Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (117-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (117-қисм)

Малоҳатга биров эътибор бермади. У машинадан тушиши билан ичкарига югурди. Ҳаммаёқда эркаклар. Бирорта ҳам аёл кўринмайди. Аслида, Фазлиддиннинг синглиси бор. У ўчоқ бошида…

— Бўлди! Ҳаммаси тугади. Ҳозироқ бу ердан тўғри укангникига кетасан. Агар битта занғар келиб сенинг тинчингни бузадиган бўлса, мен ўзим у билан гаплашаман. Тамом! — дея бақирди Абдуалим бобо.

Малоҳат эрини кўрди. Эри амакисининг ёнида. Юраги хотиржам тортди. Кейин нималарнидир англагандай бўлди-да, уйдан чиқиб кетди.

— Гап бундай, — деди Абдурашид мулла. — қишлоқнинг катта-кичик йигитлари ҳозир шу ерда. Ҳамма нарсани оламиз-да, Баҳодирникига ўтамиз.

Ўша куни Баҳодир уйида эмас эди. Тегирмонга кетганди. У фақат Қозоғистондан келтирилган унни емайди. Унга тегирмон унини қўшиб ейди. Илгаридан шундай бўлиб қолган… У юз берган воқеаларни уйига қайтаётганида ҳамқишлоқларидан эшитди. Шу боис Малоҳатдан ҳам кейин келди. Келди-ю, Абдуалим бободан иккита тарсаки еди. «Мен-ку, қариганман, бир оёғим ерда бўлса, биттаси гўрда. Сен қаерда юрибсан? Сениям шунчалик юрагингни олиб қўйишганмиди?! Ҳеч қурса, ярим оқшом келиб, бирор нима ташлаб кетсанг, ўлармидинг?» дея бақирди бобо.

Фазлиддин яшаб турган уйда нимаики унга тегишли бўлса, ҳаммаси йиғиштириб олинди. Тўғри Баҳодирникига олиб кетилди. Шу ёқда ҳамқишлоқлардан бири қўй етаклаб келиб, Фазлиддиннинг оёқлари остига сўйди. Ана ундан кейин маҳалла оқсоқоли қишлоқнинг ёш йигитларини йиғди. У фермер. Унинг ери кўп. Унинг обрўси баланд… Қишлоқда унинг айтгани — айтган, дегани — деган. У Фазлиддиндан ўрнак олишга тиришиб келади. Шунинг учун ҳам обрў топган. Агар ери юз гектар бўлса, ўшандан олинадиган фойданинг тенг ярмини қишлоққа ишлатади…

— Ҳар куни тўрт кишидан навбатчи бўлиб турасизлар. Кимки бегона бўлса, Фазлиддин акани сўраб келса, хабарини дарров менга етказинглар. Ўша одамни бироз гапга солиб, ушлаб туринглар. Зинҳор уруш-жанжал чиқарманглар, — деди.

Албатта, бегона одамдан мурод қўриқчилар эди. Бошқачасига қўриқчилар унинг гапини олмасликлари кундай равшан. Қолаверса, Абдуалим бобо қўриқчилар бошлиғининг шахсан ўзи билан гаплашиш учун туман марказига отланиб турибди… Бундан кўра ўша бошлиқ бу ёққа келса, кўпчиликка рўбарў бўлса бошқача-да.

Натижа икки соатдан кейин бўлди. Қишлоқнинг бошида йўл четида турган йигитлар қўнғироқ қилишди. «Қўриқчи машинасида ўтиб кетди. Тўхта, дедик, тўхтамади», дейишди.

Шу заҳоти фермер ҳам машинасини ўт олдириб, Баҳодирнинг уйидаги оқсоқолларни олиб йўлга тушди.

Улар қўриқчининг қаршисидан чиқишди. Машинани йўлга кўндаланг қўйишди. Қўриқчи мажбур тўхтаб, машинадан тушди. Кейин булар ҳам тушишди. Қўриқчи одоб билан салом берди.

— Қаерга боряпсан? — деб ундан сўради Абдуалим бобо.

— Постга, — дея жавоб берди қўриқчи чолларга бир-бир қараб чиқаркан.

— Боришингнинг ҳожати йўқ. Энди қўриқлайдиган одаминг у ёқда эмас, — деди Абдуалим бобо мумкин қадар юмшоқ гапиришга уриниб.

— Қаерда? — деди ранги оқарган қўриқчи.

— Уни биз у ёқдан олиб кетдик. Бошлиғингга шундай деб айт. Ўзи келсин. Ўзи билан гаплашадиган гапларимиз бор…

Қўриқчи қараса, ёш-яланглар ҳам аста-секин йиғилишяпти. Ичига ғулғула тушди.

— Майли, — деди, — ҳозир мен, бўлмаса, бир катталарга қўнғироқ қилай. Менинг қўлимдан бир нима келмайди. Мен ҳам фақат буйруқ бажарувчиман. Менга нима дейишса, шуни қиламан.

У шу гапларни айтгач, бироз нарига кетди. Дарров бошлиғига қўнғироқ қилди. Вазиятни тушунтирди. Гапининг охирида «сизнинг ўзингизни сўрашяпти», деб айтди.

— Сен туриб тур, тортишма. Ўзим бораман, — деб бошлиқ телефонини ўчирди.

— Ҳозир келаркан, — деди қўриқчи йигит ва машинасига ўтирди.

Бошлиқ кўп куттирмади. Дарров келди. Бир ўзи келмабди. Ёнига ёрдамчисини олибди. Кейин ҳар эҳтимолга қарши, йигитларидан саккизтасини шерик қилибди.

Уни энг аввал Абдуалим бобо кутиб олди. Бошлиқ билан кўришди.

— Нима гап, отам? — сўради бошлиқ.

— Менга қара, сенларда инсоф деган нарса борми? Ҳатто турмада ўтирганларгаям уч маҳал овқат беришади. Иссиғини, совуғини, шароитини қилиб қўйишади. Сенлар бўлсанглар менинг битта укамни, мана неча ойдирки, устидан куласанлар. Унинг ейишга бир бурда нониям қолмабди. Қишлоқнинг одамларини бўлса, киргизмасдан қўриқчи қўйибсизлар! Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл-да. Аввало, мени Худо урган экан. Сенларнинг бир оғиз гапларингга дамим ичимга тушиб, укамнинг хор-зор бўлиб, шундай замонда ўлишини томоша қилиб ўтирибман. Менга қара, шундай жойда ўзинг бир кун у ёқда турсин, бир соат ўтирармидинг?..

— Ота, бизга буйруқ бўлган…

— Буйруғингни қўйиб тур. Гап бундай: мана, мен қаршингда турибман. Пешонамдан отиб ташла. Розиман. Қишлоқдан бирортаси ҳам қаршилик қилмайди. Ана ундан кейин билганларингни қилаверинглар…

— Йўқ, — деди Баҳодир, — акамни энди шунчаки бериб қўймаймиз. Ҳар нима бўлгандаям…

Бошлиқ қараса, аҳвол чатоқ. Катта жанжалнинг ҳиди келиб турибди.

— Эй-й, сизлар нима десаларингиз, шу. Мен сизларнинг қандай одам эканликларингизни яхши биламан. Фақат битта шарти бор. Домла қишлоқдан ҳеч қаерга чиқмайди. Лекин қишлоқда кимникига боради, ким билан гаплашади — ўзининг ихтиёри. Келишдикми? Очиғини айтаман. Мен ҳамма масъулиятни ўзимнинг зиммамга олиб айтяпман. Мениям тўғри тушунинглар. Менинг ихтиёрим ўзимдамас. Бу қилган ишим учун ҳали жавоб ҳам бераман, — деди у.

Абдуалим бобо, Баҳодир, умуман, ҳамма шунга рози бўлди. «Ундай бўлса, майли», дейишди.

— Энди рухсат берсаларингиз, домла билан бир гаплашиб олсам. Ҳар қалай, унгаям тайинлайдиган нарсаларим бор.

«Хўп», дейишди яна одамлар.

У Фазлиддин билан учрашди. Уни мақтади.

— Ҳурматингиз нақадар баландлигини олдиндан билардим. Аммо мен жар ёқасига келиб қолдим. Боя қарасам, одамларнинг шашти бошқача, шунинг учун: «Қишлоқдан чиқмайди. Аммо уйидан чиқиб, ҳар кимникига бориб келаверади», дедим. Лекин бу айтганимга анави ёқдагилар кўнишмайди. Ўзимнинг калламни олишади. Агар мени яшасин, десангиз, қишлоқнинг одамлари билан ўзингиз гаплашсангиз. Мен, майли, сизнинг ёнингизга қариндош-уруғингиз, бошқаларнинг келиб-кетишларини ташкиллаштириб бераман. Аммо, жоним акам, илтимос, шу ёқда ўтирмасангиз бўлмайди. Мен сизга яна каравот-паравотларниям ташкил қилиб бераман. Умуман, қўйинг-чи, ҳамма шароитни қилдириб бераман. Ейиш-ичишингиздаям муаммо бўлмайди… Тўғрисини айтганда, шу айтганларимга кўнмасангиз, сизни бошқа ёққа олиб кетишлари, бундан баттар кўйга солишлариям ҳеч гапмас. Муроса қилайлик, — деди.

— Хавотир олманг, ўртоқ бошлиқ. Мен ҳаммасига тушунтираман, — дея уни хотиржам қилди Фазлиддин.

Аслини олганда, у ерда ҳеч қанақанги кузатув камераси йўқ экан. Спутник орқали назорат, дегани ҳам бекор экан. Энди кимнидир ёки кимларнидир қўрқитиб қўйиш керак эди-да. Шундай амал бажарилди.

Буни бошлиқ ишхонасига келганидан кейин билди. Сабаби биров унга қўнғироқ қилмади, «Нега анави олим домла талтайиб юрибди?» демади. «Ўзи мениям, йигитларниям жонига тегиб кетганди. Бўшаштирамиз, енгиллаштирамиз», дея кўнглидан ўтказди ҳамда ёрдамчисини чақириб, унга: «Бундан бу ёғига анави домлани кузатиш номига бўлсин. Шунчаки ҳисоботга киритиб қўяверинглар. Аммо бу гапни мен сенга айтмадим. Худди шундай сен ҳам йигитларга айтмагансан. Уқдингми?» деди. «Хўп», деди ёрдамчи ва унинг айтганини бажарди.

Фазлиддиннинг уйига ҳамма бемалол келиб кетаверди. Ҳатто қишлоқнинг одамлари бир кунда унинг уйига пол қилиб беришди. Акфа эшик-ром ўрнатишди… Лекин Фазлиддин уйидан чиқмасди. Сўз берди. «Уятга қўймайман», деди. Энди ўша сўзида туриши керак. Тамом-вассалом. Бўлмаса, қишлоғининг одамлари ҳар куни навбатма-навбат уйларига меҳмонга чақиришади. Бироқ у бормайди. «Нима бўлса, шу ерга келтириб бераверинглар, мен бировни ноқулай аҳволга сололмайман», деди.

Орадан бир ойча вақт ўтди. Ҳамма шунга кўникиб улгурди. Бу ёғи кунлар исиб, томорқага ишлайдиган пайт ҳам келди. Фазлиддин енг шимариб ишга киришди. Аввал эл қатори картошка экди. Ишни соғинган экан. Эрта тонгдан кечгача ер чопди. Маза қилди. Айниқса, пешонасининг терини артиб, кесак устида ўтирганида, Малоҳатнинг чой дамлаб келгани, унинг қўлидан чой ичгани ўзгача роҳат берарди унга…

Ҳаш-паш дегунча ҳовли чиройли бўлди. Экинлар, таралган узум шохлари, кичкинагина ўрикнинг гуллагани каби манзаралар одамга шунчаки бошқача кайфият берарди. «Шу билан қора кунлар ортда қолганга ўхшайди. Бундан бу ёғига менинг ҳаётимга ҳам қайтадан баҳор кириб келсайди… Ўзи, аслида, қишлоқдан кетмасам бўларкан, шунча терлаб-пишиб ўқиганларим, тунларни бедор ўтказганларим, сиқилганларим, изланганларим, елиб-югурганларим қишлоқдаги бир кунга тўғри келмас экан», дея кўнглидан ўтказарди у.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: