Қашқадарёда шу йилнинг 3 ойида 381 нафар шахс озодликдан маҳрум этилди
Қашқадарё вилоят судлари томонидан жорий йилнинг январь – март ойлари давомида 1202 нафар шахсга нисбатан 900 та жиноят иши кўриб чиқилган.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судида ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.
— Ҳисобот даврида иши кўриб тамомланган шахсларнинг 980 таси бўйича айблов ҳукми чиқарилган, — дейди Қашқадарё вилояти суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов. — Шунингдек, 219 нафар шахснинг иши ҳаракатдан тугатилган бўлса, бир нафар шахс биринчи инстанцияда, 2 нафари эса апелляция инстанциясида оқланган.
Абдуқаюм Маҳкамовнинг қўшимча қилишича, айблов ҳукми чиқарилган шахсларнинг 107 нафарига жарима, 2 нафарига эса мажбурий жамоат ишлари, 253 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 192 шахсга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган. Шунингдек, 10 нафар шахс шартли ҳукм қилинган бўлса, 35 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилган. 381 нафар шахсга нисбатан эса озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо қўлланилган.
Матбуот анжуманида вилоятда айрим жиноятлар, масалан, қасддан одам ўлдириш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш, қийнаш, қўшмачилик, босқинчилик, товламачилик, талончилик пора бериш билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсганлиги ҳам таҳлил қилинди.