Аста-секин жамиятда пулдор бойларга нисбатан нафрат шаклланиб боряпти!

Аста-секин жамиятда пулдор бойларга нисбатан нафрат шаклланиб боряпти!

Чамамда, бойлар ноҳалол усулларда, жамоат манфаатига зарар етказиб, пулларини ўғирлаб, бизнесини юритиш учун амалдан фойдаланаётганини одамлар тушуниб етди.
Масалан, йўл қурилишига ажратилган катта пулни ўзлаштирган мансабдорни ким яхши кўради?
Монопол тадбиркорни ҳалол бизнесмен деб бўладими?
Болалар майдончаларига уй қуриб сотаётган тадбиркорни ким десак бўлади?
Мансабдорлар кейинги ўттиз йилда минглаб гектар ўрмонларни кесиб сотиб юборишди. Буларни ким деб ҳисоблаймиз?
Бундан ўн йиллар илгари тайёр болалар боғчаси, тайёр мактаб биноларини бузиб сотган мансабдорларни ўз кўзим билан кўрганман.
Нега мансабдор ва бойнинг юрагида ўзи туғилиб улғайган ватанга заррача муҳаббат йўқ, ўзи мансуб халқни ҳурмат қилмайди?
Нега мансабдорларимиз илм-маърифатдан йироқ?
Биламизки, Чўлпон, Фитрат, Ф. Хўжаев ва бошқа жадидлар бойнинг, савдогарнинг фарзанди эди, яъни элитага мансуб эди. Мана шу элита бойлигини, ақл кучини, қалб қўрини илм-маърифатга, миллатни уйғотишга сарфлади.
Қисқа айтсак, йигирманчи йиллар ўзбек элитаси ватанпарвар ва халқпарвар эди.
Аммо ҳозирги бойларда ватан ва халққа муҳаббат асло сезилмайди, қурғурлар бутун борлиғи билан ҳашамга ботган.
Ҳолбуки, мамлакатнинг юксак илми, бебаҳо санъати, маърифатини яратувчилар бой тоифалар ҳисобланади. Ана, тарихни кўринг, илм-маърифат ва санъат яратувчиларнинг бари элита вакилларидир.
Ҳозирги элита “ҳирсу ҳавас хирмони”ни “обод” қиляпти.
Бойлигимизни катта бир кийикка ўхшатсак, нопок тадбиркорлар, порахўр амалдорлар ҳудди чиябўрилар каби бу кийикни ҳар томондан тишлаб тириклайин еяпти.
То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
Раҳимжон Раҳмат.
Мубашшир Аҳмад саҳифасидан олинди.
Дўстларингизга ҳам юборинг: