Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (85-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (85-қисм)

Ўғли Муҳаммаднинг иситмаси чиқиб, дори берса ҳам тушмаётган экан. Малоҳат нима қиларини билмай, аламини кўз ёшидан олаётган экан.

— Нега менга дарров қўнғироқ қилмадингиз? — деди Фазлиддин.

— Қаердан топишни билмадим. Университетда бўлсангиз, у ерда телефон йўқ…

— Йўқ, мен цехда эдим. Ҳар куни бу пайтда цехда бўламан… Бўпти, энди гапни кўпайтирмай, дарров тез ёрдамга қўнғироқ қилайлик.

Малоҳатга Фазлиддиннинг сўзлари оғир ботди. Эри унга илк маротаба қаттиқ гапираётгандай эди. Ҳатто унинг сўзларида қандайдир жеркиш ҳам бордай эди. Шундан Малоҳатнинг дили оғриди. Фазлиддин хотинининг қай аҳволга тушганидан бехабар, телефонга ёпишди.

Тез ёрдам анча ҳаяллади, ўзига сиғмаётган Фазлиддин бир неча марта ташқарига чиқди. Йўл пойлади. Билагидаги соатига нақ ўн марта қаради.

Ниҳоят узоқ кутилган тез ёрдам машинаси келди. Сочлари оппоқ, юзини ажин босган, қари доктор келди.

Доктор Фазлиддиннинг сўзларини эшитмади ҳам.

— Қани бемор? — деб сўради.

— Ичкарида, — деди Фазлиддин шошиб ва олдинга тушиб олди.

Малоҳат ўғлини бағрига босиб, кўзидан дувиллаб ёш оққанча хона бўйлаб юрарди. У врачни кўриши билан баттар йиғлашга тушди. Кўз ёшини ўғлининг йўргагига артди.

— Қани менга бер-чи! — деди доктор унинг ёнига келиб.

Малоҳат истар-истамас боласини унинг қўлига тутқазди.

— Сира иситмаси тушмаяпти, дори бердим, бўлмади, — деди Малоҳат яна йиғлаб.

— Эй, қизим! Ёшсизлар-да, тушунмайсизлар, билмайсизлар. Албатта, иситма тушмайди. Укол қилсанг ҳам тушмайди, — дея доктор Муҳаммаднинг юзига тикилди. — Пешонаси ярақлаган, нурли бола экан. Худо хоҳласа, ажойиб ўғлон бўлади.

Фазлиддин унинг сўзларидан бироз хотиржам тортиб, Малоҳатга қараб қўйди. Доктор эса чақалоқнинг бурнига пуфлади. Шунда Муҳаммаднинг оғзидан увоқдайгина бир нарса чиқди.

— Ҳа-а, ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Нон ушоқ қолиб кетибди томоғида. Келин, боланг анча чарчаб қолибди. Бунинг овқатини бер-да, ухлат, — дея доктор чақалоқни онасининг қўлига тутқазиб қўйди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Муҳаммаднинг иситмаси дарров тушди. Фазлиддин докторни кузатиб келса, Малоҳат жилмайиб турибди. Муҳаммад эса ухлаб қолибди.

— Бечорагинам, ҳақиқатан ҳам чарчаб қолибди, эмишга ҳам мажоли етмади, — деди Малоҳат эрига.

— Қўрқитдиям. Ўзингиз ҳам роса чарчаган бўлсангиз керак. Ухлаган бўлса, ётқизинг-да, ёнига ўзингиз ҳам ётинг. Мен ғиз этиб бориб шашликми ёки бошқа бирор нима топиб келаман.

— Мени кечиринг…

— Нега кечирим сўраяпсиз? Ҳеч нарса қилмадингиз-ку.

— Эътиборсизлигимнинг орқасидан…

— Эҳҳе, мен билан укаларим болалигимизда қанча касал бўлганмиз! Сиз айтганимни қилинг, мен кетдим.

Малоҳатнинг кўнглида пайдо бўлган ним-ним гина шу заҳоти йўқолди. Эрини олдингидан-да кўпроқ яхши кўрди. Илло, эри ҳар бир гапида Малоҳатнинг кўнглига қараётганди.

Давр шиддати янада тезлашди. Мамлакатга ҳар томондан тижоратчилар оқиб кела бошлашди. Бир томонда турли техникалар, бошқа томонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва яна бир томонда озиқ-овқат, қурилиш маҳсулотлари… Одамларнинг ҳаммаси бир думалаб савдогарга айланиб қолганга ўхшарди. Яна телевизорда ҳам тинимсиз турли рекламалар айлана бошлади… Дўконлар олдидаги аввалги навбатлар секин-секин камайди. Ҳатто бировлар: «Вақтида буханка ноннинг устига пойабзал креми суртиб, спиртини нонга сингдириб, кейин уни ердик… Магазинларда «тройной одеколон»лар ичувчилар дастидан тугаб кетарди», дея гапирадиган бўлишди… Бозорга қараб, рақобатда синиб қолмаслик учун, Фазлиддин ҳам шампунь идишининг тусини ўзгартирди. Ўзига ҳам қўшимчалар қўшди. У энди мутлақо ўзгача ҳид тарата бошлади. Мижозлари сони ортди. Цехга қўшимча ишчиларни олишига тўғри келди. Сабаби иш уч сменага кўчган эди. Лекин буларнинг бари Фазлиддинни сира хурсанд қилмасди. Қайтага, унинг назарида сунъийлик кучайиб кетаётгандай, у эса шу майда сунъийликка ўралашиб қолаётгандай эди. «Бунақа қилмаслигим керак. Бунақа йўлдан юрмаслигим керак», дерди у ҳар сафар ўз-ўзига. Шунинг учун ҳам цехга камроқ боришга ҳаракат қиларди. Шампунь тайёрлашда ишлатиладиган қўшимчаларни эса акасига ўргатиб қўйганди. Ака хурсанд. Унча-мунчага гап бермайди. Хўжайинчилигиям аввалгидан ошган эди. Бир сафар Фазлиддин уни ичган ҳолда кўрди.

— Акам бўлсангиз ўзингизга, агар яна бир марта шу ҳолда кўрсам, қишлоққа жўнайсиз, кейин бу ёқларга умуман қадамингизни босмайсиз! — деди унга Фазлиддин.

Фахриддин индамади. Индаёлмади.

— Бўлди, бошқа такрорланмайди, — деди бир муддат жим турганидан сўнг.

Фазлиддин уни шу кунларда муассислар қаторига қўшиб қўймоқчи эди. Дарров ниятидан қайтди. «Унинг ўрнига хотинини киритиб қўяман», дея кўнглидан ўтказди. Бироқ кейин бу қароридан ҳам воз кечди. Чунки янгаси Лобар Малоҳат билан гаплашаётганида, қўшнисининг бечораҳол эканлигини айтиб, унинг устидан кулганини эшитиб қолди. «Оббо, — дея кўнглидан ўтказди у, — ҳозирдан шундай бўлса, эрта бир куни катта-катта пулларни имзо қўйиб олганидан кейин ўзини қандай тутади? Яхшиси, акам олиб келганини кўриб, яшаб юраверсин».

У яна вақтининг катта қисмини университетда ўтказа бошлади. Охирги курс, ҳализамон диплом ёқлаши керак. Ана ундан сўнг бу лабораторияга кириши ҳозиргидай осон бўлмайди. Тўғри, факультет декани унга: «Илмий иш қил, университетда қол», деб бир неча марта айтди. Аммо унга ҳам Фазлиддиннинг хоҳиши йўқ. Кўнгли алламбало нарсаларни тусаяпти-ю, бироқ ўша истаги нима эканлигини ўзи ҳам билолмай овора. «Деканнинг гапида жон бор, — деди охири. — Агар университетга келиб-кетиб юрсам… Аммо университет кутубхонаси анча камбағал. Керакли китобларни тополмайсан. Лекин бу нарса қолмаслигимга баҳона бўлолмайди. Европага бориб келаман, у ёқдан истаганча китоб топиш мумкин. Ана борингки, ундан ўтиб АҚШни ҳам сайр қилиб келарман. Хўш, яна қаерга бориш мумкин? Топдим, Япония, сўнг у ёқдан Жанубий Корея… Эҳҳе, борадиган жойларим ҳам кўп экан. Қолаверса, химиядан ташқари, физика ҳам менинг жону дилим. Маълум вақт химиядан бошимни кўтармай қўйдим. Физика четда қолиб кетди. Мен муқобил энергия ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчийдим. Агар шунинг уддасидан чиқолсам, эҳҳе, қанча нарсаларни қилиб ташласам бўларкан! Бўлди, деканнинг айтганига кўнаман…»

У шундай ҳам қилди. Диплом ҳимоясига бутун факультет ўқитувчилари йиғилишди. Чунки унинг маърузаси, унинг иши ҳамма учун бирдай қизиқ эди-да.

— Аммо, — деди Жўра Қувонов, — ҳамма сирни очиб ташлама. Қаерлардадир ўзинг учун фактлар қолсин. Агар қолдирмасанг, уларнинг бошлари қотади. Хаёлларига бемаза ўйлар келади. Сабаби ҳаммаси изланиб юрибди. Нимадир топишлари керак-да, илмий унвонларини ошириб олишлари керак. Кўряпсанми, тайёр ишга эга чиқишни хоҳловчилар ҳам кўп.

— Лекин ҳали кўрмадим, домла, — деб кулди Фазлиддин.

— Кўрасан. Кўрасан. Чунки сенинг диплом ишингдан нусха кўчириб олганлар бор, деб эшитиб юрибман. Ҳа, худди шундай. Ўқиб кўришга олган-у, кейин кўчириб қўя қолган. Буни бериладиган саволлардан билиб оласан. Мен атайин диплом ишингнинг баъзи жойларини яшириб қўйдим. Ҳа, шунчаки диплом ишидан ўша варақларни суғуриб олдим. Ишонсанг, шўринг қурғурларнинг роса бошлари қотибди. Энг асосийси нима, биласанми?

— Йўқ, — деб бошини чайқади Фазлиддин.

— Ўша олинган саҳифаларнинг олинганлигини билишмабди. Ҳатто бетларига эътибор беришмаган.

— Йўғ-э! — дея устозига тикилди Фазлиддин.

— Ҳа, — деб қўлларини икки ёнига ёзди профессор.

Унинг диплом ҳимояси бошқа студентларникидан мутлақо бошқача бўлди. Илло, у сабаб ўқитувчилар орасида ҳам химия фанига қизиқиш кучайганди. Ахир химия орқали турли нарсаларни яратиш ва уни бозорга олиб чиқиб сотиш мумкин эди-да. Ва яна илмий иш қилишни режалаштирганлар, шу билан обрўларини ошириб олмоқчи бўлганлар ҳам айнан химия факультети ўқитувчилари орасида камида уч-тўртта бор эди.

Ҳимоя эрталаб соат тўққизда бошланди ва нақ уч соат давом этди. Саволлар шунақа кўп эдики, уларнинг барига жавоб беравериб, Фазлиддиннинг тинкаси қуриди. Жўра Қувонов вақтида огоҳлантиргани яхши бўлган экан. Акс ҳолда, Фазлиддин билганларини миридан-сиригача ошкор этар эди. Энди эса жавобларнинг охири мавҳум бўлиб қолаверди.

— Бўлди, — деди соат миллари ўн иккига бонг урганида факультет декани, — битта бечора студентни уч соат эзганимиз етар. Фазлиддиннинг илмий ишини ўрганиб ва унинг берган жавобларини эшитиб, менда шундай фикр туғилди. Ўйлаб қарасам, мана шу диплом ишининг ўзи диссертацияга тортар экан. Энди нима қолди? Студентимиз ёзганларини илмий журналларда эълон қилиш. Ва яна майда-чуйда ишлар бор. Агар шуларнинг ҳаммасини бажарса, бемалол кейинги сафар диссертация ёқласа ҳам бўлаверади. Шунга нима дейсизлар?

Дарҳол қарсак бўлди. Уни асосан бошқа факультет домлалари (физиклар) ва тадбиркорлик қилмоқчи бўлганлар чалишди. Илмий иш умидидагилар эса лабларини тишлашди. Ва кўнгилларида бу илмий ишга қаршиликлар пайдо бўлди…

Малоҳат дастурхонни қуюқ қилганди. Қайнакасини, янгасини чақирди. «Бугун бир байрам қиламиз», деди. У ёғи Хадича опаси эри билан келди. Камол Шон ва унинг аёлини эса Фазлиддин уйга таклиф қилганди. Шундай қилиб, меҳмондорчилик зўр бўлди. Олдинига ҳамма Фазлиддинни университетни тамомлагани билан табриклашди. Кейин эса гап ўзани бозорга қараб кетиб қолди.

— Агар, — деди Камол Шон, — аҳвол худди ҳозиргидай давом этса, яна узоғи билан беш йилдан сўнг, Европага тенглашиб оламиз. Бунинг учун иккита шарт бажарилиши шарт. Биринчиси, четдан мол олиб келаётган хорижликлар шу ерда ўзларининг корхоналарини қуришлари керак. Иккинчиси, давлат уларга кўпроқ имконият бериши зарур. Ана ундан кейин кўраверасизлар ривожланишни.

— Унда биз эртароқ отни қамчилашимизга тўғри келаркан-да, — деди Фазлиддин.

— Йўқ. Сен жўнашинг керак. Хотининг билан бирга чет элда яшаб келсанг, ўзидан ўзи ҳамма ишларинг ривожланиб кетаверади. Борадиган жойинг, аввало, Европа, ундан кейин Америка бўлсин.

— Шунчаки кетавераманми? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.

— Ҳа, — деди Камол Шон, — шунчаки кетаверасан. Билиминг бор. Тилни биласан. Ақлинг бўлса, ўз-ўзидан ишлаб кетаверади.

— Тўғри, — деди Камол Шоннинг сўзларини диққат билан тинглаётган қори Муҳаммад Али, — одамнинг қалби кўпроқ сафарда очилади. Бирини кўриб шукр қилади, бошқасини кўриб сабр.

— Лекин бу ердаги ишлар…

— Сенсиз ҳам бўлаверади. Мана аканг, — деб Фахриддинни кўрсатди Камол Шон, — ҳозир сенсиз ҳамма ишни қилиб ташлайди. Бироқ олди-орқасига қараб турса, эҳтиёткорликни унутмаса, ғўдаймаса бўлгани.

Фазлиддин жилмайганча акасига қаради.

— Ҳамма нарса сизга ўтиб кетди, — деди.

— Йў-ў-қ, домла, кўп нарса қўлимдан келмайди. Биринчидан, саводим йўқ. Мен кўр одамдайман, қўлимдан биров етакласа юраман, бўлмаса, битта жойда туравераман.

Унинг сўзларига энди қори Муҳаммад Али кулди. Аммо у ҳеч нарса демади. Суҳбатнинг давомини кутди.

— Мен, — деди бироз хижолат бўлган Камол Шон, — бундай демоқчимасдим. Айтмоқчийдимки, Фазлиддин ҳамма нарсани йўлга қўйиб бўлди. Энди индамаса ҳам ғилдирак айланаверади. У тўхтагунча, Фазлиддин дунёни кезиб келса бўлади. Ошна, сен билан менинг кезишимда бир маъно йўқ. Барибир, биз ҳеч вақо тополмаймиз. Ҳали айтганимдай, биринчидан, тилни билмаймиз, иккинчидан, қўлимизда тузукроқ ҳунаримиз йўқ. Дунё ўхшатиб бир тепади, ҳов анави балчиққа бориб тушамиз.

— Жуда унчаликмасдир, — дея Фазлиддин Камол Шонга эътироз билдирди.

— Шунчалик. Шунчалик бўлгандаям унча-мунча эмас. Мана, масалан, инглизларга тилни билиш шартми? Йўқ. Чунки ўзининг тилини ўзи тиши чиқмасидан билади. Аммо у кўчада дайди. Ҳа, дайди. Ҳеч кимга керакмас бўлган бир нусха. Қўлларида ҳунари йўқларини айтяпман. Биз бўлсак ўшандан ҳам баттармиз, тилини билмаганимиз етмагандай… Бир хил пайти ўйлаб қоламан, ҳеч бўлмаса, трактор-практорни тузатишни ўрганиб қўймаган эканман, деб.

— Ҳалиям кеч эмас, — деди унга қори Муҳаммад Али.

— Йўқ, домла. Ўйлаб кўрдим. Кеч экан. Чунки калламга бирор нима кириб жойлашиб қолиши жуда қийин кечяпти. Бир хил пайтлар кичкинагина мақолани ёзишга қийналиб кетаман… Шуям иш бўлдими?

— Сиз қиладиган ишлар жудаям кўп, — деди Фазлиддин, — янги тарихни ёзишингиз керак ҳали.

— Лекин унинг кимга кераги бор? Ана, қий-чув даврида, «Дашноқлар»нинг қатли омларини ёздим. Тираж ана шу пайтда миллионга чиқиб кетди. Лекин биров қўлини қўлига урмади. Жуҳудлар нима қилишди, биласизми?

— Йўқ, — деди Фазлиддин.

Қори Муҳаммад Али Камол Шонга тикилди. Фахриддин киприк қоқмай қўлида пиёлани ушлаганча сўзловчининг гапларининг давомини кутди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: