Ана холос! Россия қўшинлари Нигердаги АҚШ базасига кириб жойлашиб олди!..
“Reuters” агентлиги хабар беришича, Россия ҳарбийлари АҚШ ҳарбийлари мавжуд бўлган Нигердаги Америка ҳаво базасида ўз жойларини эгаллади. Унга кўра, Россиялик аскарлар базада алоҳида бинога жойлашган ва Америка ҳарбийлари бу базадан энди фойдалана олмасликларини айтган. Пентагон Россия ҳарбий кучларининг АҚШ аскарлари билан битта базада жойлашганлигини тасдиқлаган.
Бу воқеа Нигер ҳукуматининг Америка армиясини мамлакатдан олиб чиқиш бўйича талаблари ортидан юз берган. Март ойида АҚШ Нигер ҳукуматини Эронга уран конларига кириш имкониятини беришга алоқадор келишув тайёрлаганликда айблаганди.
Россиялик мутахассислар Нигер армиясини тайёргарликдан ўтказиш ишларини бошлаган. Нигер давлат телевидениеси эса Россиянинг Ил-76 самолётининг келишини намойиш қилган, бу Россия ва Нигер етакчилари ўртасида март ойида бўлган учрашувдан кейинги ҳодиса ҳисобланади.
Тhe Hill нашри Америка аскарларининг Нигердан олиб чиқилиши минтақадаги АҚШнинг ролини заифлаштириши ва Россия, Эрон ҳамда Хитой каби давлатларнинг Африкадаги таъсирини кучайтириши мумкинлигини қайд этган. Россия Мали, Буркина-Фасо, Ливия ва Марказий Африка Республикаси билан яқин алоқа ва хавфсизлик келишувларига эга эканлиги ҳам тилга олинган.
Нигерда жойлашган мингдан ортиқ америкалик аскарлар терроризмга қарши операцияларда қатнашган ва маҳаллий кучлар билан ҳамкорликда мамлакатда хавфсизликни таъминлаш ишларини олиб борган. Ўтган йили Нигерда рўй берган ҳарбий тўнтаришдан кейин Нигер ҳукумати Америка аскарларини олиб чиқиб кетишни талаб қилган ва Америка ҳукумати бу талабни бажаришга рози бўлган эди.