Актриса Фотима Воҳидова: “Жуда кўп фильмларда “хунуксан” деб кастингдан ўтказишмаган…” (видео)
“Анора” фильмидаги роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Фотима Воҳидова “Дарё”нинг YouTube’даги каналига берган интервьюсида кино оламига қандай кириб келгани ва ташқи кўриниши сабаб кўп ролларга тасдиқланмагани ҳақида гапирди.
— Болалигимдан Юлдуз Усмоновага ҳавас қилиб келаман, Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқийман, дердим. Мактаб тадбирларининг бирида машҳур санъаткорлар даврасида қўшиқ куйлаб қолдим. Улар орасида Мурод Ражабов ҳам бор эди. Табиатан жуда шўх қиз эдим, устозларга ҳам Консерваторияга киришни хоҳлашимни айтдим. Шунда Мурод Ражабов мусиқадан, ноталардан хабарим бор-йўқлиги ҳақида сўраб, актёрлик соҳасидан кетишимни маслаҳат берди. Устознинг маслаҳати билан 11-синфни тугатиб, дадам билан Тошкентга келдик.
Ўзбекистон санъат ва маданият университетига ўқишга кирдим. Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизовнинг актёрлик курсига қабул қилиндим. Аввалига “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” каби сериалларда кичик эпизод ролларни ўйнаб юрдим. Бир куни Мурод Ражабов институт йўлагида кўриб, фильм суратга олаётгани ҳақида айтиб, кастингга боришимни айтди. Ишонсангиз, боргим келмади, сабаби чиройли актрисалар кўп эди, барибир қабул қилишмайди, деб ўйладим. Лекин устознинг раъйларини қайтармай кастингга бориб, қўшиқ куйлаб бердим. Кастингда чиройли актрисалар иштирок этганди, ролга тасдиқланишимга ишонмадим. Аммо бир ҳафтадан кейин ролга тасдиқланганимни айтишди. “Мени тасдиқлашмаган, шунчаки ҳазиллашишди”, деб бир ҳафтагача ишонқирамай юрдим. Мурод Ражабов Аноранинг кийимларини бериб, уйимдан суратга олиш майдончасигача шу либосда келишимни тайинлади. Аввалига уялдим, бир-икки марта ўз кийимимда келиб кейин яшириниб эски кийимларни кийиб олганимни билиб, жуда қаттиқ уришиб берди. Кейин шу ҳолатда уйдан чиқиб кетавердим. Йўлда одамлар раҳми келиб қарашарди ва шунда Анорани ҳис қилардим. Мана энди устоз тўғри қилганларини тушуниб келяпман. Битта фильмда рол ижро этган бўлсам ҳам Обид Юнусов, Клара Жалилова, Рихси Иброҳимова, Мурод Ражабов каби кўплаб устоз санъаткорлар билан ишлаш бахти насиб этди, — дейди Фотима Воҳидова.
Актриса суратга олиш жараёнида журналистларнинг гапидан ранжигани ва икки кунга “йўқолиб” қолганини эслади.
— Суратга олиш жараёнида кадрда чиройли кўринай деб озгина пардоз қилиб олардим, устозга бу ёқмай юзимни ювдирарди. Бир куни съёмка жараёнида журналистлар келиб: “Бош роль ижрочисини кўрмоқчимиз”, дейишган. “Мурод ака “Мана шу қиз Анора” деганида журналистлар ҳайрон бўлиб қарашганди. Ҳатто ҳайрон бўлиб “Бошқа актриса йўқмиди?” дейишган. Чунки мен пардозсиз, эски кийимларда, бошимда қалпоқ билан қўрқибгина ўтирган эдим-да. Шу гапдан кейин тасвирга олиш майдончасидан қочиб кетганман, нақ икки кун топишолмаганди. Майли мен розиман, бошқа чиройли қиз топинглар деб турганимда, йўқ, “Анора” чиройли қиз ҳақида эмас, у қалби гўзал етим қиз ҳақида, биз сенинг қалбингни кўрсатиб беришимиз керак, деб юпатганди.
Устоз мени “Темир хотин”ни ўйнаган Дилором Қамбаровага ўхшатарди. “Мана у ҳам чиройли эмас, лекин одамлар унинг юрагини кўзи орқали кўриб ҳис қилишган. Актриса чиройли бўлиши шарт эмас, унинг юраги ишлаши керак” деб ўргатарди. Ундан кейин ҳам жуда кўп фильмлар кастингига бордим, лекин хунуксан деб қабул қилишмади. Профессионал актрисалар қолиб, бу соҳадан хабари йўқлар юқорига ўтиб кетиши мени жуда хафа қилган. Мен билган жуда кўп маҳоратли актёр-актрисалар театрда қолиб кетишди. Билмадим, кинода бу масала ҳозир қандай. Мендан нега киноларда кўринмайсиз, деб кўп сўрашарди, нима деб жавоб қайтаришни билмай қолардим. Шу билан театрда ва бошқа соҳаларда ўзимни синаб кўра бошладим, — дейди Фотима Воҳидова.