Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (95-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (95-қисм)

— Профессор! — деди қора танли бир йигит ўрнидан туриб. — Сизнинг гапингизга мутлақо тушунмадик. Илтимос, тушунтириб беринг.

— Жуда яхши, тушунтириб бераман. Фақат бундан олдин мен ҳам бир нарсани билишни истардим. Айтайлик, таом тайёрлаётган пайтингизда тузни қайси пайт соласиз? — дея кулди Фазлиддин.

— Биз ўтаётган мавзуга бунинг нима дахли бор?

— Дейлик, мен ўша тузни иккинчи навбатда солиш кераклигини айтдим. Ўша маҳал сиз аудиторияда йўқ эдингиз. Чиқиб кетгандингиз, албатта, ихтиёрингиз билан. Бунга ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ. Бироқ шу тузни сиз қачон солишни билмай қолдингиз. Чунки эшитмадингиз. Хўш, овқат тайёрлаётганингизда боши берк кўчага кириб қолмайсизми?

— Шундай, — деб жавоб қилди талаба.

— Шунинг учун таклифим: иложи бўлса, албатта, мен дарс ўтаётган пайтда ҳамма шу ерда бўлса… Яна маърузага келмай, туз солишда адашиб кетманг, — деди Фазлиддин.

Шундан кейингина талабалар гап нима ҳақида кетаётганлигини тушунишди.

Буни қарангки, эртаси куни уларнинг сафи элликтага ошди…

Ўн кунлик умр кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Аммо шу тез ўтган вақт ҳам Малоҳатни зериктирди. Ўғли Муҳаммад ундан-да кўпроқ зерикди. Қачон кетамиз, деб хархаша қилишни бошлаб юборди. Бўлмаса, Фазлиддин ҳар сафар дарсдан қайтиб келганидан сўнг уларни шаҳар айлантиришга олиб борарди. Бироқ, барибир, ўз юртингга ҳеч нима тенг келмас экан…

Тошкентда Фазлиддинни ўқитувчилар хушламайгина кутиб олишди. У келишидан олдин деканатда йиғилиш бўлганди. Ўзи, аслида, ўқитувчилар бошқа масалада йиғилишганди. Аммо Фазлиддин яна Лондонга кетганидан ва унга шароит яратиб берилганидан ғазаб ўтига минган учта домла бош масалага уни олиб чиқишди. «Нима, Фазлиддиннинг шохи борми, нега у Англияга кетди? Яна ўн кунга рухсат берилди унга. Нега шундай имкониятлар бизга йўқ?» дейишди.

— Бундан, аслида, биз хурсанд бўлишимиз керак. Чунки Фазлиддин факультетимизнинг обрўсини оширяпти. Бир унга эмас, ҳаммага имконият қилиб берамиз. Агар қайсидир ўқитувчи тилни билса ва яна фанига чет элликларни қизиқтира олса, марҳамат, — деди декан.

Аммо унинг бу сўзлари ғалаёнчилар оловига ёғ сепгандай бўлди. Улар Фазлиддинни ишламай маош олаётганликда ва яна бошқаларнинг обрўсини тушираётганликда, бундан ташқари, кимё сирини сотаётганликда айблай бошладилар.

Мажлис икки соатдан зиёдга чўзилди. Жўра Қувонов қанчалик уринмасин, жанжалкашларнинг овозини ўчира олмади. Кейин қўл силтади.

— Нима гапларинг бўлса, ректоратга бориб айтинглар, энди мажлис тамом, ҳамма тарқалсин, — деди.

Ана шундай бир совуқ атмосфера пайдо бўлган эдики, Фазлиддин бошқа бир жойга келиб қолдим, шекилли, деб ўйлади. Қайси ўқитувчига дуч келса, саломига алик ҳам олмай ўтиб кетади. Фақат органик ва анорганик кимёдан дарс берувчи икки аёлгина уни илиқ кутиб олди. Улар хурсандликларини айтишди. «Худо хоҳласа, сиз учун Нобель нақд», дейишди, кейин яна бироз мақтаганларидан сўнг деканатдаги вазиятдан хабардор қилишди.

— Сиз умуман ҳеч нимага эътибор берманг. Аввал қандай бўлса, худди шундай ишингизни давом эттираверинг, бутун умидимиз сиздан, — дейишди.

Аммо, барибир, Фазлиддиннинг кайфияти тушди. Ўзи кўнглида ғашлик бор эди. «Лондонга боришим баъзи бировларнинг қитиқ-патига теккан бўлса керак», деб ўйлаганди. Қайсидир маънода шунга зимдан тайёргарлик ҳам кўриб қўйганди. Бироқ, барибир, ўша тайёргарлиги наф бермади. У ёрилиб қолар деган умидда устозининг ёнига борди.

— Ҳа, — деди устози, — шундай майда-чуйда гаплар бўлди. Аммо улар шунчалик майдаки, бу ҳақда сенга айтгим келмади.

Фазлиддин ундан бошқа ҳеч нима сўрамади. «Ҳаммаси ўзим ўйлагандай бўлса керак», дея кўнглидан ўтказиб қўйди, холос.

Бу ҳолат бир ҳафтача давом этди. Кейин гўё ҳамма Фазлиддиннинг қаерга боргани ва нима иш қилиб келганини унутди.

Кунлар, ойлар ўтаверди. Фазлиддин ҳамма режаларини тартибга туширди. Ойда бир марта Лондонга бориб, у ердан бир дунё янгилик олиб келиш ва топганларини лабораторияда синаб кўриш унинг учун худди кундалик юмушдай бўлиб қолди.

Кейин… Ота-она зоти жуда омонат бўларкан. Мўрт бўларкан, ёши сал ўтганидан кейин дарров омонатини топшириб қўяркан. Ҳатто болаларининг роҳатини кўриш ҳам насиб этмас экан… Малоҳатнинг отаси бандаликни бажо келтирди. Унинг энг кичик ўғли эндигина мактабни битириш арафасида эди… Аммо отага уни бирор жойда ўқитиш, уйлантириш ва келинининг қўлидан бир пиёла чой ичиш насиб этмади. У ҳам худди Фармон акага ўхшаб узоқ ётмади. Уч кун уйида иситмалаб ётиб, кейин жон берибди. Шундай бўлгунича Малоҳатга ҳеч ким ҳеч қандай хабар бермабди. Ҳатто Фазлиддин ҳам кутилмаганда қишлоққа боришлари кераклигини айтди. Бироқ отангнинг мазаси қочибди, деб ҳам қўймади. «Бормаганимизга бир ойдан ошди, бир бориб келайлик. Уйдагилардан хабар олиш охирги пайтларда эсдан чиқиб қолаётганга ўхшайди», деди. Малоҳат эса отасини кўргиси келиб юрганди. Илгари кўпроқ онасини соғинарди. Бироқ бу сафар негадир бошқача бўлди…

Кейин йўл-йўлакай Фазлиддин бу дунё-ю у дунё ҳақида сўз очди:

— Аслини олганда, борар жойингни аниқ билсанг, эртароқ кетганинг маъқул, чунки бу дунё муаммоларга тўлиб-тошиб ётибди, ҳар қадамда алдов, ёлғон, чув тушириш… Бир умр курашишинг керак. Ҳатто бирорта одам билан кўпроқ кўришиб қўйсанг ҳам муаммо, кўришмасанг ҳам муаммо. Ундан кейин одамга ҳар бир лаҳза ўлчаб берилган. Одам зоти шу лаҳзадан озгина ортиқ ҳам, кам ҳам яшаёлмайди. Ҳатто ҳаво ҳам ўлчовда. Шу ўринда бошқа нарсаларни гапирмаса ҳам бўлади. Биз умримиз давомида нечта одам билан кўришиб гаплашамиз, ўша одамларга қандай гапларни айтамиз ва улардан қандай сўзларни эшитамиз, ҳамма-ҳаммаси олдиндан тақдиримизга ёзиб қўйилган.

— Иккаламизнинг турмуш қуришимиз ҳамми? — дея қизиқсиниб сўради Малоҳат.

— Албатта, — деб жавоб берган Фазлиддин машинани бошқариб бораркан, хотинига қараб қўйди. Айтганча, у ҳам акасининг қистовларидан кейин «Нексия» сотиб олишга мажбур бўлган эди.

— Ҳатто сиз мени мактабда кузатиб юришингиз, «линейка»ларда тикилишларингиз ҳам ёзилганмиди?

Фазлиддин кулиб юборди ва орқа ўриндиқда ўтириб келаётган ўғлига кўзгу орқали қараб қўйди-да:

— Бўлмасам-чи! Ҳатто сенинг кўзингни олиб қочишинг ҳам ёзилган… Муҳаммаднинг ҳозир деразадан ташқарини томоша қилиб кетаётгани ҳам ёзилган, — дея Фазлиддин Малоҳатга машинада ёлғиз эмасликларини билдириб қўйди.

Малоҳат ортига ўгирилиб ўғлига қаради-да, кулиб қўйди.

— Менинг айтмоқчи бўлганим: вақти-соати етганида, ҳаммамиз ҳам бу дунёни тарк этамиз. Шундай пайтда олдин келганлар олдин кетгани яхши, бир ҳисобдан.

Малоҳат шаъмани тушунмади ва эрига қараб қўйди.

— Яқинларимиз кетганида, оғир аҳволга тушиб қоламиз. Гўё энди бундан бу ёғига ҳаётда мазмун қолмагандай туйилади. Аммо, аслида, дунё дунёлигини давом эттираверади. Мен отам вафот этганида қийналгандим. Аммо қийналганимни ҳатто сенга ҳам билдирмасликка ҳаракат қилгандим. Чунки одамзод шу қийналиш асносида Худога шак келтириб қўйиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун жуда эҳтиёт бўлиши керак. Йиғла, кўзингдан ёш чиқсин, аммо бақир-чақир қилма. Айниқса, бўлган-бўлмаган гапларни айтиб. Чунки Худо шундай бўлишини истаган, шундай бўлди, тамом-вассалом. Ўзингни қийнаганинг, абгор бўлганинг билан ҳеч нимани ўзгартира олмайсан…

— Дадаси, нега бундай гапларни айтяпсиз?

— Агар менга бирор нима бўлиб қолса, нима қилардинг?

— Истамайман сизга бирор нима бўлиб қолишини. Ўзи, аслида, мен сизга бекорга турмушга чиқмадим. Ёшимиз оралиғи қисқа. Шундай экан, менда сиздан олдин ўлиш имконияти бор.

— Шунақа денг, хоним. Бундай режангиз борлигини билмаган эканман.

— Режа эмас бу. Шунчаки бир пайтлари хаёлимга келганди. Чунки шунда мен қийналмайман-да. Сиз бўлсангиз ҳар доим дуо қилиб турасиз. Чунки қандай дуо қилишни биласиз. Яна Қуръон тиловат қилиб, сўнг дуо қиласиз. Қуръонни хатм қилиб, кейин дуо қиласиз. Кўряпсизми, қанчалик зўр!

— Агар тескариси бўлиб қолса, худди шу талабларни мен ҳам сизга қўяман… Айтганча, отангнинг бироз тоби қочибди, деб эшитдим.

Фазлиддиннинг оғзидан шу гапни эшитиши билан Малоҳатнинг ранги ўзгарди.

— Уйдамикан? — дея сўради у қўрқа-писа.

— Ҳа, уйда.

Малоҳат дераза томонга юзланди. Чунки унинг кўзидан ёш оқа бошлаган эди. Бир муддат шу тахлит ўтирганидан сўнг:

— Қачон? — дея сўради эридан йиғи овозида.

— Бугун менга айтишди…

— Сезгандим, — деди Малоҳат ва лабини маҳкам тишлади.

— Нимани?..

— Гапларингиздан шунинг иси келиб турганди.

— Нега йиғлаяпсан?

—…

— Ҳали айтдим-ку, ҳар кимнинг пешонасида…

Эри сўзларини тугатмасдан, Малоҳат юзини кафти билан беркитди. Унинг йиғлагани эшитилди.

Улар майитни чиқаришларидан бир соатча олдин етиб келишди…

Фазлиддин уч кун қишлоқда бўлди. Тўртинчи куни Тошкентга кетди. Малоҳат болалари билан қишлоқда қолди. Хотини ундан: «Мен яна бирор ҳафтача қолай, онамнинг ҳам мазаси бўлмай турибди», деб рухсат сўради. Аслида, унинг ўзи ҳам эри билан кетишни истарди. Ҳозирги вазиятда у фақатгина Фазлиддиннинг ёнида ўзига келиб олишини биларди. Аммо кетолмасди ҳам…

Бир ҳафтадан сўнг Фазлиддин хотинини Тошкентга олиб келди. Малоҳат бироз хафадай эди. Ҳартугул, у Фазлиддинни ўзи билан бирга яна бир-икки кунга қолса керак, деб ўйлаганди. Бироқ эри кетиб қолди. «Мен унинг учун жонимни беришга тайёрман, бироқ у мени қайғу босиб турганида ташлаб кетди», дея кўнглидан ўтказди. Кейин бу ўйни хаёлидан чиқариб ташлашга уринди, бироқ аксига олиб, сира кетказа олмади. Ана шу сабаб, қайтаётганларида ҳам эри иккаласининг суҳбати қовушавермади… Уйда ҳам шу ҳол давом этди.

— Кайфиятим яхши эмас, кўнглимга сиғмайди, — деди Малоҳат кечаси.

У турмуш қурганларидан бери илк маротаба шундай деб эрининг раъйини қайтараётган эди. Илгари жуда қўрқарди. Шунинг учун ҳам Фазлиддиннинг сира кўнглини қолдирмасди. Гарчи истамаса-да, истагандай кўрсатарди ўзини. Энди негадир қўрқув йўқолиб қолгандай эди. Қўрқув, аслида, нимадан эди?.. Буни унинг ўзи ҳам билмасди. Билгани, қандай бўлмасин, ҳар доим Фазлиддиннинг кўнглини олиш эди.

Малоҳатни соғинган Фазлиддин чалқанча ётди. Шифтга термилганча хаёл уммонига шўнғиди. Бир бошдан, мактабда ўқиб юрган кезларидан то шу бугунгача ҳаёт йўлини кўз ўнгидан ўтказмоққа қасд қилганди у. Бироқ истаганини охирига етказмай туриб, ухлаб қолди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: