Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (91-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (91-қисм)

— Қизиқ гап гапирдингиз, — деди Фазлиддин, — сен океаннинг ўртасидасан. Атрофингда ҳеч ким йўқ. Хоҳлаган амалингни қил. Лекин сузма ва айни пайтда чўкма!..

— Воҳ! — дея кафтларини бир-бирига урди Камол Шон. — Зўр гап бўлди!

— Давомиям бор. Акулаларга ем бўлмасдан қирғоққа чиқиб ол. Энди ўйлаб кўринг, сузмасдан туриб, қандай қирғоққа чиқаман?

— Тўлқиннинг, довулнинг ўзи олиб чиқади.

— Ўлигимни…

— Балки… Шунақа пайтда одамнинг роса тортгиси келади. Шундай тортиш керакки, ҳаммаси эсингдан чиқиб кетсин. Лекин иложим йўқ. Қори билиб қолса, нақ калламни олиб ташлайди. Аммо ундан кўра Худодан кўпроқ қўрқаман. Яна битта таклифим бор сенга. Маҳсулот ишлаб чиқаришни қисқартирганингдан сўнг ўз-ўзидан даромад камайиб кетади. Шунга менинг оладиганимни икки ҳиссага қисқартирсанг. Ўзи шундоқ ҳам кўп пул бераётган эдинг. Менинг ҳатто ҳовли сотиб олишга имкониятим пайдо бўлди. Эрта-индин шундай қилсам ҳам керак.

— Йўқ! — деди Фазлиддин шу заҳоти. — Бу илтимосингизни бажаролмайман. Агар шампунни икки баробарга камайтирганимдаям фойдаси катта бўлади. Шундай экан, сизнинг пулингизда ўзгариш бўлмайди. Кейин, қаранг, нарх-навонинг ҳакалак отаётганини. Бугунги топганингиз эртага етмайди. Майли, мен бир ўйлаб кўрай. Қандайдир ечим бордир. Агар ўша ечимни тополсам… Ҳатто топганга ҳам ўхшайман. Аммо ҳозир айтмайман. Энди мен кетдим, миямдаги режам эсимдан чиқиб қолмасин.

У чиқиб машинага ўтирган заҳоти хаёлидагиларни дафтарга туширди. «Бир йўла уч ёки тўртта фирма очиш керак. Муассислари бошқа-бошқа бўлсин. Аммо уларнинг бари битта маҳсулотни ишлаб чиқарсин. Шунда келадиган пуллар уч ёки тўрт томонга бўлинади. Зўр фикр. Ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашиш зарур».

— Бўлади, — деди Оллоёр ҳуқуқшунос, пешонаси кенг, қориндор, оқ соч, кўзлари катта-катта одам. У Фазлиддин билан икки йилдан бери бирга ишлайди, сал тўмтоқроқ, ҳақиқатгўй. — Лекин бошқа фирмалар ҳам бу фирма билан шартнома тузишлари керак. Ундан кейин фойдаларидан ўтказиб туришлари ҳам шарт. Энди жуда фойдамас-у, шартномада кўрсатилган суммани ўтказишлари керак.

Унинг гапи Фазлиддинга маъқул келди, дарров шартнома матнини ёзишга тушди. Бироқ у тузган шартнома матнини ҳуқуқшунос маъқулламади. «Бундай нарсаларни биз ёзишимиз керак», деди у.

Демак, Малоҳат ҳам, акаси Фахриддин ҳам алоҳида фирма эгаси бўлди. Аммо учинчисига қори Муҳаммад Алининг аёли Хадича опани Фазлиддин зўрға кўндирди. Алишер билан Камол Шон тўртинчи фирманинг муассисига айланди. Янги фирмаларнинг ҳаммаси Фазлиддиннинг фирмаси билан шартнома имзолади.

Шундан кейин битта маҳсулотни бир нечта жойда ишлаб чиқара бошлашди. Ишчилар эса бешта жойдан маош олишарди. Энди бу шаклда ишлаш зиённи анчагина кўпайтирди, аммо хотиржамлик берди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади ва Фазлиддин бу ерга сиғмай қолди. Чунки университетдаги ўқув адабиётлари уни сира қониқтирмай қўйди. Унга бошқа нарса керак эди. Ана шу бошқа нарсани у сира тополмаётганди. Ҳар доим боши берк кўчага кириб қолаверарди. Фанлардаги мавзулар чала эди, охирига етказилмаганди. Бу нарса кимёда ҳам, физикада ҳам такрорланарди. Энди ўша чала қолган мавзулар устида илмий иш қилиш эса жуда кўп вақтни олиб қўяди. Аслини олганда, ўша мавзулар чала бўлмаган, кейинчалик уларни чала қилишган. Саводсизлар чала қилишган, натижада мана шунақа тўмтоқ бир нарса пайдо бўлган. Уни ўргангандан кўра ўрганмаган минг марта афзал.

Фазлиддин мана шундай боши қотиб юрган кунларнинг бирида уни факультет декани чақирди. «Лондонга, Кембриж университетига борасан», деди.

Фазлиддин кулди. Сўнгра:

— Нега, устоз? — дея сўради.

— Семинар бўларкан. Биздан тўрт киши, яна бошқа университетлардан, институтлардан ҳам домлалар боришади. Химиклар. Мен сенинг номзодингни бердим. Баҳонада бир шамоллаб келасан. Ўзи ҳардамхаёл бўлиб юрибсан, — деди анча кексайиб қолган декан.

— Сиз нима десангиз шу. Бориш керак бўлса, борамиз…

Фазлиддин росманасига хурсанд бўлди. Илло, ўзининг ичида ҳам Европага чиқиш иштиёқи бор эди. Шу ёқлардан қидирганини топиб келишни ният қилганди. Таклиф айни муддао бўлди.

— Энди бугундан қолдирмай паспортингни менга олиб келиб бер. Виза олиш керак.

— Унда мен кетдим.

Фазлиддин Малоҳатни арча ёнидаги ўриндиқда кўрди. У ёнига аравача қўйиб олган. Хадича ухлаяпти аравачада. Айнан шу жойнинг, ҳа, худди шу жойнинг икки метр нари-берисининг ҳавоси бошқа: бу ҳавони арча қайта ишлаб тарқатяпти; илгари ҳам айтганмиз буни. Хуллас, шундай ҳавода Фазлиддиннинг қизалоғи Хадичабону ухларди. Муҳаммад эса узум сўрисининг остида тупроқ ўйнаш билан овора эди. Малоҳат китоб ўқирди. У мутолаага берилиб кетганидан дарвоза очиб ёпилганини эшитмади.

Фазлиддин эса турган жойида она-болаларни томоша қилди. «Агар рассом бўлганимда, ҳозир жуда зўр расм чизган бўлардим», дея кўнглидан ўтказди ҳамда енгилгина йўталиб қўйди. Малоҳат қўрқиб кетиб, бирдан бошини китобдан кўтарди. Эрига кўзи тушганидан кейин чуқур нафас олди.

— Келганингизни сал билдириб қўймабсиз, — дея эрини койиган бўлди.

— Безовта қилмайин, дедим.

Муҳаммад дадасининг овозини эшитиши билан ўрнидан турди-ю, дарвоза томонга югурди…

Энди ота-боланинг кўришишини томоша қилиш навбати Малоҳатга келган эди.

— Зўр хабар билан келдим, — деди Фазлиддин Малоҳатнинг ёнига келиб, ухлаётган қизчасининг пешонасидан ўпиб қўйгач.

Шу заҳоти Малоҳатнинг юзига табассум югурди. Айтиш эсдан чиқибди: у уйида рўмол ўрамас эди. Сочларини силлиқ тараб, орқасига ташлаб олганди. Сочлар, албатта, Фазлиддиннинг кашфиётида ювилади. Ҳар битта толаси шишади, ялтирайди, ўзидан юракни ўйнатувчи ҳид таратади…

— Янгиликни айтинг, — деди у.

— Кетяпман.

Шу заҳоти Малоҳатнинг юзидаги табассум йўқолди.

— Вой, қаерга? — дея киприкларини пирпиратиб сўради у.

— Англияга. Лондонга.

— У ёқда нима қиласиз?

— Семинар бор экан. Домлаларни таклиф қилишибди. Рўйхатга мени ҳам киритиб қўйишибди.

— Биз-чи? Бизни киритишмабдими?

— Менимча, эсларидан чиқиб қолган бўлса керак. Ҳозир бориб, агар хотинимни ва иккита боламни ҳам рўйхатга киритмасанглар, бормайман, деб айтаман.

Малоҳат кулди ва эрининг бўйнидан қучди. Фазлиддин имкониятдан фойдаланиб унинг сочларини тўйиб-тўйиб ҳидлади. Сўнгра хотинининг юзига боқиб:

— Жаннат ҳиди келяпти, — деди.

Буни эшитган Малоҳат баттар эрига ёпишди…

У ҳозирнинг ўзида, ҳали эри бағридалигида уни соғина бошлаганди. Ўпкаси тўлди. Йиғлай бошлади.

— Ҳа, хоним нима бўлди? — дея ҳайрон бўлиб унинг юзига қаради Фазлиддин.

— Соғиняпман, — деди Малоҳат йиғлоқи овозда.

— Кимни?

— Сизни.

— Шу ердаман-ку.

— Кетасиз-ку.

— Эй-й, ўн кун ўнгдан чапга бурилгунча ўтади.

— Сизга осон-да.

— Осонмас. Лекин шундай қилмасам бўлмайди-да.

— Ҳа, биламан. Эътибор берманг. Ҳамма нарса бизнинг келажагимиз учун-ку, тўғрими?

— Ҳа.

— Лекин қандай ухлайсиз?

— Билмадим. Ётсам ухлаб қолсам керак.

— Оёғингизни ким уқалаб қўяди?

— Ҳа-а, бу ёғини ўйламабман. Менимча, сизни…

— Сени…

— Хўп, сени тасаввур қиламан-да, ўзим уқалайман. Кейин ухлаб қоламан. Ёки ўлгудай чарчайман. Ўзимни ўзим шундай қилиб чарчашга мажбур қиламан, кейин ухлаб қоламан.

Малоҳат кулди.

Ҳали айтганимиздай, гарчи ўта секин кўринса-да, аслида, ўта шиддатли бўлган вақт дарров ўтиб кетиб, у самолётга чиқди. Эслади бир пайтлар мусобақага борганлигини, атрофидаги одамларни… Эндигилар мутлақо бошқа одамлар. Ҳаммаси олим, ҳаммасининг ёши уникидан катта. Лекин ундан бошқа бирортаси ҳам Англияга бормаган. Ҳатто республиканинг бошқа вилоятидан келган домлалар ҳам. Фазлиддиндан бошқа бир киши инглиз тилини билади. Аммо Фазлиддиннинг зиммасида маъруза ўқиш ҳам бор экан. Сабаби инглиз тилини билувчи нариги олим: «Кимёвий ибораларга нўноқман», деб туриб олди. Шундоқ экан… Яхшики, бу ҳақда унга ҳали самолётга ўтиришларидан олдин хабар беришди. У озми-кўпми тайёргарлик кўрди. Тўғрироғи, бундан икки ой аввал талабаларга ўқиган маърузасини инглиз тилига ўгириб чиқди. Мавзу шундай эди: «Кимёвий йўл билан зарядланган молекулаларнинг «умри»ни узайтириш». Демак, бу ерда нафақат кимё, балки физика ҳам иштирок этади. Мавзуни тушуниш учун кимёнинг ўзинигина билиш камлик қилади. Фазлиддин бу мавзуни шунинг учун ҳам танлаган эди. Танлаётганида факультет декани Жўра Қувоновнинг сўзларини ёдига олди. «Ҳар қандай шароитда ҳам, қаерда бўлсанг ҳам, сирни охиригача очма. Агар очиб қўйсанг, сени четлаб ўтадиганлар, албатта, топилади», деган эди у.

Лондонга боришди. Меҳмонхонага жойлашишди. «Чарчадик, — дейишди Фазлиддиннинг шериклари. — Энди эллик-эллик қилиб, дам олмасак бўлмайди. Би-и-ир инглизларникиниям татиб кўрайлик», дейишди. Фазлиддин унамади. «Қўйинглар, ҳаром нарса бўлса, унинг қаерники бўлишининг нима фарқи бор?» деди. Бироқ шериклар бунга кўнишмади. «Майли, сен хонангга кириб, ухлаб дамингни олиб тур, бу ёғи, биз бир чарчоқ ёзди қилиб олайлик», дейишди.

Кейинги кун улар университетга боришди. Кембриж университети профессорлари ўзларининг тилларида маъруза қилишди. Маърузаларни Фазлиддиндан бошқа ҳеч ким тушунмади. Шу боис меҳмонхонага келганларидан кейин Фазлиддин бошқатдан тушунча беришга мажбур бўлди.

— Умуман олганда, — деди Латиф Бурҳонович, у педагогика институтининг кимё факультети декани, профессор эди, — бизга уларнинг маърузаларининг кераги ҳам йўқ. Билган нарсаларимизни яна қайта билдиришмоқчи экан. Шундай экан, номига бориб келамиз, қолган пайти шаҳар айланамиз, дам оламиз. Яна Лондонга қачон келишимизни Худо билади. Шундай экан, бориб айтишга арзигулик гап топиш керак-ку.

Унинг сўзлари ҳаммага бирдай маъқул келди.

— Унда мен нима қиламан ортиқча нарсага бошимни оғритиб? — деди жаҳли чиққан Фазлиддин.

— Энди, ука, сиз ҳали ёшсиз. Бизнинг ёшимизга етинг, ана ундан кейин оёқни узатиб дам олсангиз бўлади. Унгача изланинг, меҳнат қилинг, докторлик диссертациясини ёқланг, профессор бўлинг, — дея кулди Латиф Бурҳонович.

— Майли, — деди унга жавобан Фазлиддин, — ишлаш керак бўлса, ишлаймиз-да.

Шу суҳбатдан кейин то Фазлиддин маъруза қилмагунча улар бошқа тузук-қуруқ гаплашишмади. Бироқ Фазлиддин маъруза қилди-ю, унга университет талабаларига ҳам беш кун маъруза қилиб бериш таклиф этилиб, бунинг учун нақд бир юз ўн минг доллар ваъда қилингач, Латиф Бурҳоновичнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам фикрлари бутунлай ўзгариб кетди.

— Фазлиддинжон, биз билмай юрган эканмиз. Бир юз ўн минг долларга бор-йўғи беш марта талабаларга маъруза ўқиш… Айтишга осон. Лекин одамнинг ишонгиси келмайди. А, бу бир ҳақ берадиган бўлибсиз. Ҳақ-ку, майли. Аммо бизда шижоат ҳам уйғотдингиз. Энди зудлик билан инглиз тилини ўрганишга киришамиз. Энди амаллаб миямизга киргизамиз-да, — деди Латиф Бурҳонович.

У шу сўзларни айтаркан, қизарди. Бироз ялтоқланди ҳам.

Фазлиддин кейинги куни Кембриж университети кимё факультетининг тўртинчи босқич талабаларига дарс берди.

Дарсни сирли олиб борди, физикага қориштириб олиб борди. Бу эса талабаларнинг қизиқишларини баттар ошириб юборди. Биринчи куни аудиторияда йигирмата талаба ўтирган бўлса, кейинги кун уларнинг сони элликта бўлди. Бешинчи куни у беш юзтага етди. Бир соатлик дарс нақ тўрт соатга чўзилди. Чунки саволлар жуда кўп эди…

Фазлиддин меҳмонхонага келганида тинкаси қуриган, ётишдан бўлак нарсага мадори етмасди. Унга: «Бугун охирги кун, бунинг устига, зўр муваффақиятга эришдингиз, юринг, долларнинг озгинасини сарфлаб келамиз», дейишди. Бироқ Фазлиддин унамади. У зўрға бошини кўтариб:

— Китоб дўконига боришим керак, — деди ва тўрт юз доллар чиқариб берди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: