Мамлакатда юк ташиш учун рухсатнома бланкаларини бериш E-Permit тизими доирасида тўлиқ электрон шаклга ўтказилди
Қозоғистон Республикаси билан “учинчи давлатга/дан” юк ташиш учун рухсатнома бланкаларини бериш E-Permit тизими доирасида тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилмоқда.
Автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари учун рухсатнома бланкаларини бериш жараёнини соддалаштириш, миллий ташувчилар учун ҳар томонлама қулай шароитларни яратиш, тизимни рақамлаштириш орқали ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида Қозоғистон Республикаси билан “учинчи давлатга/дан” рухсатнома бланкалари тақсимланувчи бланкалар туридан чиқарилиб, миллий ташувчиларга уларнинг аризаси асосида фақатгина электрон шаклда берилиши бошланди.
Шу ўринда халқаро юк ташувлари фаолияти билан шуғулланувчи корхона раҳбарларига эслатиб ўтилмоқда:
– ушбу турдаги рухсатнома бланкасини олиш учун ариза берилганда ҳақиқатдан юк ортилган автотранспорт воситасини кўрсатинг;
– юк ортилмаган ва айни дамда эҳтиёж мавжуд бўлмаган тақдирда ариза беришдан тийилинг (сизни қўлингизда ишлатилмасдан турган рухсатнома бланкаси бошқа ҳамкасбингиз учун ҳақиқатдан зарур бўлиши мумкин);
– битта юк автотранспорт воситаси учун олинган рухсатнома бланкаси ҳақиқатдан ишлатилмагунга қадар электрон тизим айнан ушбу транспорт воситасига қайта рухсатнома тақдим этмайди;
– рухсатнома бланкасини олиш учун аризани шахсий кабинетингиз орқали исталган манзилдан беришингиз мумкин;
– хорижий/кўп томонлама рухсатнома бланкаларидан фойдаланиш талабларига қатъий амал қилинг.