Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (6-қисм)
Эртаси куни пешиндан кейин душман томонда саросима бошланди. Унгача Обиднинг юраги роса сиқилганди. Ахир бу пайтгача ўғли манзилга етган бўлиши ва ҳужумга ўтиши керак эди. Бироқ жимжитлик ҳукм сурарди…
Танклар жойларидан қимирлади. Ҳарбий қисмнинг иккита дарвозаси бор эди. Бири бу томонга қараган, иккинчиси қарама-қарши томонда эди. Наригиси очилди. Обид шундан билдики, «ўйин» бошланган.
* * *
Аббос очиқ турган компьютерининг қаршисига бориб ўтирди ва экранда юздан ортиқ кичик ҳажмли дронларни кўрди. Бу дронлар ҳарбийларга яқинда тарқатилган эди. Яъни ҳужум пайти синонлар аскари бориш мумкин бўлмаган жойга дуч келиб қолса, душман унга бош кўтаргани қўймаса, кабутардан кичикроқ дронини учиради. Дрон «кўрган»ларини «эга»сига жўнатиш билан бирга, буйруққа сўзсиз итоат этиб, қайсидир бир бурчакда кўринмасдан хавф солиб турган рақибга ўзини уради ва портлаб кетади. Натижада «камикадзе» дрон билан бирга душман ҳам йўқ қилинади…
Ҳозир ана шу дронлар учирилганди. Улардан саккизтаси айнан Аббос турган жойга қанот қоқиб келишаётганди. Аббос уларни компьютер орқали тутиб олди. Олдинига бир жойда тўхтатиб қўйди. Илло, бошқа ёққа кетганлар «хизмат доираси»дан қочмаслиги керак эди.
— Ана энди, жуда қадрли бўлган «камикадзе»лар, изларингга қайтинглар, эгаларингни бир хурсанд қилинглар, — деб Аббос «старт»ни босди. Дронлар изларига қайтди. Шубҳасиз, улар учирганларнинг «экран»ларидан йўқолганди. Синон ҳарбийлари ҳайратланиб бир-бирларига қарашган:
— Нима бўляпти ўзи? Қаёққа йўқолиб қолишди?! Бўлиши мумкин эмас! Ҳамма нарса аниқ-тиниқ ҳисоб-китоб қилинганди-ку, — дейишаётганди.
Ана шундай бир пайтда ҳаммаёқни гумбурлаган овозлар тутиб кетди. Ҳар сафар «камикадзе» дрон ўз эгасининг «қучоғи»га отилганда, деразалар чил-чил синар, ҳеч нарсага тушунмай турган ҳарбийлар портлаб кетишарди.
Аббос тўртта дронни тутиб қолди. Илло, улар қўмондонлик биноси учун «совға» эди.
Аббос биринчи дронни манзил сари учирди. Компьютер экранида тутаётган бинолар, чўзилиб ётган душман аскарлари кўринди.
— Бизникиларни аёвсиз қирганларинг эсларингдами? Сенлар ўшалар учун жавоб берасанлар. Мен эса сенларни йўқ қилганим учун ҳисоб бераман, — дея пичирлади Аббос ва шу заҳоти унинг хаёлига Дер Ясин қишлоғида қириб ташланган 254 аёл ва гўдаклар келди. — Уларнинг гуноҳлари нима эди? Сенларнинг динларингда бўлмаганлари, юзларини яшириб юрганлари ёки ор-номусни мустаҳкам тутганларими?!
Унинг ғазаби янада жунбишга келди. Дронни қўмондонлик биноси томонга учирди.
Бино сариқ рангга бўялган, уч қаватли эди. Қорин қўйган, қошлари қайрилган, бўйнидаги бўйинбоғи тақилмаган, сочи тўзғиган қўмондон телефонда гаплашаётганди. У уйқудан яқинда турганди. Сабаби, қисмга келган ёш аскар билан тунда роса шакаргуфторлик қилди. Олдинига обдан тортди. Сўнг унга қўнғироқ бўлди. «Ўртоқ қўмондон, сиз орқада қолиб кетяпсиз, шахсий намуна кўрсатишингиз зарур. Океан ортидаги қариндошларимиз талаб қилишяпти. Ёрқин ранглилар «иши» сизда секинлашиб кетди. Ҳамма идоралар, ҳарбий қисмлар биринчи навбатда ўрнак бўлмоқликлари зарур. Дунё бизнинг ортимиздан юриши шарт дейишди», деди марказдагилар. Қўмондон: «Менинг ёшим ўтиб қолди. Дорилардан кўп фойдаланган эканман, ҳозир ҳеч вақога ярамаяпман», деди. Шунда унга: «Сизнинг ярашингиз шарт эмас, ярайдиганини чақиринг-да, у билан шакаргуфторлик қилинг», дейишди.
Буйруқ — буйруқ. Уни бажариш шарт. У янги келганлар рўйхатига қаради. Биттасини танлади ва уни чақирди. Бола ёмон экан. Қўмондонга умуман уйқу бермади…
Ҳозир қўмондон ҳаммаёқ портлаб кетганлигини, аскарлари қирилганини ва беш-олти ҳарбийдан бўлак тирик зот қолмаганини бақириб айтаётганди… Шунда унинг кўзи Аббоснинг бошқарувида бўлган дронга тушди.
— Ўлдим! Ўлдим!!! — дея жони борича эшик томонга югурди. Аммо икки қадам ҳам ташлашга улгурмади. Илло, дрон ҳужумга ўтган эди.
Қўмондоннинг хонаси гумбурлаб кетди. Деразадан оловнинг тили ташқарига отилиб чиқди. Қўмондон иккига бўлинди. Руҳи учиб кетди.
Тирик қолган ҳарбийлар ҳам шу бинода эдилар. Фақат пастки қаватда…
Улар ташқарига қочишди ва Аббоснинг кейинги дронига дуч келиб, портлаб кетишди.
Аббос қолган дронларни портлатиб юбормади. Уларни ўзи томонга учирди ва дронларни ёнгинасига қўндирди. Аммо Аббоснинг хаёлига бирдан бошқа нарса келди.
«Ахир «Спутник» бор. «Спутник» сунъий йўлдоши бирпасда Аббоснинг тепасига келиши, уни тутиши, керакли жойга маълумот бериши мумкин. У ёғи эса жуда осон. Битта снаряд ва Аббос йўқ…»
У яна компьютерга ёпишди. Тепадан келаётган тўлқинларни бирма-бир кузата бошлади. Тўлқинлар тутаб ётган ҳарбий қисмга йўналтирилганди…
— Худога шукр, улгурдим, — деди ўзига ўзи Аббос ва компьютер тўлқинини узиб қўйганидан сўнг милтиғидан дурбинни ечиб олди-да, ҳозиргина ўзи ер билан битта қилган, ёниб, тутаб ётган ҳарбий казармани бирма-бир кўздан кечира бошлади. Бирорта ҳам тирик зоғ кўринмасди…
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Осмонни вертолётлар босиб кетди. Уларни санаб адоғига етиб бўлмасди. Гарчи оралиқ масофа икки километр бўлса-да, вертолётлар моторининг вариллашини Аббос олдинроқ эшитди ва дарров ниқобланди. Энди уни тепадан туриб пайқаб бўлмасди. Ер шағал аралаш қум, у ер-бу ерда саҳро ўсимликлари ўсган, шулардан бирининг ёнгинасида Аббос ётибди.
У компьютер орқали вертолётларни «тутиш»га уринди. Чунки унда ҳар қандай тўлқин тарқатадиган жисмни ушлаш дастури бор-да. Ана шу дастур ёрдамида дронларни ерпарчин қилиб ташлади-ку.
Тўртта вертолёт Аббоснинг тўлқин тутиш доирасига кириб келди. Аббос шошди ва ҳар тўрталасининг бошқарув тизимини ишдан чиқариб, двигателини ўчириб қўйди. Вертолётлар шу заҳоти мувозанатини йўқотиб, ерга қулаб тушди ва портлаб кетди. Ҳавога қуюқ қоп-қора тутун кўтарилди.
Аббос ҳар бир душманни йўқ қилганида, ҳар бир қурилманинг кулини кўкка совурганида ич-ичидан эзиларди, ўзига сиғмай кетарди. Бироқ шу заҳоти синонлар уюштирган хунрезликлар хаёлига келарди: аёллар, болаларнинг нурсиз кўзлари, жонсиз таналарнинг кўчаларда сочилиб ётишлари, қўли ёки оёғидан айрилиб, бутун вужудини овозга айлантириб бақираётган шўрликларнинг аянчли юзлари кўз олдида гавдаланарди. Кийимлари йиртиқ, тўзиган сочларини тупроқ босган қизалоқнинг шайтонсифат синон ҳарбийлари ёнига бориб: «Мен сенларнинг ҳаммаларингни Худога айтиб бераман!» деган гаплари қулоғининг остида жаранглайверарди. Бундан Аббос баттар жунбишга келар, одамни эмас, қандайдир махлуқларни ўлдираётгандай тасаввур қиларди ўзини.
— Шундай бўлишини истаб келгандинглар, мана, ниятларингга етдинглар!.. — дея бақирди у…
Аббос олтита вертолётни қўлдан чиқариб қўйди. Қуюқ тутунда кўрмай қолди уларни. Экранда бор эди лаънатилар. Аббос анавиларни қулатиш билан овора бўлганида, у занғарлар қўнишга улгурибди. Энди уларнинг моторларини ишдан чиқаришнинг фойдаси йўқ. Энди қолган ишларни қилиш керак.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.