Ҳамма коинотда қуролланиш пойгасининг олдини олишни истайди. Аммо Россия уларга қарши. Нега?

Ҳамма коинотда қуролланиш пойгасининг олдини олишни истайди. Аммо Россия уларга қарши. Нега?

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 13 нафари коинотда қуролланиш пойгасининг олдини олишга чақирувчи резолюция учун овоз берди. Хитой бетараф қолди, Россия эса унга вето қўйди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Резолюцияга овоз бериш жараёни 24 апрель куни бўлиб ўтган. Овоз бериш бошланишидан аввал Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя АҚШ ва Япония таклиф қилган резолюция матнини “ҳазил” деб атаган. АҚШ доимий вакили ўринбосари Роберт Вуд, агар Россия қарши овоз берса, демак, “яшириш учун нимадир борми?” деган савол туғилишини айтган.

Резолюция лойиҳасида “бизнинг умумий мақсадимиз — коинотда қуролланиш пойгасининг олдини олиш” дея қайд этилган.

Шунингдек, Космос шартномаси бўйича мажбуриятларга риоя қилиш, хусусан, “Ер атрофидаги орбитага ҳар қандай ядро қуроли ёки оммавий қирғин қуролларини жойлаштирмаслик кераклиги” таъкидланган. Бундан ташқари ҳужжат БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларини “Ер атрофидаги орбитага жойлаштириш учун махсус ядро қуролини ишлаб чиқармасликка” чақиради.

Небензя ҳужжатни қўллаб-қувватлашдан бош тортишини тақиқ нафақат ядро қуролига, балки оддий қуролларга ҳам тегишли бўлиши кераклиги билан изоҳлади.

АҚШ Москвани сунъий йўлдошларга қарши ядровий қурол ишлаб чиқараётганликда айблайди. Россия буни рад этади. 1967 йилги Космос шартномаси коинотда ядровий қуролларни жойлаштиришни тақиқлайди. АҚШ ва Россия мазкур шартномани имзолаганлар қаторига киради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: