Зеленскийга суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўрилган
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) ва Полша ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Украина президенти Владимир Зеленскийга суиқасд уюштиришда ёрдам беришни таклиф қилган «Россия агенти»ни қўлга олди. Бу ҳақда УХХ ва Бош прокуратура хабар берди.
Қайд қилинишича, гумонланувчи Полша фуқароси бўлиб, Россия ҳарбий разведкаси билан ҳамкорлик қилган. Тергов маълумотларига кўра, эркак Полшанинг Жешув-Ясёнка аэропортида хавфсизлик чоралари бўйича маълумотларни тўплаши ва уни Москвага топшириши керак эди. Бу, ўз навбатида, Зеленскийнинг Полшада бўлган вақтида унга суиқасд уюштиришни режалаштиришга ёрдам берарди, деб ҳисобламоқда УХХ.
Украина бу маълумотни полшалик ҳамкасбларига етказди ва эркак ҳибсга олинди. Унга Полша Жиноят кодексининг «хорижий разведкага бериш мақсадида Полшага зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш ёки сақлаш» моддаси бўйича айблов қўйилган.
2023 йил ноябрида Зеленский кенг кўламли жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери камида бешта суиқасддан омон қолганини айтди.