Халқаро суд прокурори нега Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер сўраётганини тушунтирди
БМТ Халқаро суди прокурори Карим Аҳмад Хон суддан Исроил ва ҲАМАС раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрагани юзасидан изоҳ берди.
Хон Британиянинг The Times нашрига берган интервьюсида айтишича, Исроил – ҳуқуқий-демократик давлат, шу сабабли у ҲАМАС билан тенг эмас. Исроил ўзини ҳимоя қилиш ва гаровга олинганларни қайтариш ҳуқуқига эга, лекин уруш жиноятлари ёки инсониятга қарши жиноятларни содир этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Халқаро суд прокурори инглизлар террор ҳужумларига жавоб чораси сифатида Шимолий Ирландия пойтахтини бомбаламаганини эслатди.
«Ирландлар Буюк Британия бош вазири Маргарет Тетчерга суиқасд уюштиришга уринган, Британия парламенти депутати Айри Неаве ва лорд Маунтбаттен бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Аммо инглизлар: “Белфастда радикал ирланд гуруҳи аъзолари бўлиши мумкин, шунинг учун шаҳарга 2000 фунтлик бомба ташлайлик” дейишмаган. Урушни бунақа олиб бориш мумкин эмас. Агар халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш шундай бўлса, Женева конвенцияси бефойда», — дея таъкидлади Хон.