Қуёшда тўртта мегачақнаш содир бўлди. Кучли магнит бўрони хавфи бор (видео)
Қуёшда 23 апрель куни бир вақтнинг ўзида тўртта мегачақнаш қайд этилди. Ерни яқин кунларда магнит бўронлари қоплаши мумкин. Бу ҳақда SpaceWeather хабар берди, деб ёзмоқда “Daryo.uz”.
Ушбу чақнашлардан бири Ер томон йўналтирилган. Унинг зарралари яқин кунларда магнитосферамизга етиб келиб, геомагнит бўронни келтириб чиқариши кутилмоқда. Мегачақнаш Қуёш юзасининг Ерга қараган қисмида содир бўлган, дейди мутахассислар.
НАСА Қуёш динамикаси обсерваторияси кузатувларига кўра, чақнаш нуқталари учта қуёш доғи ва доғлар орасида жойлашган узун плазма ҳалқаси бўлган. Олимлар фикрича, бу турдаги ҳодисалар “симпатик чақнаш” деб аталади, чунки доғлар магнит майдон чизиқлари билан боғланган. Улардан бири чақнаса, қолганлари ҳам унга эргашади.
Деярли барча ҳолатларда симпатик портлашлар бир вақтнинг ўзида иккита портлаш билан чекланган. Уларнинг кучи Х синфгача бўлиши мумкин. Қуёш чақнашлари, рентген нурланишининг кучига қараб, бешта синфга бўлинади: А, B, C, М ва Х.
“Бундай ҳолда, гап “суперсимпатик” чақнаш ҳақида кетмоқда. Астрономлар чақнашнинг умумий кучини ҳали аниқлагани йўқ, бироқ қуёш плазмаси ва радиациянинг бир қисми бир неча кундан кейин Ерга етиб бориши эҳтимоли бор”, — дейилади хабарда.