Эрон футболчилари ЖЧга 168 рақамли нишон билан борди. Бу нимани англатади?!

Эрон футболчилари ЖЧга 168 рақамли нишон билан борди. Бу нимани англатади?!

Футбол бўйича Эрон миллий терма жамоаси аъзолари жаҳон чемпионати ўтаётган Мексиканинг Тихуана шаҳрига 168 рақами акс этган кўкрак нишони таққан ҳолда келди. Бу АҚШ ҳужуми оқибатида Эроннинг Миноб туманидаги мактабда ҳалок бўлган 168 нафар ўқувчининг хотирасига ҳурмат рамзи саналади.

 

Эроннинг Венгриядаги элчихонаси ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида кўкрак нишони Миноб фожиасини ёдга солишига ишора қилган.

 

Маълумот ўрнида: Миноб туманидаги «Шажарайи Тоййиба» мактаби АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаган 28 февраль куни бомбардимон қилинган эди. Айни дарс вақти уюштирилган ҳужум оқибатида 160 дан зиёд ўқувчи ва ўқитувчилар ҳалок бўлган, мактаб биноси эса бутунлай вайрон бўлган.

 

ЮНЕСКО ҳодисани халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши деб қоралаган.

 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк мактаб бомбаланиши оқибатида ўқувчилар ҳалок бўлиши ҳолатини тезкорлик билан, холис ва ҳаққоний тарзда тафтиш этишни талаб қилган.

 

Reuters агентлиги Эрондаги мактабга берилган зарба ортида АҚШ тургани ҳақида хабар берган.

 

Amnesty International ташкилоти ҳам «Шажарайи Тоййиба» мактаби бомбаланиши оқибатида бегуноҳ инсонлар ўлдирилиши учун жавобгарлик АҚШ зиммасида деб баёнот берган.

 

Халқаро ташкилот хулосасига кўра, асосан болалар ўлимига олиб келган ҳужумда Қўшма Штатлар ҳарбийлари Tomahawk ракетасидан фойдаланган.

 

«Ушбу ҳодиса Америка қўшини ҳужум уюштиришда тинч аҳоли вакилларига зарар етмаслиги учун керакли чораларни кўриш қобилиятидан маҳрум эканини кўрсатади ва бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий равишда бузилишидир», – деб ҳисоблайди халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

 

Эрон вакиллари Миноб фожиасига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишга уриниб келмоқда. Жумладан, мамлакатнинг футбол бўйича терма жамоаси Нигерия билан ўртоқлик учрашуви арафасида мактаб халтасини (рюкзак) ушлаган ҳолда давлат мадҳиясини ижро этган, Коста-Рика билан баҳс олдидан эса ҳалок бўлган ўқувчиларнинг суратини намойиш қилган эди.

 

Туркия матбуоти хабар беришича, Исроил расмийлари, хусусан, Кнессет спикери ўринбосари Саймон Дэвидсон Эрон терма жамоаси аъзоларининг 168 рақами акс этган кўкрак нишони таққани важидан ФИФА раҳбариятига шикоят қилган.

 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли уруш бошлангани ортидан Эрон миллий терма жамоасининг АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтаётган жаҳон чемпионатида қатнашиши савол остида қолган эди.

 

АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Паоло Замполли ЖЧ-2026да қатнашиш учун Эрон ўрнига Италия терма жамоасини тиқиштиришга урингани маълум.

 

ФИФА президенти Жанни Инфантино эса Яқин Шарқдаги кескин вазиятга қарамай, Эрон терма жамоаси жаҳон чемпионатида қатнашиши шартлигини айтган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: