Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (114-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (114-қисм)

— Мен ўзим билан анча пул олиб келгандим. Лекин бирор нима сотиб олишнинг сира иложи бўлмаяпти. Тунов куни қўриқчилардан биттасига: “Ҳеч қурса, дўқонга бориб келайин, бозорликларимиз тугаяпти, рухсат бер”, десам: “Иложим йўқ. Уйингиздан бир қадам ҳам чиқишингизга рухсат йўқ. Ўзи неча марталаб томорқангизда кўрдим. Битта сизни эмас, эрингизниям. Бу тартиб бузилиши. Бунинг учун жавоб беришингиз керак. Лекин мен индамадим. Шунисига шукур қилинг. Бошқа томондан индамаганим учун каллам кетишиям ҳеч гапмас. Чунки GPS орқали кузатиб туришибди. Менгаям зарурмас, кеча-ю кундуз эшигингизнинг тагида машинада ўтираман. Бир ўзимман. Осон, деб ўйлайсизми? Шундай экан, тинчгина уйингиздан чиқмай ўтиринг”, деди.

Фазлиддиннинг юзи бирдан жиддий тус олди.

— Нега гаплашдингиз? — дея сўради у Малоҳатдан.

— Болам қатори бола. Кейин дуч келиб қолди-да.

— Бошқа ҳеч қачон гаплашманг, тамом.

Фазлиддиннинг сўзлари Малоҳатнинг кўксига ханжардай санчилди. У лабларини маҳкам тишлади. Фазлиддин эса ташқарига чиқди. Бориб сигирга емиш берди. Сўнг қўлига болтани олди. Ўтин кўп. Оёқнинг ёнида икки тележкаси тахланган. Фазлиддин анчасини майдалаб ёрди. Бироқ ҳали… Бу қишни ўтказиб, наригисидан ҳам ортади.

Малоҳатнинг ичидан зил кетди. “Бекор айтдим. Айтмасам бўларкан. Илгаридан бегона билан гаплашиш у ёқда турсин, ҳатто салом беришимни ҳам ёқтирмасди… Лекин у ёш бола-ку… Рашк? Шу ёшда рашкка бало борми?! Ўзи инжиқ бўлиб қолди. Тўғри, ҳеч қаерга чиқмайди. Ҳеч ким билан гаплашмайди. Илмий ишни унутган. Аммо бу менга заҳрини бемалол сочавериши мумкин дегани эмас-ку. Қолаверса, унинг бундай аҳволга тушиб қолишида мен айбдормасман. Тўғри, ҳамиша уни қўллаб келдим. Ахир аёлнинг вазифаси шундай эмасми?..” Малоҳат шуларни хаёлидан ўтказаркан, секин узала тушиб ётди-да, кўзларини юмди.

У шу куни эрининг оёқларини уқаламади. Қишлоққа қайтганларидан бери бирор кун ҳам канда қилмаганди. Бироқ у аразлади. Аразлагани учун ҳам доим ўзи, ўз ихтиёри билан қилиб юрган ишни қилмади. Фазлиддин эса кўзлари толиқиб қолгунича ҳадис ўқиди. Илгари бир неча марталаб ўқиган ҳадисларини ўқиди. Кейин роса уйқуси келди-ю, ётди. Уйқуси зўр келиб, хотини оёқларини уқаламаганини ҳам унутди…

Кунлар совигандан совиб бораверди. Аксига олиб, ҳар икки куннинг бирида қор ёғарди. Фазлиддинга шундай ҳаво ёқарди, аммо у озиқ-овқати кундан кунга камайиб бораётганидан безовталанарди. У Малоҳатга сездирмай кам овқатлана бошлади. Бироқ ўзини кўп еяётгандай кўрсатарди доим. Ҳатто ёлғондакам кекириб ҳам қўярди…

Ўша куни мактаб директори келди. Улар нонуштани тугатиб, эндигина қўлларига китобларини олишганди. Ташқаридан аёл кишининг овози эшитилди. Шу заҳоти бир-бирларига қарашди. Бирдан иккисининг ҳам юзида табассум пайдо бўлди.

— Ким экан? — деб сўради Фазлиддин.

— Билмадим, — дея елка қисди Малоҳат.

— Қўриқчининг ёнидан ўтиб қандай келди?

— Мен чиқиб қарай-чи, — деди Малоҳат дарров ўрнидан туриб.

Думалоқ юзида иккита кулгичи бор, кўзи қисиқроқ, қалин, оппоқ пальто кийган, бошига ҳам худди шу тусдаги рўмол ўраган аёл Малоҳатни кўрган заҳоти салом берди.

— Келинг, — деди Малоҳат унинг саломига алик оларкан.

— Мен мактаб директориман: Жамила Позилжоновна, — деди аёл овозини атайлаб ингичкалаштириб.

— Шундайми? Яхши. Мендан нима хизмат? Тўхтанг, бу ерга қандай ўтдингиз? Қўриқчилар…

— Уларга тайинлаб қўйишган. Шунга мен бемалол ўтиб келавердим. Менга сизни адабиёт ўқитувчиси дейишди. Мактабга худди шундай ўқитувчи етмай турганди. Шунга келгандим. Аслида, ўзим сўраб олдим. Чунки домланинг аёли ўқитувчи, уйда ўтирибди, дейишди. Сизга мактаб бир қадам. Шундай борасиз, дарсларингизни ўтасиз, уйга қайтиб келаверасиз.

— Лекин…

— Ҳаммаси келишилган. Сиз қамалмагансиз-ку. Эрингиз қамалган. Лекин ўзингиз эрингизнинг ёнида ўтирибсиз. Сизга мумкин дейишди. Мана, ўтиб келдим.

— Мен хўжайиндан сўрашим керак. Агар рухсат берсалар, ишлайман, бўлмаса, иложим йўқ.

— Домла дунё кўрган одамлигини ҳамма билади. Бунинг устига, уйда ўтиравериб, анча сиқилиб қолгансиз. Суриштирдим. Келганларингиздан бери шу уйдан бир қадам ҳам ташқарига чиқмаган экансизлар. Бунинг қанчалик азоблигини ўзим бошимдан ўтказганман. Тўрт йил аввал оёғим синиб, уч ой уйда ўтириб қолдим. Очиғини айтаман, ёрилиб кетишимга оз қолган. Мени-ку, сўраб келувчилар кўп бўлган. Лекин, барибир, кўчада юрган одамнинг уйда ўтириб қолиши ёмон азоб бўларкан.

— Тўғри. Уйда ўтириш осонмас. Бироқ хўжайиннинг рухсатисиз остона ҳатлаб ўтолмайман. Ундан кейин мен ўранганман.

— Фарқи йўқ. Яқинда қарор чиқди-ку… Эй, сиз бехабарсиз. Ҳа-а, майли. Хуллас, мумкин.

— Майли. Бўлмаса, эртага жавобини айтарман.

— Келишдик.

Фазлиддин уларнинг сўзларини чала ярим эшитарди. Атайлабдан эмас, эшитилиб турарди. Шу боис Малоҳат кириши билан:

— Табриклайман, хоним. Ўзлари келиб таклиф беришяпти. Бошқалар бўлса, пора бериб ҳам ўта олишмайди, — деди.

— Сиз розимисиз? — дея ажабланди Малоҳат.

— Мен бу аёлнинг ичида нима борлигини билмайман. Аммо кўп гапираркан. Тўғри, ўқитувчи халқининг жуда кўпи шунақа сергап бўлади. Болаларга гапираверганидан кейин нутқлари ўсиб кетади-да. Бир хил пайтлари мениям кўп гапирасиз, дейсан-ку. Фақат қайси мактаб экан?

— Яқинда қишлоғингизда янги мактаб қурилибди-ку, хабарингиз йўқмиди?

— Йўқ.

— Мен кўрдим. Янги типдаги мактаб экан. Қишлоққа келаётганимда кўрдим.

— Ҳа-а, унда борсангиз бўларкан. Бир йўла қишлоқнинг аёллари билан ҳам танишиб оласиз.

— Кўпини танийман.

— Лекин анчасини танимайсиз. Чунки озмунча келинлар тушдими бу қишлоққа? Ёзилиб келасиз, яхши бўлади. Уйда анча сиқилиб қолдингиз.

— Сиз-чи?

— Менга мумкинмас.

— Лекин мен сизни қандай ташлаб кетаман?

— Ёш боламасман-ку.

— Ўзидан-ўзи директор келиб иш таклиф қилганига ҳайрон қолмаяпсизми?

— Ҳайрон қоляпман. Аммо ҳамма нарсадан шубҳа қилаверсак, яшашимизга ҳожат қолмайди. Боринг, кўринг. Яхши бўлса, зиёни тегмайдиган бўлса, ишлайверасиз. Бўлмаса, қайтаверасиз. Биров сизни ушлаб қолмайди.

— Агар уларнинг мақсадлари бизни бир-биримиздан ажратиб, кейин бир фалокатни бошлаш бўлса-чи?

— Ҳамма нарса ўзларининг қўлларида. Ўз қишлоғимга олиб келиб, қамаб қўйиш қўлларидан келибдими, сиз билан мен ёнма-ён ўтирганимизда бирор нима қилиш ҳам қўлларидан келади. Ҳозирданоқ шубҳа-гумонларга бормайлик-да, натижасини кўрайлик.

— Хўп, — деди Малоҳат бош ирғаб.

Эртаси куни мактаб директори келганида унга “майли” деди. “Бироқ кун бўйи эмас, шу уч-тўрт соатлик дарс бўлса менга етади”, деди. Директор ҳам шунга кўниб кетди. “Эртагаёқ мактабга боринг”, деб тайинлаб ҳам қўйди.

Кейинги кун Малоҳат уйдан чиқиб, энг аввал қўриқчига дуч келди. Қўриқчи йигит унга лом-мим демади. Соатига қараб қўйди, холос. Малоҳат унинг ёнидан ўтиб кетганидан кейин эса машинадан тушди…

Фазлиддиннинг саъй-ҳаракати билан бунёд бўлган йўл. Асфальт кўча. Малоҳат шуларни кўрганида, алланечук энтикди. “Бечорагинам, шунча нарсани қилди-ю, аммо ўзи энди ярим поли йўқ, алламбало уйда яшаяпти. Эҳ, пешонаси шўрга ўхшайди-да”, дея кўнглидан ўтказди. Шундан кейин у: “Мабодо, эрим бундан кейин мутлақо уйдан чиқолмай қолса-чи? Чиқишига умуман рухсат тегмаса-чи?” деб ўйлади. Қўрқди. “Жа, унчаликка боришмас, мана, менга мактабда ишлашимга рухсат беришди-ку. Ҳатто ўзлари уйимга одам юборишди. Бундан чиқди, эримгаям бир кунмас-бир кун уйдан чиқишга, одамлар билан кўришишга рухсат тегади. Фазлиддин акам “бу дунё синовли дунё” дейди-ку… Бир куни шу синовлар тугаб, йўлимиз очилар, илгаригидай тинч-осуда ҳаёт кечирармиз”, деб ўйлади.

Мактаб директори Жамила Позилжоновнанинг шахсан ўзи мактаб ҳовлисида кутиб олди.

— Сизни деразадан кўрдим. Дарров чиқдим, — деб бино ичкарисига бошлади.

Унинг хонасида илмий бўлим мудири, директор ўринбосари ҳам бор экан. Иккиси ҳам аёл. Улар очиқ юз билан Малоҳатни қарши олишди. Кўришишди. Хурсандликларини айтишди. Кейин директор иккита бешинчи синфнинг она тили ва адабиёт дарсларини Малоҳатга мўлжаллаб қўйганлигини айтди. Бу гапни илмий бўлим мудири билан директор ўринбосари худди энди эшитиб тургандай:

— Жуда яхши бўлибди. Озроқ ишлаганларидан кейин юқори синфларни ҳам берсак бўлади, — дейишди.

Шундан кейин Малоҳат ва эрининг бошидан кечираётган қийинчиликлари эсга олинди. “Ҳаммаси яхши бўлиб кетади”, дейишди. “Домла мактабга келиб, бир учрашув ўтказса яхши бўларди-ку-я, аммо мумкинмас-да”, дейишди.

Шу билан танишув маросими ниҳояланиб, илмий бўлим мудири Малоҳатни бешинчи “Б” синфга бошлаб борди. Ўқувчиларга уни таништирди. “Бундан буён шу аёл сизларга дарс ўтади”, деди. Сўнг чиқиб кетди.

Малоҳат олдинига қўрққан эди. Ахир қанчадан бери мактабда дарс бермади. Бунинг устига, доимий руҳий босим остида бўлганди. Шунинг учун у “дарс ўтолмасам нима қиламан?” деб ўйлаганди. Бироқ бу ердаги болалар шаҳардагилардан анча фарқ қилишаркан. Дарс мобайнида тўс-тўполон йўқ. Телефон ўйнаб ўтириш йўқ. У гапираяпти, улар қулоқ солишаяпти. “Бунча яхши булар? Тезда тил топишиб оламан”, дея кўнглидан ўтказди Малоҳат.

Биринчи дарсни у ҳеч қандай ортиқча хаёлларга берилмасдан ўтказди. Ҳатто бу синф унга ёқиб қолди. Болалар оз. Синфда ўн бештагина ўқувчи ўтирибди. Яна битта қиз бола бор экан. У келмабди. Бунча оз ўқувчига дарс бериш ўқитувчига ҳам ёқади-да. Тошкентда камида қирқта бола бўларди. Арининг уяси эди. Бирини тинчитсанг, иккинчиси шовқинни бошлаб юборарди. Яна уларнинг ҳаммаси ўз ҳуқуқини жуда яхши биларди. Шунинг учун бир нимани талаб қилишга ҳам қўрқардинг. Бу ердагилар…

У иккинчи дарснинг ярмини ўтганидан сўнг, эридан хавотир ола бошлади. Бир ўзи қолди. Ташқарида битта қўриқчи. Қўриқчими, бошқами, билиб бўлмайди. Улар ҳар куни ўзгаришади. Бир кун қўриқчилик қилгани орадан икки ой ўтиб яна бир келиши мумкин. Бу сафаргиси йўғон бўйин ва катта бошли экан. Бўй-бастини Малоҳат кўрмади. Чунки у машинада ўтирган эди… Юраги сиқилаверди. Тезроқ дарси тугаса-ю, уйига югурса, эрини соғ-саломат кўрса… Аксига олиб, вақт дегани ҳам имиллашга тушди…

У юрак сиқилишидан қутулиш учун кўпроқ ўқувчиларни ўринларидан турғазар, улардан дарсга алоқаси йўқ нарсаларни ҳам сўрайверарди… Шу билан амаллаб эринчоқлик қилаётган вақтни ўтказиб олди. Сўнг кетишга шайланди. Аммо у билан директорнинг кўришгиси келиб қолибди.

— Сиз асли қаҳрамон аёлсиз, — деди унга директор, — чунки жуда катта олим, ижодкор билан бирга яшашнинг ўзи бўлмайди. Эшитишимга қараганда, катта олимларнинг инжиқликлари ҳам шунга яраша бўларкан.

— Билмадим, — дея унга жавоб қилди Малоҳат, — шу пайтгача менга билинмаган эди.

— Чунки уйда ўтирмаган бўлса керак-да.

— Ҳа. Энди илмий ишлари кўп эди, — деб Малоҳат секингина билагидаги кичкина, эри бир пайтлар совға қилган оппоққина соатга қараб қўйди. Кейин бирдан кўнгли бузилди. “Бунинг мақсади нима? Нега менинг эртароқ уйга боришимни истамаяпти? Агар эримга бирор нима бўлса, ўз қўлим билан энг аввал мана шу директорни, Жамила Позилжоновнани бўғизлайман”, дея хаёлидан ўтказди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: