг икки пуллик аҳамияти бўлмаса», деб ўйлади.
Бироқ ўзининг аҳволини ҳомиладор, ой-куни яқин Малоҳатга билдирмасликка ҳаракат қилиб, уйига келиши билан кийимларини алмаштирди-да, узум сўриларининг тагига борди. Ҳозир узумлар ғарқ пишган пайти. Фазлиддин уларга умуман кимёвий ишлов бермаган. Аммо маҳаллий ўғит билан обдан сийлаган. Шундан бўлса керак, узумлар роса ҳосил берди. Есангиз, шираси тилингизни ёраман дейди.
— Бизнинг химикка нима бўлди? — деди Малоҳат одати бўйича аввал овқатланиб олиб, кейин боғ айланишни хуш кўрадиган Фазлиддинга.
Фазлиддин бирдан жилмайди.
— Билмадим, хоним. Шу тушлик пайти перашки егандим. Роса ёғли экан. Ҳалигача ҳазм бўлмай турибди, — деди.
— Мен ҳазм қилишнинг йўлини биламан. Ошхонага юринг, узумингиздан ҳам олинг. Кун бўйи уйдаман, лекин сиз бўлмасангиз, бир ўзимнинг сира егим келмайди. Ҳозир бўлса, шу узумларни, айниқса, анави «Ризамат ота»ни кўрганимдан кейин кўзларим ёниб кетяпти.
— Тушунарли. Ҳозир «есть» қиламиз…
У «есть» қилди. Кейин ёш келин-куёв талашиб-тортишиб ейишди. Фазлиддин: «Яна олиб келай», деди, бироқ Малоҳат кўнмади. «Агар олиб келсангиз, завқи қолмайди», деди.
Ноябрь охирига бориб, унинг кўзи ёриди. Ўғилли бўлишди улар. Паҳлавондай бола дунёга келди. Дўхтир чиқиб, Фазлиддинни қўрқитди. «Боланинг боши сал қисилиб чиқди. Шунинг учун боши бироз қийшиқ», деди. Фазлиддин шу гапни эшитиши билан дорихонага югурди, дўхтир буюрган ҳамма укол-дориларни олиб келди, кейин дўхтирнинг оппоқ халати чўнтагига пул солиб қўйди. Бошқалар озроқ беришарди. Аммо у кўпроқ берди. Боламга, унинг онасига яхшироқ қарасин, деди. Аслида, Фазлиддиннинг ўғли бошқа болалардай соғлом туғилганди. Дўхтир шунчаки ундан пул ундириш ниятида шундай деганди. Ундан кейин Фазлиддин олиб келган укол-дориларни ҳам ишлатмади. Ишдан қайтаётганида яна дорихонага бериб ўтди. Сотувчи кулди.
— Дўхтир, шу билан бу дориларни бешинчи марта олиб келишингиз, қўлдан қўлга ўтавериб, қутиси ҳам уриниб қолди, — деди.
— Ҳечқиси йўқ, ҳали яна бирор ўн марта қўлдан қўлга ўтишга ярайди. Сен буни яхшилаб ўраб бер-да, — деди дўхтир унга жавобан ва сотувчи берган пулни чўнтагига солиб, йўлида давом этди.
Фазлиддин ўғлига Муҳаммад дея исм қўйди. Аммо аввал келинининг кўпайишганидан хабар топиб уйига келган Фармон акадан маслаҳат олди. Кейин қўйди.
Фазлиддин янада бойиб кетаверди. Шунчаликки, пуллари нақ уч сандиқ бўлди. Яна ўзларининг хонасида шкафда ҳам очиқдан-очиқ турарди. Фармон ака: «Буларни кўрсатма. Одам зоти жуда ёмон, пулга кўзи тушдими, нима қилиб бўлса ҳам унга эга чиқишга ҳаракат қилади. Ҳаммани ўзингдай деб ўйлама. Кўринмайдиган жойга қўй», деди.
Бироқ, барибир, пулни яшириш масаласида Фазлиддин оқсоқлик қилаверди. Умуман, пул деган нарсага унинг унчалик ҳам ҳафсаласи қолмаганди. Қолаверса, сўнгги пайтларда пул алмашармиш, деган гаплар кундан кунга кўпайиб бораётганди… Ҳа, эсдан чиқай дебди. СССР парчаланишидан бир муддат аввал эллик ва юз купюралик пуллар муомаладан чиқарилди. Алмаштириб олишга бор-йўғи уч кун берилди. Ана шу уч кунда бўлган тўполонларни бир кўрсангиз эди…
Хуллас, алмашадиган беқадр пуллар Фазлиддинни сира ўзига маҳлиё қилолмас эди…
Кейинчалик унинг қўлига долларлар туша бошлади. Аввалига қизиқсинди. Бировга кўрсатмай Малоҳатга олиб келиб берди. «Дунёни мана шу қоғоз бошқаряпти. Бошқаларнинг пуллари бунинг олдида ҳеч нарса эмас, агар шу пул қўлингизда бўлса, дунёнинг исталган жойига бороласиз, исталган нарсангизни сотиб ололасиз», деди. Кейинчалик шу долларнинг ҳам қизиғи қолмади. Чунки ҳаётида қизиқ нарсалар кўп эди… У уйини давлат берадиган, тўғрироғи, давлат сотадиган газдан узиб қўйди. Чунки ўзининг гази бор эди. Газки, ҳеч қачон ўчиб қолмайди. Ўзи ихтиро қилиб, биринчисига «ФОФМ» дея ном қўйган (отаси ва онаси Оқилахон, ўзи ва Малоҳатнинг исмларининг бош ҳарфлари), иккинчисини «Ўзбек» деб атайдиган суюқлик моддалари устига оддий сувни қуйганида, сув парчаланиб кислород бошқа ёқдан, водород бошқа ёқдан чиқиб кетаверади. Фазлиддин бу ихтиросини анча олдин қилганди. Кейинроқ уни мукаммаллаштирди. Тўғри, бу янгилик эмас. Чунки етмиш-саксон йил аввал олимлар бундай манзарани барпо қилиб бўлишган эди. Бироқ кейин ундан биров фойдаланмай қўйди.
Тўлов бўлавермагач, бир-икки марта газчилар келиб кўришди. Қойил қолишди. «Аммо буни билиб қолишса, сизга жарима қўллашади», дейишди. Бироқ ҳаммаёқ алғов-далғов бўлганлиги боис жарима қўллайдиган одам келмади.
Отчопарда янги бозор очилди. Тўғрироғи, одамларнинг ўзлари «оптом» бозор очиб олишди. Энди ҳамма шу ёққа югурадиган бўлди. Чунки излаганингизни фақат шу ёқдан топасиз, яна арзон. Кўз очиб-юмгунча Фазлиддиннинг маҳсулоти ҳам шу бозордан ўзига жой топиб олди. Номи одамларга яхши таниш бўлиб қолган эди. Шу боис харидори ҳам яна кўпая бошлади. Иш тезлашди. Ана шундай бир пайтда Любовь Николаевна касал бўлиб қолди. Олдинига икки кун йўталиб юрди. Сўнг бирдан ётиб қолди. Дўхтирга олиб боришди. Аммо нажот йўқ, дейишди. Ўпкаси тамом бўлган дейишди. Чунки Муҳаббат опа жуда узоқ йиллардан бери чекарди. Қизи Наташанинг сўзларига қараганда, сўнгги пайтда икки қути тамаки бир кунга етмай қолган экан. «Неча марталаб огоҳлантирдим, бошингга бир балони орттириб оласан, дедим. Аммо менинг гапларимни сариқ чақага ҳам олмайди», дейди у.
Шўринг қурғур ётиб қолганидан сўнг узоқ яшамади. Бор-йўғи ўн беш кун деганда омонатини топширди-қўйди. Унинг ўрнига Наташа бухгалтер бўлди. У онасидай чўрткесар эмасди. Нима десанг, индамай бажариб кетаверадиган аёл эди. Шунингдек, онаси каби бошқа идораларга бориб, талашиб-тортиша олмасди. Кўнгли бўшлик қиларди… Фазлиддин унга анча ўрганиб қолган экан. Тўғрироғи, Муҳаббат опанинг борлигидан хотиржам эди. Сабаби унга ишонарди. Акаси Фахриддиндан ҳам кўпроқ ишонарди… «Ана энди қийналаман. Чунки ҳамма нарсада ўзим бош-қош бўлиб туришим керак. Ҳамма четдаги ишларни ўзим бажаришим керак», деган хаёлга борди. Дастлабки кунлари шундай ҳаракатларни ҳам бошлаб юборди. Ҳатто «Отчопар»нинг орқа томонидаги озиқ-овқат бозорига икки марта бориб келди. Юк олиб борди. Мол олувчиларнинг кимлигини билиб келиш учун борди. Борди-ю, бош оғриғини орттириб келди. Сабаби янги пайдо бўлган савдогарларнинг кўзлари ўйнарди. Улар молни қабул қилаётганларида уни мумкин қадар пастга уришга, обрўсизлантиришга уринишарди. Яна пулини вақтида беришни исташмасди. Уларга биров ёнларига келиб ялиниб турса, шуниси кўпроқ маъқул келади.
— Бошқа уларга мол берманг. Келиб олдин пулини тўлаб, кейин олиб кетишсин. Йўл ҳақиниям ўзлари тўлашсин. Ҳозирча сиз эски мижозлар билан қаноатланиб туринг, — деди.
Орадан бор-йўғи бир кун ўтди. Цехга қўнғироқ қилишди. Гўшакни Наташа кўтарди. Пўписа овозидан чўчиб тушиб, гўшакни қулоғидан узоқлаштирди.
— Ким? — деди Фазлиддин унга қараб.
— Билмадим. Кимдир дағал овозда бақирди. Ҳатто ўзини таништирмади ҳам, — дея киприкларини пирпиратди Наташа.
Фазлиддин унинг қўлидан гўшакни олди, қулоғига тутди.
— Алло, — деди.
— Сенлар қанақа одамсанлар ўзи?! Молни олиб келмайсанларми?! — дея бақирди дағал овозли одам.
— Сиз кимсиз? — деб сўради Фазлиддин хотиржамлик билан.
— Ким бўлардим?! Ипподромданман! Рустамман! Қанақа одамсизлар? Бир нарсани ялиниб олиб келгандинглар, энди вақтида охирини узиб қўймай олиб келмайсанларми?! Соққасини икки баробар қилиб олаётган бўлсанглар!..
— Мол йўқ, — деди Фазлиддин унинг сўзларини охиригача эшитмай.
— Йўқ! Нега йўқ бўларкан?!
— Мижоз кўп. Пулини келиб тўлайсиз-да, икки кундан кейин олиб кетасиз.
— Мен… Сан кимсан ўзи?!
— Келганингизда танишиб олаверамиз. Гап тамом.
У гўшакни телефоннинг устига қўйиб, Наташага қараб жилмайди.
— Буларга шу нарса керак. Индамасангиз, бошингизга чиқиб олади. Уни аввалги олган молларидан қарзи ҳам бор, — деди ва бухгалтериядан чиқиб кетди.
Шу куннинг ўзидаёқ ўша Рустам деган бола келди. Қалин мўйлов қўйиб олган, қориндор бир одам экан. Фазлиддин уни бозорда кўрганди. Иягини кўтариб юрарди у. На ўзидан харид қиладиган мижозларига ва на мол эгаларига муомала қиларди. Биттасига: «Молингни тайини борми?» деса, иккинчисига: «Олсангиз, шу нархда, бозордан бундай нарса мендан бўлак ҳеч кимда йўқ», дерди.
Фазлиддин уни келганидан кейин ҳам бир соатча куттирди. Кейин худди унинг ўзи каби менсимай муомала қилди.
— Биз молимизни бировга ялиниб бермаймиз. Молимиз боламиздай бир гап, — деди қабул қилганидан сўнг.
— Эй-й, — деди кўк кўз мижоз илжайиб, — бозорни биласиз, кунда асаббузарлик. Шунга одам сал қўпол бўлиб қоларкан, ока. Бугун бир имкониятини қилиб беринг, кейинги сафар, керак бўлса, бир ойлигини олдиндан пулини тўлаб қўяман…
— Бугун ҳеч қанақасига иложи йўқ. Ҳа, айтганча, сизнинг қарзингиз ҳам бор экан.
— Бор. Ҳозир тўлайман.
— Яхши. Бухгалтерияга кириб, Наташа исмли қизга тўлаб чиқинг. Ҳали айтганимдай, ўша куни оласиз. Мен сизга бошқа бировникини бериб юборолмайман. Энди узр, вақтим зиқроқ эди, — деди Фазлиддин.
Мижоз ўрнидан туришга, хонадан чиқишга ва тақдирга тан беришга мажбур эди.
Фазлиддин жуда қаттиқ чарчади. Мана шундай олди-бердилар, ҳисоб-китоблар чарчатди уни. Кечки пайт соат бешга яқинлашиб қолганида уйига кетди. Борса, Малоҳат йиғлаб ўтирибди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)