Бой ким бўлибди?..

Бой ким бўлибди?..

Бир бой киши маҳалласида ўзи учун катта қаср қурдирди. Қаср битганидан кейин бутун маҳалла аҳлини чақириб, дастурхон ёзиб зиёфат берди. Зиёфат дастурхонига қарию ёш, хотину эркак, ақллию девона барча-барчани даъват этди. Ҳар бир маҳалла-кўчанинг «девона»си бўлганидек, бу маҳалланинг ҳам бир «девона» (хароботий)си бор эди. Зиёфат тугагандан сўнг аҳоли тарқалар экан, бой хизматкорларига:
«Девонага айтинглар, бу қасрдан кўнглига ёққан нарсани олсин!» деб буюрди. Девонанинг кўзи боғда боғлаб қўйилган оппоқ отга тушди ва:

«Мана шу отни истайман», деди. У от эса бойнинг энг севимли отларидан эди. Шу сабабдан бой:

«Йўқ, бўлмайди! Бошқа нарсани истасин!» деди.

Девона ҳам худди бой билан ўчакишгандай, оқ отни талаб қилиб туриб олди. Бой ҳам қатъиятлик билан:

«Йўқ, бу от ҳеч кимга берилмайди!» деди…

Зиёфат тугаб, ҳамма уй-уйига тарқалаётган эди. Девона қасрдан ғамгин ва паришон ҳолда чиқиб кетаётиб, ўзига ўзи бир нарсалар деб ғўлдирар эди. «Девона»нинг ўзининг бундай тутиши бойнинг эътиборини тортди ва хизматкорларига:

«Бориб эшитиб кўринглар-чи, бу «девона» нималар деб ғўлдираётган экан?» деди. У тинмасдан ушбу сўзларни такрорлар эди:

«Эй Аллоҳ, Сен истаганингда, у берган бўлар эди. Бой ўзи ким бўлибдики, бермаса?!»

Хизматкорлар девонанинг айтган сўзларини бориб бойга етказишди. Шунда бой:

«Уни тезда орқага қайтаринглар ва истаган оқ отини бериб, уни хурсанд қилинглар!» деди. Отни унга беришди. Девона қўлида ўзи истаган оқ отнинг жиловини ушлаганча қасрдан чиқиб кетар экан, яна айни шаклда бир нарсаларни ғўлдираб кетаётган эди…

Бой ҳайрон бўлиб, яна хизматкорларига:

«Бориб эшитиб кўринглар-чи, бу сафар яна нималар деяётган экан?» деб буюрди. Хизматкорлар бойнинг олдига югуриб келиб, ҳайрат билан шундай дейишди:

«Биласизми хўжайин, у нима деди?!»

«Хўш, нима деди?»

«Эй Аллоҳ! Сен истадинг, у берди. Бой ўзи ким бўлибдики, бермаса?!

Сен истадинг, у берди. Бой ўзи ким бўлибдики, бермасин?!

Етарки, Сен истагин, Роббим!»

Дўстларингизга ҳам юборинг: