Афзал Рафиқов: “Оғир касаллик туфайли машҳур овозимдан айрилдим…”
Ўзбек дубляж санъати қироли, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов “Меҳмон TV” YouTube каналига берган интервьюсида бошидан кечирган оғир касаллик туфайли машҳур овозидан айрилгани ҳамда бугунги кундаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
— Очиғини айтадиган бўлсам, овозимда муаммолар пайдо бўлган. Актёр учун ташқи кўринишдан кейин овоз иккинчи ўринда туради. Айниқса, театр актёри учун бу жуда муҳим. Театрда жонли мулоқот бўлгани учун овоз биринчи қаторда ўтирганга ҳам, олтмишинчи қаторда ўтирганга ҳам бирдек етиб бориши керак. Сўзни элтадиган бу овоз. Ҳаётимнинг сўнгида худойим яна бир синов берди: овозим хаста бўлиб қолди. Лекин шунга қарамай таслим бўлганим йўқ: ҳаракат қиляпман. Спектаклни ҳам ўйнаяпман, саҳнада, мана шу овоз билан. Театр раҳбариятига раҳмат, кичкина микрофон топиб беришган, ўша микрофонни тақиб ўйнаяпман ролимни. Буни қарангки, дубляжда ҳам менга ҳеч ким “Афзал ака, раҳмат, шунча йил хизмат қилдингиз, энди бўлди”, демаяпти. Ҳалигача дубляжда ҳам ишлаяпман. Яқинда жадидчилик ҳаракатига бағишланган фильмда кадр орти матнларини ўзбек ва рус тилларида ўқиб бердим, — дейди актёр.
Афзал Рафиқов ўзи овоз берган эски фильмларини кўра олмаслиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.
— Менинг ўзимга буни қабул қилиш қийин. Сабаби олдинги овозим эсимда. Телеканалларда олдинги фильм ва сериалларни бериб қолишади. Уларни кўриш мен учун қийин. Ҳозирги аҳволим мана шу. Лекин ўзимга иш топишга ҳаракат қиляпман. Бошқа нима керак актёрга? Бошимга шундай кулфат туширгани билан Аллоҳим менга ишлаш имкониятини қолдирди.
Актёр овози йўқолишига сабаб бўлган хасталик ҳақида сўзлаб берди.
— Менда овозим йўқолишига овоз пардамдаги муаммо сабаб бўлди. Чап овоз пардамда касаллик аниқланди. Жарроҳлик амалиётига кўнишга мажбур бўлдим. Фақат шу усул билан касаллик бартараф этилди. Чунки муолажа билан ҳеч ким нафақат овозимга, балки жонимга ҳам кафолат бермади. У фақат овозимга эмас, балки жонимга ҳам таҳдид қилган касаллик эди. Ҳамкасбим Ғайбулла Ҳожиевга ҳам шундай синов берилганди. У ҳам анча курашди, таслим бўлмади. Яхши инсон эди, жойи жаннатдан бўлсин, — дейди актёр.