Туркия Ироқнинг ПКК террор ташкилотига қарши курашда самарали қадамлар ташлашини кутмоқда
Бу ҳақда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ироқлик ҳамкасби Абдул Латиф Рашид билан Бағдодда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Туркия президенти маъмуриятининг алоқа бошқармаси.
Давлат раҳбари «Ироқ терроризмнинг барча шаклларидан тозаланиши керак», деб таъкидлади.
Туркия ва Ироқ президентлари Бағдодда учрашди
Хабарда айтилишича, президентлар терроризмга қарши кураш билан бирга икки томонлама муносабатлар ҳолати, Исроилнинг Ғазо секторидаги тажовузи, минтақавий ва глобал муаммоларни муҳокама қилган.
Туркия раҳбари Бағдоддаги марказий ҳукумат ва Шимолий Ироқ минтақавий маъмурияти ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, ироқлик туркманларга «лойиқ бўлган мавқе»ни таъминлаш Ироқ барқарорлиги учун муҳимлигини қайд этди.
Президент Эрдўған Анқара «Исроилнинг Ғазодаги зулмини тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини» давом эттираётганини таъкидлади. Давлат раҳбари ислом олами давлатларини бу йўналишда биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.