Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Яна худди аввалгидай жўмракни очиб, совуқ сувни жилдиратиб оқизиб қўйди. Ана ундан кейин тилининг «занжири»ни бўшатиб юборди.

— Тўғрисини айтсам, уриб ўлдириб қўяман, деб боргандим. Қўйнимга ханжар солволдим. Унча-мунча нарсани ёпди-ёпди қилиб юбориш қўлимдан келади. Ўхшатолмасам, сал юқоридагиларга айтаман, тинчитиб юборишади. Шунинг учун қўрқмайман. Хуллас, бордим. Ярамаснинг бирдан ранги оқарди. Важоҳатим бошқача бўлса керак-да. Кўришар-кўришмас қўлини кўксига қўйди. «Тайёрлаб қўйгандим. Бугун олиб бориб бераман, деб тургандим. Яхши ўзингиз келиб қолдингиз», дедию, кириб пулини олиб чиқиб берди. Шундан кейин шаштимдан тушдим-да, қайтиб келдим. Уйда санаб кўрсам, тўппа-тўғри. Ишонасанми, афсусландим. У менинг пулимдан фойдаланган-ку, тўғрими? — дея менга тикилди Одил.

— Билмадим, — дея елка қисдим.

— Фойдаланган. Аниқ. Демак, пулимнинг фоизини бериши керак.

— Қўйсанг-чи! Битта телефон билан битирган ишинг учун йигирма минг «кўки»га эга чиқиб турибсан, — дедим норози бўлиб.

— Сен тушунмайсан, оғайни. Менга қара, гап бундай. Йигирма минг пулим бир ой унда турдими? Турди. Демак, шу пулга у нимадир олган, кейин сотган, фойда кўрган. Чўнтаги қаппайган. Мен эса бу ёқда диққинафас бўлиб ўтирибман…

— Судхўрлик қилмоқчимисан? — дея унинг гапини бўлдим.

— Менга қара, — деди Одил кўрсаткич бармоғини ҳавода ўйнатиб, — сен билган нарсалардан минг марта кўпроқ нарсаларни биламан. Судхўрликка кирмайди бу нарса. Қайтанга унга зиён тушяпти. Чунки менинг пулимни мендан рухсатсиз ишлатган.

— Хўп, нима қилмоқчисан?

— Йигирма мингнинг ўн фоизи икки минг бўлади. Бундан чиқди, у менга яна икки минг қарз. Аммо мен қарзни олмайман. Балки, бизнесига шерикликка ўтаман. Қарабсанки, ҳар ойда товар айланмасидан ўн фоиздан олиб тураман. Мен сенга айтсам, ортиқча пул ҳеч қачон тешиб чиқмайди. Қалай?

— Яхмалай! Билганингни қил. Лекин бунақанги нарсалар ҳеч қачон менинг қўлимдан келмайди. Келган тақдирида ҳам қилмайман! — деб ўрнимдан турдим.

— Қаерга бормоқчисан? Ўтир. Гап бор.

Энсамни қотирдим-у, кетишга чоғландим.

— Кеча келиб, бугун бурнинг кўтарилиб қолибдими? — деди Одил.

Мен шу заҳоти юришдан тўхтадим ва унинг юзига қарадим.

— Биринчидан, — деди Одил стол устида турган тутатқи қутисидан бир донасини олиб бармоқлари орасида юмшоққина эзғилар экан, — сен менинг итоатимдасан. Кечасими, кундузими, шундай.

Этим музлаб кетди. Мен бунинг итоатида. Ҳар куни-я. Ҳаммани қон қақшатиб юрганлардан биттасининг, а?!

— Иккинчидан-чи? — дедим унга еб қўйгудек тикилиб.

— Иккинчидан, аввалги ҳаётингни буткул унут. Қолганини йўл-йўлакай ўзинг тушуниб оласан.

Одил пиёлани ичкиликка тўлдирди. Сўнг қўлига олиб менга узатаркан деди:

— Агар мана шуни олмасанг, менинг хаёлим бузилади.

— Кимларнинг қаторига қўшмоқчи бўляпсан? — дедим баттар ғазабим жўш уриб.

Очиғи, шу туришида уни бир мушт билан бемалол «жойи»ни солиб қўяман. Лекин ўзимни босяпман. Босишга мажбур бўляпман. Бу ярамас менинг мана шу ожизлигимдан фойдаланяпти.

— Кимларни ўйлаётган бўлсанг, худди шуларни, — дея хиринглади у.

Ўтирдим. Қўлидагини олдим. Кўзимни чирт юмиб ютиб юбордим.

Шундан кейин Одил иккаламизнинг орамизга совуқлик тушди. Мени кўргани кўзим бўлмай қолди унинг. Аммо қаерга бормасин, Одилнинг ёнида туришим керак ва яна кўрсатмаларини бажараман. Хўжайин йўқ. Дом-дараксиз. Шу-шу, Дубайга кетгани бўйича қайтмади. Эшитишимга қараганда, катта-катта ишлар қилаётган эмиш. Тўплаган бойликлари, қурган иморатлари қониқтирмабди. Дубайдан Ригага кетганмиш. Қандайдир дарё ирмоғининг бўйида уй қураётганмиш. Даҳшатмиш. Мен эса қон бўляпман. Чўнтак аллақачон қуриб қолган. Чиқиб, мардикорчилик қилиб бир-икки сўм топай десам, бунинг ҳам имкони йўқ. Эрталаб машина келади, олиб кетади. Тутуриқсиздан-тутуриқсиз жойларга. Энди мен учун шундай-да. Бошқаларга даҳшат. Маишат қилишади.

Бугун ҳам қоғозчилар ёнидан келяпмиз. Россияга помидор-бодринг олиб боришаркан-да, қайтаётганларида қоғоз олиб келишаркан. Бундай ўйлаб қарасангиз, зўр пул қилишаркан. Бордик. Одил, мен ва яна Сергей исмли рус йигит. Одил фирма директорининг олдига икки варақ қоғоз — шартнома ташлади. «Ўттиз миллион ўтказиб берасан», деди. Директор бечора сариқ одам экан, ранги бўздай оқарди. Кейин иккала юзи ҳам шолғом тусини олди.

— Нега? — деди лаби пирпираб.

— Керак. Яна савол берсанг, қирқ миллионга айланади. Шунда ҳам сенга бир дунё пул қолади.

— Меҳнатим…

— Меҳнатингни пишириб е! Қирқ миллион, тамом! Мен боргунимча, ҳисоб рақамда кўринсин. Йўқса, кечгача текширув келади. Эшитдик, икки қаватли уй қурибсан. Менинг ниятим ана шу уйда бир умр тинч яшашинг.

Одил бошқа гапирмади. Бармоқларини қайириб, қирсиллатиб қўйди-да, бизга «кетдик» ишорасини қилди.

Машинага ўтирганимиздан сўнг Одил мақтанди.

— Директор оёғи куйган товуқдай типирчилашни бошлади. Камбағал бўлиб қолмайди. Ҳисобини кўрдим, уч юз миллион турибди. Яна шунча пулни иккиламчи ҳисоб рақамга ўтказган. Шу маънода мен оз сўрадим. Ўрнимда бошқа бўлганида ҳамма пулини олиб қўярди.

— Ҳа, шунча пулнинг ҳаммасини чўнтакка урмас, — дедим ва одатдагидай ғазабимни ичимга ютиб.

— Уролмайди. Мол сотиб олади. Кейин бошқа майда-чуйда харажатлари бор. Энг асосийси, хоми бор. Ўша хоми кўриниш бериб қолса, оёғи осмондан бўлиб кетади.

— Қаерда экан ўша хоми? — дедим йўлдан кўзимни узмай.

— Мен қаёқдан билай? Лекин аниқ бир жойда ишкал қилган. Чунки иш бор жойда, албатта, хато бўлади, мен сенга айтсам… Кавла-кавлачилар тўртта ҳужжатини кўриши билан шилтасини топишади, — дея у секин ортига бурилиб, менга юзланди-да, бошини қашлади. — Нега ўзи сенга бу гапларни айтяпман, ҳайронман?

— Билмадим?..

— Шу гапни тўғри айтдинг. Чунки билишинг учун ҳали кўп қовун пишиғи бор. Айтганча, қарз чўзилиб кетдими?

— Қанақа қарз? — дея пешонамни тириштирдим.

— Ўзингни гўлликка соляпсанми? Икки юз минг сўм. Энди эслагандирсан?!

Биров бошимга болта билан ургандай бўлди. Шу заҳоти кўзларим чарақлади.

— Ҳозирча йўқ, — дедим бошқа жавоб тополмаганимдан.

— Ана шундан бошланади-да, ука. «Ҳисобли дўст айрилмас», дейдилар.

— Менга сен пул бераётганлигингни айтишмаганди.

— Шунинг учун ҳам муддат қўймадим. Фоизи ҳам йўқ. Аммо бу умуман бермасам ҳам бўлаверади, дегани эмас.

— Қўлимга пул тушиши билан емасам емайман, сенинг қарзимни тўлайман. Бир сўм бўлса, бир сўмлай, икки сўм бўлса, икки сўмлай.

— Бекор айтибсиз, Дуржи қилиб олиб, чавақлаб топширасизми? Индамаса, елкага чиқадиган шаштинг бор.

— Бўлди гап йўқ. Айтганча, менга Акмал деган йигит ўша пулни берганмиди?

— Бу ёғи ўзингнинг муаммонг. Ким сенга берган, бермаган…

— Бўлди, ўша Акмални чақириб эзиб-эзиб оламан. Бировнинг пулини менга ойлигинг ёки ойлигингдан аванс, деб беришга нима ҳақи бор унинг?!

Шу гапимдан кейин Одилнинг уни ўчди.

Иккимиз баравар машинадан тушдик. Иккимиз йўлакка олдинма-кейин кирдик. У ҳам миқ этмади, мен ҳам. Уйда роса ичим эзилди. Унинг гаплари хаёлимдан сира кетай демасди. Бир неча марта деворни муштладим. «Одам шунақа ҳам пасткаш бўладими? Бор-йўғи икки юз минг сўм-а! Агар каттароқ бўлганида уриб, бошимни ёрармиди? Айтганча, дори-дормон омборхонасидаги маошимни олганим йўқ-ку ҳали. Самандар акага қўнғироқ қиламан. Ҳозир, ҳозир», дея телефонимни титкилай бошлаганимда эшик тақиллади.

— Ким?! — дедим жаҳл билан.

— Оч.

Одилнинг овози. Ўзи шундан бўлак ким ҳам менинг эшигимни тақиллатарди. Падарқусур қарзини сўраб келган бўлса керак, дея гурсиллатиб қадам ташлаганча бориб, эшикни очдим.

Одил иржайиб турибди.

— Нима гап? — дедим унга қарашга-да нафратланиб.

— Юр, томоғимдан овқат ўтмаяпти. Биргалашиб…

— Яна қарзга ботишни истамайман! — дея шу заҳоти унинг гапини бўлдим. Ҳолбуки, итдай оч эдим.

— Хафа бўлма, бошқа нарсаларни ҳам келишиб оламиз, — деди у ва ортига бурилиб кетди.

Бир хаёл бормасамми дедим. Аммо отам «Биров бир жойга чақирдими, албатта, бор. Фақат ўғирлик, ғарликка эмас», деганди. Ноилож йўлакка чиқиб, ортидан эшикни қулфладим. Ана шу ерда дарров руҳимни кўтардим. Баҳонада қорнимни тўйғазиб оламан. Ҳароммас. Чунки таклиф қилди. Унинг қайси йўл билан пул топгани менга қоронғи. Лекин… «Ўғрининг молини сотиб олма, шерик бўлиб қоласан», дейишган. Шунинг билан бирга сира имкони бўлмаса, чўчқа гўштидан нафсинг қониқиш топгунича ейишинг мумкин, дейилган. Айни пайтда роса очман. Кеча кечки пайтдан бери туз тотмаганман. Ҳатто хаёлимда бироз бошим айлангандай. Демак, бориб Одилнинг овқатидан ўлиб қолмаслик учун есам ҳаром бўлмайди», дея кўнглимдан ўтказдим.

Одил ёлғиз эмас, шериги бор экан. Улфатчилик авжида. Столнинг устидаги лаганда қарийб йигирма сих кабоб. Ликопчаларда помидор-бодринг. Чой дамланган. Тўртта жиззали нон. Анави зормандадан ҳам бир эмас, иккита турибди.

Мен эшикдан кирдиму, сўлагимни қулт этказиб ютдим. Меҳмон кафтларини бир-бирига уриб ишқалади.

— Нима деган гап бу? Битта нуфузли идорада ишласанглар, иккаланг ҳам бўйдоқ бўлсанг, бировинг у уйда, бошқанг бу уйда ўтирибсан?! Қани, Жасурбек, марҳамат, — дея у менга ўтириш учун стул кўрсатди.

Аввало, меҳмон билан қўл бериб кўришдим. Кейин ўтирдим.

— Менинг исмим Содиқ, — дея меҳмон ўзини таништирди. Қолганини эса Одил давом этказди.

— Жасур, Содиқ акам сен билан менинг тўғридан-тўғри хўжайинимиз бўлади.

— Сен тўғрингда, — деб Содиқ ака қўлини сочиқчага арта бошлади, — яхши гаплар эшитдим. Одил оёғингни ерга теккизмай мақтади.

— Бу бўлса, мендан хафа бўлиб юрибди, — дея кулди Одил.

— Энди Одил, сен ҳам ошириб юборгансан-да. Хуллас, сен синовда эдинг. Турли йўллар билан синаб кўрдик. Бўласан. Озгина тарбия берсак, камчиликларинг йўқолиб кетади. Энди шашликдан ол. Тўхта, — деб Содиқ Одилга юзланди. — Ярамас, қуй, иштаҳасини оч. Шу пайтгача бўғиб келгансан, энди оч.

Ичилди. Ейилди роса. У ёғи қаҳқаҳа. Ўзиям Содиқ аканинг билмаган латифаси йўқ экан. Мутлақо кийимсиз, теша тегмаганларидан айтди. Биз Одил иккаламиз буралиб қолдик. Унинг ўзи эса қилт этмади. Бор-йўғи оппоқ тишини кўрсатиб иржайди, холос.

Ярим тунда тарқалишдик. Содиқ ака оёғида зўрға кетди. Шу ҳолида машина ҳайдамоқчи эди. Одил иккимиз қўймадик. Кейин Одил укаларидан биттасини ҳайдовчиликка чақирди.

— Манави сенга, — деди Одил меҳмонни кузатганимиздан сўнг бир даста «кўки»дан узатиб.

Мен кулиб:

— Олмайман, — дедим. — Бир умр қулинг бўлишни истамайман. Анави икки юз мингингни қандай қайтараман, деб бошим қотиб юрибди ўзи.

— Аҳмоқ. Содиқ ака сенга синовда эдинг, деди-ку. Мен чўнтагимдан бераётганим йўқ. Кассир сенга бериб қўйишимни илтимос қилганди. Эртага идорага бориб, қўл қўйиб келасан. Мен, — дея Одил кўрсаткич бармоғини бурнимга теккизди, — сен ўйлаган одамлардан эмасман. Мен эркакман. Эркаклигимча ўлиб кетаман.

Унинг қўлидан пулни олдим. Чунки «қаҳрамонлик»нинг вақти эмас. Ноз қилишга ҳақим йўқ. Бунинг устига Одил «Ойлик маошинг», деб турибди. Оламан-да. Уфф, ишқилиб, эртага кечга пулни қайтар, деб турмасайди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: