Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (90-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (90-қисм)

Отасининг вафотидан кейин Фазлиддиннинг елкасига тушган юк пастга юмалаб кетгандай бўлди. У енгил тортди. Яна бир муддат устози билан суҳбат қурганидан сўнг кетишга изн сўради.

Кейин билдики, имом ҳақ экан, у одатдагидай шошарди. Бироқ шу шошишда мазмун бор эди. Фазлиддин ич-ичидан вақтини беҳудага сарфламаётганлигини сезарди. Фақат буни ошкор этмасди.

Шу куни у жуда чарчаганди. Соат миллари оқшомги ўнга яқинлашган ва у навбатдаги лаззатли чарчоқдан сўнг кўзини юмиб ётарди. Малоҳат эса унинг оёқларини одатдагидай уқалаётганди. Бундан бутун вужуди яйраётган Фазлиддинни уйқу элитаётган эди.

— Севги нима? — дея сўраб қолди ҳали эрини уйғоқ дея тахмин қилган Малоҳат.

Фазлиддин кўзини очди. Шифтга қаради.

— Севги? У битта, — деди Фазлиддин ва яна кўзларини юмди.

— Қандай битта? Эр-хотиннинг севгиси иккита бўлади. Бири эрники, иккинчиси хотининики…

— Йўқ, — дея Малоҳатнинг гапини бўлди Фазлиддин, — эр-хотин севги йўлида шериклардир. Улар муҳаббат йўлида дўстлашишади. Кечаси билан кундузини бирга ўтказишга келишиб олишади.

— Тушунмадим, — деб Малоҳат эрининг оёқларини уқалашдан тўхтади.

— Қалблар, юраклар бир томонга йўналади. Улар синов дунёсида ўзаро келишиб олишади…

— Нега айлантиряпсиз? Мени севмайсизми? — деди Малоҳат хафа бўлиб.

Фазлиддин бошини кўтарди. Ўтирди.

— Сиз ҳам, мен ҳам фақат Аллоҳни севамиз. Сиз билан мен дўстмиз. Икки жинсли иккита одамнинг дўстлиги. Энди биргалашиб бахтга эришиш ҳаракатида бўламиз. Оила қурганимиз, бирга яшаётганимиз, иноқлигимиз, бир-биримиз учун меҳр кўрсатаётганимиз бахт эмас. Бахт — қачонки ҳар иккимиз ҳам жаннатга кирсак, ана шу… Агар бирга яшаётганлигимизни, аҳил-иноқлигимизни, бир-биримизни кўрмасак, бесаранжом бўлиб қолишимизнинг отини сиз бахт десангиз, розиман. Аммо чин бахт жаннатда!

Малоҳат жим бўлиб қолди. Хўрсинди, сўнг бошини эрининг елкасига қўйди.

— Унда, дўстим, сиз ухланг, мен оёқларингизни уқалаб қўяман. Чунки барибир сизсиз мен бахтга эришолмас эканман, — деди ва кулиб қўйди.

Малоҳат энди ҳеч ким йўқлигида эрини «дўстим» дейдиган одат чиқариб олди. Фазлиддин кулди.

— Бир пайтлар «ёмон бола» эдим, кейин бир муддат «химик» бўлдим, мана, эсон-омон «дўстим»га айланиб олдим, — деди.

— Айб мендамас, ҳаммасига ўзингиз сабабчисиз, — дея унга жавоб қилди Малоҳат.

Бироқ бу янги лақабнинг ҳам умри қисқа бўлди. Муҳаммаднинг тили чиқа бошлади. Ана шунда Малоҳат эрини «дўстим» деб чақиришга уялди.

Фазлиддин янада шиддаткорга айланди. Жуда қисқа муддатда. У эрталаб намоз ўқиб бўлганидан кейин Қуръон тиловат қилар, китобдан сўнг томорқасига кирарди. Ҳали ер ағдарар, ҳали экинларининг ичини чопиб чиқар, ҳали суғорар, бу ишларни адо қилиб бўлганидан кейин узумлар билан шуғулланарди. Ҳа, у ўзига узумларни хобби қилиб олди. Фақат янги ва бозорбопларидан экди. Уларни парваришлашга тушди. Бу узумлар ҳам экилганидан кейинги йили ҳосилга кирди. Уларга ишлов бериш эса Фазлиддинга икки карра завқ бера бошлади. Бу орада унинг дўсти Алишер ҳам ўша отаси айтган қизга уйланди. Хотинини Тошкентга олиб келди. Унинг уй олишига Фазлиддин бироз қарашиб юборди. Шу билан Маҳфуза Малоҳатга дугона бўлиб олди. У Малоҳатдан икки ёш кичик эди. Бироқ ораларидаги фарқ дугона бўлишларига халақит бермади. Кейин Малоҳат иккинчи фарзандини ҳам дунёга келтирди. Буниси қиз бола эди. Исмини Хадича қўйишди. Бу пайтга келиб, Фазлиддин кандидатлик диссертациясини ёқлаган, университетда дарс ҳам бера бошлаган эди. Деярли ўзи тенгиларга дарс берарди. Уларнинг ёнида Фазлиддин вақтини завқ билан ўтказар эди. Бунда ўша бир пайтлар ўзининг қизиқиши уйғонишига сабабчи бўлган Раънонинг услубидан фойдаланди. «Бизни химия билан физика бир жойдан иккинчи жойга олиб боради. Керак бўлса, ёруғликда ўтиришимизга, техникалардан фойдаланишимизга сабабчи бўлади», дерди у. Шу билан бир қаторда ўзи ҳам физикага берилди. Муқобил энергия манбаларини яратиш устида ишлай бошлади. Уйида илгари айтганимиздай, иситиш тизимида сувнинг ўзидан фойдаланиб келаётганди. У худди шундай нарсани қишлоқда ўзининг уйига, қайнотасиникига ўрнатиб берди. Энди навбат энергияга келган эди. Албатта, водородни ёқиш орқали ҳам энергия ҳосил қилса бўлади. Бироқ энди унга ундан-да арзонроғи керак эди. Бунинг-да сабаби бор эди. У чучук сувни исроф қилишни истамасди. Ариқ тўла чучук сув оқиб ётибди. Уни тиндириб олиш муаммо туғдирмайди. Бироқ барибир у негадир истамасди.

Алғов-далғов замон бироз ортда қолгандай бўлди. Ҳар қалай, кўчада зўравонлар камайди, нафақат камайди, мутлақо йўқолди. Агар у ер-бу ерда биров қандайдир сабаб билан йўлингизни тўсмаса, атайин чиқиб зўравонлик қиладиганлар йўқолди. Чунки давлат уларга қарши жуда қаттиқ курашди… Фазлиддин бировнинг дўкони томонга қўшнисининг дўконининг ёзуви ўтиб қолиб, шунинг орқасидан дўкондорлар қирпичоқ бўлганликларидан сўнг, бу жанжал отишмага айланиб кетганлигини эшитди. Улар кейинчалик масалани ҳал қилиш учун икки томон ҳам одам йиғиб, қуролланишиб, энди тўполоннинг каттасини бошлаймиз, деб туришганида, орқаларидан махсус тайёргарликдан ўтганлар ўраб олиб, ҳаммасини битта қўймай қириб ташлаганликларини эшитди. Сўнгроқ бошқа кўча безориларининг катталари ўлимга ҳукм қилинганлигидан ҳам хабар топди. Мана шундай амалиётлар сабаб бўлса керак, яна саксонинчи йиллардаги каби кўчада бемалол юрадиган бўлишди одамлар.

Янги пул чиқди. Лекин барибир у ҳам дарров қийматини йўқота бошлади. Чунки ҳали ишлаб чиқариш ростманасига ривожланмаган эди. Бунинг устига, чет эллик тадбиркорларни ҳам сиқиб қўйишди. Бир пайтлар Камол Шон худди шу нарсани гапирганди. «Агар давлат ёпирилиб келаётган ишбилармонларга халақит бермаса, улар мамлакатни гуллатиб юборишади», деб. Унинг сўзлари тескарисига айланди. Худди шу кунларда Камол Шон қанчалик асабийлашганини кўрсангиз эди.

— Қайси аҳмоқлар ўтирибди у ёқда? Ярамаслар, уларни бўғгандан кўра, катта-катта корхоналарни очишларига имконият қилиб бермайсизларми?! Тайёр пул! Тайёр бойлик-ку! Улар қурган нарсаларини кўтариб кетишармиди?! — дея бақирди у.

Ичидагиларини ўзи ҳазм қилолмай, нақ уч кун ётиб олиб ичди… Кейин уни қори Муҳаммад Али роса олиб бориб, олиб келди. Роса койиди. Шундан сўнггина Камол Шон ўзини йиғиштириб олди.

Айни шу кунларда имом ҳам бир аҳволда юрарди. Чунки унинг устози мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Агар шундай қилмаганда, уни ушлаб қамашар, қийноққа солишарди. Эҳтимол, кейинги тақдири аянчли бўлиб кетарди. Ҳазратга қўшилиб унинг яқинлари ҳам давлатдан чиқиб кетишди.

— Барака кетди, иймон кетди, илм кетди! — дея қори Муҳаммад Али кўзидан ёш оқизди.

Сал ўтмай, унинг гаплари ҳам тасдиқлана бошлади. Одамлар бир-бирларига ўғрига қарагандай қарай бошлашди. Қўни-қўшнилар тугул, яқин дўст, қадрдонлар ва ҳаттоки ака-укалар бир-бирларидан шубҳалана бошладилар. Шунингдек, топганинг томоқдан нарига ўтмасди.

— Сен ҳам бироз ишлаб чиқаришни камайтир, — деди Камол Шон Фазлиддинга.

— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.

— Кўрмаяпсанми? Кимнинг иши олдинга кетаётган бўлса, шуни дарров текшир-текшир қилишяпти. Мен бир-иккита танишларимдан сўрадим, улар режа қўйилган дейишди. Катта-катта бойлар бирин-сирин ушланяпти. Айби бўлмасаям, айбдор қилишяпти, дейишди… Сен бўлсанг, анчадан бери ҳамманинг кўз ўнгидасан, ҳисобингдаям анча пул тўпланиб қолди. Катта эҳтимол билан аллақачон рўйхатга олинган бўлсанг керак. Шунинг учун ҳисобингдаги пулларни камайтир. Бу замондан, бу даврдан нима қилиб бўлса ҳам омон чиқишинг керак. Сендай одамлар камдан-кам дунёга келишади. Сендайларни асраш керак. Бироқ буни тушунганлардан кўра тушунмаганлар кўп. Энг ачинарлиси, ўша тушунмайдиганлар тепага чиқиб олишган. Улар ўзларининг кайфларидан бошқасини ўйлашмайди.

Фазлиддин шу гапларни эшитишдан олдин водород қурилмасини, қанча вақт ўзининг уйида ишлаб, синовдан ўтган мосламани ишлаб чиқаришни режалаштираётган эди. Ҳатто ҳамма режаларни тузиб қўйганди. Агар ҳамманинг уйида шундай мослама бўлса, умуман табиий газга эҳтиёж қолмайди…

Фазлиддин шуни Камол Шонга айтди.

— Қўй! — деди бирдан Камол Шон. — Балоларга қолиб кетасан. Аслида, режанг жуда зўр. Қани энди шундай нарса бўлсаки, маза қилсанг. Лекин бунга давлат қўйиб бермайди. Аввало, рухсатнома ололмайсан. Агар олган тақдирингда ҳам узоққа боролмайсан. Биринчидан, нефть ишлаб чиқарувчилар сенга ёпишишади. Чунки сен уларнинг бизнесларини синдириб қўясан-да. Оз бўлсаям, барибир, синдирасан. Оладиган даромадинг бўлса, жуда кўп бўлади. Ким-кимларнинг кўзини ўйнатиб юборасан. Қарабсанки, жиноятчисан. Сени жуда осонлик билан жиноятчига айлантириб қўйишади. Шундай экан, бу шаштингдан қайтгин-да, шампунь ишлаб чиқаришни кескин камайтир ёки қанча маҳсулот ишлаб чиқараётганингни умуман кўрсатма. Буниси эса игнанинг устига ўз хоҳишинг билан ўтириш дегани. Ана ундан кейин худди ўғри мушукка ўхшаб қоласан.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: