Шоҳруҳхондан тортиб Жунсанг ва Пўлат Аландар каби минглаб образларни ўзбек тилида гапиртирган дубляж афсонаси!

Шоҳруҳхондан тортиб Жунсанг ва Пўлат Аландар каби минглаб образларни ўзбек тилида гапиртирган дубляж афсонаси!

Ўзбек дубляж санъатида ўзидан ўчмас из қолдириб кетган афсонавий дубляж устаси Санжар Саъдуллаевнинг овози аввалига экранлардаги фильмлар орқали кўплаб хонадонларга, кейин эса ушбу хонадон соҳибларининг қалбларга кириб борган десак муболаға бўлмайди. Санжар Саъдуллаев фаолияти мобайнида “Қашқирлар макони” (Пўлат Аландар), “Қиш сонатаси” (Жунсанг), “Ичкарида” (Комиссар Юсуф, Сарп, Ҳасан қизил яноқ), “Севги изтироби” (Камол), “Сўйла, Қораденгиз” (Ведад) каби мингдан ортиқ сериаллар ва бадиий фильмлардаги бош қаҳрамонларга овоз берган. Айниқса, томошабинлар унинг овози билан гапирган болливуд қироли Шоҳруҳхон ижро этган образларни ўзгача илиқ меҳр билан севиб томоша қилишган, тинглашган ва қалбларига муҳрлашган. Шубҳасиз! Унинг каби даражага, мартабага ва эҳтиромга сазовор бўлиш ҳар бир инсон учун катта шарафдир.

Санжар Саъдуллаев 1954 йилнинг 10 июль санасида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат театр ва санъат институтининг драма ва кино актёрлиги бўлимида таҳсил олган. Ижодкор ўзбек дубляж санъатининг энг таниқли ва энг рейтинги баланд актёрларидан ҳисобланарди. Уни мухлислар сирли актёр дея кўп-кўп таърифлашган. Сабаби у санъат соҳаси вакилларидан фарқли ўлароқ, ўзини оммадан узоқ тутишга ҳаракат қиларди, камералар қаршисига чиқмасди, интервьюлар бермасди, ҳаттоки ўз шахсий сурати ижтимоий тармоқларда айланишини истамас эди. Ҳа, ҳозирги кунда машҳур бўлиш учун номини булғаб бўлса ҳам “қора пиар” қилишдан уялмайдиганлар талайгина. Бироқ, шундай улкан истеъдод соҳиби, халқ меҳрини қозона олган ижодкор бундай қилишни истамаган. Бунга сабаб сифатида ижодкорнинг омма ичида бемалол, эркин ва оддий шахс бўлиб юришни афзал кўрганини келтиришимиз мумкин. Балки, шуниси ҳам тўғри бўлгандир.

2021 йилнинг 4 декабрь санасида халқнинг мана шундай севимли ижодкори Санжар Саъдуллаев 67 ёшида орамизни тарк этди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: