Тбилисидаги намойишчиларга қарши репрессияга алоқадорларга санкциялар қўлланилади – Жеймс О’Брайен
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жеймс О’Брайен Тбилисидаги матбуот анжуманида қабул қилинган “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун Европа Иттифоқи ва НАТО меъёрларига зид равишда ҳозирги шаклида қолса, Қўшма Штатлар кўп миллион долларлик ёрдам дастурларини қайта кўриб чиқишини айтди.
О’Брайен, шунингдек, намойишчиларга қарши репрессияга алоқадорларга ва Грузия ҳукуматига қарши санкциялар қўлланилишидан огоҳлантирди.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Вашингтон Тбилисига ҳарбий, иқтисодий, давлат институтларини ривожлантириш соҳаларида кўп миллионлик ёрдам кўрсатаётганини эслатди.
«Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси бошчилигида Грузия ўз конституциясига Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш мақсадларини қайд этган. Шунинг учун Тбилисининг Ғарбдаги ҳамкорлари томонидан Европа Иттифоқи ва НАТОнинг демократик стандартларига риоя қилишга чақирувлари ҳеч қандай мажбурлаш ёки мамлакат ишларига аралашиш эмас», — дея таъкидлади О’Брайен.
“Грузия орзуси” раҳбариятининг таъкидлашича, партия Европа интеграцияси ғоясига содиқ қолади, “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисидаги” қонун грузин муҳолифати ва европалик сиёсатчилар айтаётганидек Европа Иттифоқининг демократик тамойилларига зид эмас.